Таниш-билишчилик “Агентлиги”
“Даракчи” газетасининг 2020 йил 16 январь сонида ёритилган фельетонимиз
Сизда қизиқиш уйғотса, ниятимизга эришган бўлардик. Уни дадиллик билан ёритган мазкур таҳририят жамоасига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз. Эзгу ниятимиз: шояд коррупция балоси барҳам топиб, ҳақиқий истеъдодли ва иқтидорли ўғил-қизларимиз олий ўқув юртларида ўқиб, етук кадрлар бўлиб етишсалар, дейди Дониш домла умид билан.
Бу норасмий “Агентлик” қишлоғимизда пайдо бўлганига 20 йилдан ошди.
Ўйчи ўйига етгунича таваккалчи ишини битиради, деганлари шу бўлса керак. “Мафтунингман” фильмидан ўзимча сабоқ олиб, биз ҳам элимиз орасидан шундоқ истеъдодли ёшларни излаб топсак, қанча соҳалар гуллаб-яшнаб кетарди, деб ўйлаб юрардим. Кўп қишлоқларда футбол ўйнаётган болалар орасида шунақа тўпурарларни кўрганманки, нақ Пеленинг ўзгинаси, дейсиз! Пойтахтга олиб келиб тарбияласанг, ўша афсонавий футболчидан ҳам ўтиб кетиши ҳеч гапмас!..
Қишлоғимизда Илҳом деган жўрам бўларди. Атрофимизда қанча машина бўлса, ҳаммасининг давлат рақами ва ҳайдовчисини ёддан биларда. Ҳатто кўплаб ғилдиракларнинг изидан қанақа машина ўтганигача айтиб берарди. Шу жўрамни йўл-патруль хизматига ишга олишса борми, кўчанинг Шерлок Холмси бўларди-да.
Бир шоҳмотчи болакайни кўрганман. Дунёга довруқ солган Карпов билан Каспаровнинг ҳамма ўйини ўйнаб кўрсатарди. Унинг қобилияти Алёхинникидан қолишмасди.
Кўп қишлоқ тўйларида машҳур ҳофизларнинг қўшиқларини (салгина лоф-қофи билан айтганда) ўзларидан ҳам жозибалироқ қилиб ижро этаётган сеҳрли овоз соҳибларига тан берганман.
Ижодни биздан ҳам қойил қиладиган чинакам истеъдодли ёшларни ҳар бир қишлоқ, маҳалла ва мактабдан топсак бўлади!
Минг бора афсуски, ана шу истеъдодли ёшларнинг аксарияти қишлоқларда қолиб кетди… Улар шаҳарга йўл топиб келолмайди. Келганлари ҳам олий ўқув юртларига (ҳатто, медколлежга ўхшаш сердаромадроқ даргоҳларга) қабулдаги қинғирликларни кўриб, ҳафсаласи пир бўлиб кетаверган…
Биз ҳам ўша фильмдаги Наби Раҳимовга ўхшаб истеъдодларни излаб топсак ҳаммаёқ гуллаб кетаркан, деб ўйлаб ўйимизга етгунимизча бошқалар аллақачон ишини қойил қилиб юрганини пайқамабмиз… Яъни, одамларни шилиб олишга устаси фаранглар, учига чиққан коррупционерлар ўзларига яраша пулдорларни топиш “механизми”ни йўлга қўйиб олишибди. Улар қишлоқда гўё “Агентлик” ташкил этиб олишган экан. Бу “Агентлик” агентлари бадавлатроқ кишиларнинг ҳисоб-китобини олиб юришаркан. Фарзандлари мактабни битирмасидан уйларига бориб “йўл-йўриқ” кўрсатар экан. Қайси ўқишга қанча билан киритиши, бюджетга ёки контракка қанча бўлишигача аниқ айтишаркан. Ўша олий ўқув юртининг дипломи билан қайси идораларда ишлаши мумкинлигигача тушунтиришаркан. Масалан, журналистлик дипломи билан бемалол мелисада, ҳокимликларда ва бошқа нуфузли ташкилотларда ишлаб юрганларни мисол қилиб кўрсатар экан.
Бир олий ўқув юртига ўқитувчи бўлиб ишга ўтганимда бу гаплардан хабар топиб, ёқамни ушлаб қолдим.
– Мактабни аъло баҳолар билан тамомлаётган иқтидорлилар таниш-билиш ахтармайди. Ўз кучига ишонади,– дейди бир қишлоқ муаллими.– Афсуски, у ўз билими билан 120 балл тўпласа, устамонлар таниш-билишчилик қилганларнинг балини 160 дан ошириб қўйишнинг уддасидан чиқаверади. Қарабсизки, билимсиз бойваччанинг ошиғи олчи, иқтидорли ёшлар ҳафсаласи пир бўлиб кетаверади.
– Тест жорий этилганида “Агентлик”нинг иши яна юришиб кетди,– дейди бир кишининг фиғони фалакка етиб.– Улар тестнинг тайёр жавобини топиб келиб, репитеторларни қаторлаштириб ташлашди. Улар умуман билим бермайди, фақат, қанақа савол тушса, қайси ҳарфни белгилашни айтиб, ёдлатарди. Кейин… энг юқори балл билан ўқишга кирганлар ҳам чаласавод бўлиб юраверади…
– Яна бир қизиқ гап айтайми,– деб қолди қишлоғимиз оқсоқоли.– Катта-катта пора билан ўқишга кирган талабалар ҳам “клент” излаб келадиган бўлишди…
– Тушунмадим…
– Уларни ўқишга киргизиб қўйганлар “сизлар ҳам ўзларингга ўхшаганларни топиб келсаларинг, доля оласизлар, сарфлаган харажатларингдан кўпроқ ишлаб топасизлар” деб юборишаркан. Кейин улар ўқиш ўрнига бойваччаларни ахтариб юришаркан…
Бу гап бошимга гурзи билан урилгандек бўлди. Дарсга кирмайдиган кўплаб талабалар қаерда, нима номаъқулчилик қилиб юришганини билиб олдим! Демак, дарс ўтаётган ўқитувчида “прогулчилар кўпайишида” заррача айб йўқ…
Биттаси менга ҳам ғалати савол берди:
– Ўзинг ўқишга қанча билан киргиза оласан?
Бунақа ишлар мутлақо қўлимдан келмаслигини айтсам, бир чапанироқ киши нима дейди, денг:
– Ўзингни фаришта қилиб кўрсатсанг, шалвираб юраверасан. Биз “пул бегона бўлмасин” демоқчимиз. Қўшни қишлоқда неча йилдан бери Шукурали шипананинг ошиғи олчи. Бухородан Тошкентгача любой ўқишга киргизиб қўяди. Ўзиям, қасрдек уй қурди, катта шаҳарларда “дом”лар олиб қўйганини ҳамма билади! Ўн иккита енгил машинани ижарага бериб қўйган, ўзи сўнгги русумдаги энг чиройлисини миниб юради. Шипана қишлоқда яшаб шунчалик бойликка кўмилиб яшайди, сен ўша ўқишнинг ичида юрибсан-ку… Даврингни сурмайсанми?
– Университет домлалари унақа иш билан шуғулланмайди,– дедим ҳар бир ҳамкасбимни бирма-бир кўз олдимдан ўтказиб.
Бунга жавобан адабиёт муаллимимиз ўзича нишонга урди:
– Муқумий жуда топиб ёзганда:
“Кўрганда сўфи кундуз,
Оқшом қарочи ҳожим…”
Ўшанда баъзи ҳамқишлоқларимнинг гапидан ўзимча ранжиб кетаверибман…
Оқибатини кўриб, юрагимиз зада бўлиб юрибмиз. Сўнгги 20 йил мобайнида ўқишни тамомлаганларнинг қанчаси дипломини бир четга улоқтириб, чет элларга иш ахтариб кетишди… Юртимизда иш йўқлигидан эмас, ўзлари истамаган ўқишда ҳеч нарсага эришолмай, тузукроқ мутахассис бўлолмаганидан кейин, ахийри, бошқа иш топиб кетишган, вассалом… Брак – кимга керак, деганларидек, ўқишни истамаган болани минг ўқитманг, барибир, мутахассис бўлолмайди. Агар унинг ҳам қалбига қулоқ солсангиз, ҳайдовчиликми, қурувчиликми, дурадгорликми, ишқилиб, қайсидир касбга қизиқиши аниқ. Ўзга юртларда улар ўзлари истаган ўша ишларни қилиб кун кечришаётгани бор гап!..
Иқтидори-ю истеъдоди қишлоқларда сўниб кетган ёшларга ачинасан киши. Таниш-билишчилик “Агентлиги”ни ана шу орзулари хазон бўлган ёшларнинг уволи тутсин, дея ҳайқиргинг келади…
Қинғирликларнинг ҳам поёни, рўзи маҳшар куни бор экан. Мамлакатимизда авж олаётган коррупцияга қарши кураш таниш-билишчилик “Агентлиги”га барҳам беришига ишонамиз. Энди бунақаларга томошабин бўлиб ўтирган ҳам номард!
Шу тариқа ўйлаб ўйимизга етдик! Ҳечдан кўра кеч бўлса-да “Мафтунингман” фильмидан сабоқ олиб, халқ ичига қучоқ очиб боришимиз, ҳақиқий истеъдодли ёшларни излаб топишимиз ва уларни шаҳарларга олиб келишимиз зарур. Токи, олий ўқув юртларимиз шундай иқтидорли ёшлар билан тўлса, самараси, меваси шунга яраша бўлаверади!
Тўлқин ЭШБЕК
“Даракчи” газетасининг 2020 йил 16 январь сонидан олинди.
Сўнгги фикрлар