Карантин кунларида (Туркум)

Таниқли шоир Бахтиёр Раббимқул Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон

Миллий университети Журналистика факультетининг фахрига айланган. У ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Журфакнинг сиртқи бўлимида таҳсил олган. Бахтини ҳамкурси, севимли адибамиз Ойниса Пардаева (Бобонова) билан бирга яратган бахтиёр оилага ҳвас қилса арзийди. Элпарвар адиба Ойниса Бобонова айни пайтда Олимазор туманидаги Шифокорлар шаҳарчаси Жийдали маҳалласи раиси сифатида кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда.

Қуйида севимли шоиримизнинг туркум шеърларидан эътиборингизга ҳавола этамиз.

БахтиБобон

1. ДАЪВАТ

Эй элдош, бесабр бўлмасанг бунча,

Уйда ўлтирмоқлик шунча қийинми?!

Карантин дегани ёки сенингча,

Ёш болалар ўйлаб топган ўйинми?!

Алҳазар, шум вирус башар ҳаётин

Буткул исканжага солиб турганда,

Кўзи оч газанда қамчилаб отин

Биз томонларга ҳам йўлин бурганда;

Довдираб қолганда, бутун Заминга

Ҳукмини ўтказган юрт раҳбарлари, —

Ўзини йўқотиб қўймади минбаъд

Жон диёримизнинг оқил сарвари!

Кўриб турибсан-ку, эй азиз элдош,

У уйқудан кечиб ҳафталаб-ойлаб,

Халқин ардоқлаган чин Инсонга хос

Жон куйдирмоқдадир бизларни ўйлаб:

Адашасан, мардлар фақат урушда

Билинади дея ўйласанг агар;

Минглаб мард докторни, тожли вирусга

Зарба бермоқ учун этмиш сафарбар!

Кимдир, охирзамон бўлгандай, қоплаб

Егулик ташиса ўз ошёнига, —

Улар ора кирар, умидсиз боққан

Неча-неча оғир бемор жонига!

Кўраётгандирсан, нелар бўлганин,

Зўрлигин пеш қилган мамлакатларда?!

Қойил қол, туну кун гузар-йўлларни

Назоратга олган азаматларга!

Ҳолбуки, посбону шифокорлар ҳам

Сену менга ўхшаш одам, элдошим;

Уларни ҳам интиқ кутишар ҳар дам

Ота-оналари, умр йўлдоши…

Эй элдош, бесабр бўлмасанг бунча,

Уйда ўлтирмоқлик шунча қийинми?!

Карантин дегани ёки сенингча,

Ёш болалалар ўйлаб топган ўйинми?!

Фойдаланиб, уйда қолган пайтингдан,

Болаларинг одоб-саводин кузат;

Эпласанг, тинмай сув томчилайдиган,

Ҳув ошхонангдаги жўмракни тузат!

Эҳтимол, уззукун берилиб ишга,

Бўлмагандир, китоб ўқишга вақтинг?!

Бой бермагин, элнинг оғзига тушган

Асарларни ўқиш имкониятин!

Ана, қўнғироқ қил, вақт топиб бироз

Хабар ололмаган ўз хешларингга;

Лек таассуб қилма, ит ёки хўроз

Уриштириб юрган танишларингга!

Вазият танглигин илмай назарга

Кўчада тентимоқ мавриди эмас;

Ўзию ўзгалар умрин хатарга

Қўймагай, бирор-бир ақли расо кас!

Ҳазрат Сулаймоннинг бағри ўртаниб

Тушиб қолганида мушкул аҳволга, —

Ўз узугидаги: “Бу ҳам ўтади!”

Деган доно битик бераркан далда!

Инчунин, бормикин ушбу оламда

Ўтиб кетмайдиган савдониг ўзи?!

Бежиз берилмаган, ахир, одамга

Умид бахш этгувчи сабот ва тўзим!

Мард сарваримизниг ёниқ қалб ила

Имзолаган ҳар бир Фармони ҳаққи,

Тадбиркор аҳлининг азиз халқига

Сидқи дилдан берган ёрдами ҳаққи;

Келган бало боис, гўзал Наврўзниг

Татимаган, қўшиқ-куйлари ҳаққи,

Бир-бирига интиқ не қаро кўзнинг

Бир қадар кечиккан тўйлари ҳаққи, —

Ўзини шуЮртнинг бир фарзандиман

Деган ҳар инсоннинг айни шу асно,

Карантин шартларин бирор бандига

Амал қилмасликка ҳаққи йўқ асло!

 

2.СИНОВ

Карантин шартларин

Жо айлаб дилга,

Синов муддатлари

Уйингдан жилма;

Оиланг сиҳатин

Ўйласанг,элдош,

Юртбошинг гапларин

Ҳеч икки қилма!

 

3.ДЎКОНДА

Қаҳатчилик эмас. Бунча

Жониқмасанг,

Наҳот, емак олиб шунча, —

Қониқмасанг?!

Ортинга боқ: ўнлаб одам

Кутар навбат, —

Қоларми деб, битта кулча

Бу оч касдан?!

 4. ФАРҚ

Бир ҳайдовчи, кечиб, даму

Ҳаловатдан, —

Толибларни бир савобга

Ташигайдир;

Бошқа бири, фойдаланиб

Танг ҳолатдан, —

Кира ҳақин тўрт баробар

Оширгайдир!

 5. “ТАДБИРКОР”

Ахлатзордан ниқоб тўплаб

Юрган киши,

Беорларча улардан наф

Кўрган киши,

Пул элингнинг соғлигидан

Азизми, айт,

Шум вирусни зимдан қўллаб

Турган киши?!

 6. МАНМАНГА ТАНБЕҲ

Наҳот элни ташвишлантирган

Дарднинг дахли бўлмаса сенга?!

Айт, сен қачон теран фикрлаб

Чек қўясан манманлигингга?!

Вирус тожин кўз-кўз қилганча

Ер юзини ўрамоқдадир,

Амалинг не, бойлигинг қанча

Демасдан, жон сўрамоқдадир!..

Дард чекканда дунё бир тандек,

Ҳамон қўймай каттазангликни, —

Осмонларни ушлаб тургандек

Қизғонасан битта аликни!

Ўзгалардан афзал бўлсанг гар,

Нега таққан ниқобинг бир хил,

Нега, менга юқмасин бу дард

Дея қилган хитобинг бир хил?!

Эҳтимол, беш қадам нарида

Вирус пойлаб турган дамда ҳам

Ва кучлиман дея, барингдан

Тинмай қаҳ-қаҳ урган дамда ҳам;

Қўлни қўлга бериб мардона

Унинг додин бермоқ ўрнига,

Жағ урасан такаббурона

Сен ҳаттоки турмай ўрнингдан!

Э, ҳайф сендек манман одамга

Гап уқмасанг кап-катта ёшда!

На илож, сен каби нодонга

Айтадиган гапим йўқ бошқа?!

 7. ФИДОКОРЛИК

О! Бекор кетмабди,

буюк Синонинг

Сизларга қолдирган

зўр ўгитлари:

Эй, тиб илмин

ёши улуғ

билимдонлари,

 

Бир сония бўлсин,

қўли қўлига

Тегмаётган

алп йигитлару

Елиб-югуришган

ҳамшира қизлар,

минг таъзим сизга!

Сиздаги бу мардлик,

фидокорликни

Билмасак,

очиғи,

зиёндир кўзга!

 

Ахир, сиз эмасми,

Ул машъум вирус

Уйни уй-

кўчани кўча демасдан,

Аёлни аёлу

кексани кекса,

Муштдай гўдакларни

гўдак демасдан,

Кутилмаган дамда

жойлашиб танга

азоб берганда, —

Кундузларни кундуз-

кечаларни эса

кеча демасдан,

Мен ҳам ҳордиқ олай

пича демасдан,

Оғир беморларга

умид берганлар?!

 

Бу махсус кийимда,

эй шифо аҳли,

Ўхшайсиз

довюрак

фазогирларга;

Гарчанд бу шарафли

икки касб-корнинг

Бўлмаса-да

бир-бирига

дахли,

Улар ўртасида

яқинлик бордир:

Ботир фазогирлар

биздан узоқда,

Кезса,

самотошлар

ичида яккаш,

Сиз вақтинча уйдан –

ота-она,

ўғил-қиздан узоқда

Масъулдирсиз

шум вирусни

мағлуб этмакка!

 

Бўш келманг!

Азалдан бу эл қаддини

Бука олмагандир

бирор-бир ўлат,

довул, зилзила,

Ёки қонсираган

зўр сув тошқини!..

Ҳамжиҳатлик бирла

этмиш бартараф,

Ўшал, мўр-малахдай

ёприлган, араб,

Қадим юнон

ҳамда

мўғил босқинин!

Ё ўт пуркаганда

ҳар тўрт тарафга

Ўшал, Гитлер деган

очкўз аждаҳо, —

Жасур шифокорлар

олдинги сафда

Шарафли бурчларин

этишган адо!

 

Зўр тўфон чоғида

улкан кемада

Навбатчилик қилган

денгизчилардек

Тушмай, саросима

ё ваҳимага,

Муолажа ҳамда

ширин сўз ила

Енгиллаштиргайсиз

беморлар дардин!

Кам бўлманг!

Эъзоз топгай дерлар,

инсоннинг марди,

Жангу жадалларда

ёвларни енгиб.

Шу жумладан:

ёрдамга муҳтож,

Икки оғиз ширин

каломга муҳтож

Умидвор беморнинг

кўз ёшин артиб,

Вужудин вирусдан

халос этганнинг

элпарварлигию

фидокорлиги

Оламшумул зафар

қучмоққа тенгдир!

Сиз бу оддий

ҳаёт ҳақиқатини

синов онлари

Исбот айладингиз,

эй, шифо аҳли,

Эй, юртнинг

камтарин

қаҳрамонлари!

 8. COYID 19 ЁКИ

АДАШГАН ҚИЗ

Қаро тунда изғиган шўх қиз,

Ой қаршингда мисоли чўри…

Бир машина, эй эси йўқ қиз,

Тўхтар, ёлғиз турганинг кўриб. –

Қоч!!! Номери: COYID 19

Бўлса, қуриб қолмасин шўринг!

 9. ВИРУСГА ЖАВОБИМ

Сен элимга келдинг қайдан

Ҳурпайтириб тожингни?!

Кет! Бари бир енголмайсан

Йигит тугул, чолини…

Тирик бўлса, сўраб кўргин,

Вирус, катта бобонгдан,

Бу элни мен жиловлайман

Деганларнинг ҳолини!

 10. КОРОНАВИРУС

Тинч Улан аҳлининг бўғзидан олган

Тожни эслатгувчи машъум вирусдан

Ўзинг асра дейди, инглизу олмон,

Ўзинг асра дейди, ўзбек ҳам, рус ҳам…

Қадри ошар давлат чегараларин,

Қаҳқаҳа тарк этар, вокзал-портларни;

Борди-келдилар ҳам чегараланиб,

Шуурда ҳушёрлик ҳисси ортади!

Бор ташвишларини чеккага суриб,

Айюҳаннос солар сайёра аҳли;

Гўёки шу бало келмасдан бурун

Эртакдаги каби яшашган бахтли?!

Кошкийди, заминда тинч ҳаёт қайнаб,

Бемаврид кетмаса бирор банда ҳам;

Ҳозир берадиган саволим, айнан

Сизга тегишлидир, қитмир бандалар!

Айтинг-чи, шу бало келмасдан бурун

Дунёда қирғинлар бўлмаганмиди?!

Ёшлигу кексалик гаштини суриб,

Бирор зот беажал ўлмаганмиди?!

Сизмасми,дегани деган деб, Ғарбнинг,

Андишали Шарқни менсимай, ҳурган,

Инсонлар лиқ тўла самолётларни

Ғоз ё ўрдак каби уриб туширган?!

Қувонинг, нияти бузуқ қотиллар! –

Топилди , сизларга яна бир ҳамкор;

То машғул экансиз жон олмоқ билан, —

Коронавирусдан не фарқингиз бор?!

Қайдадир, чивин ё чумолилардай

Очлик қийратганда минглаб болани, —

Милёнлаб долларни ўқ-дориларга

Ажратасиз, ҳўплаб кока-колани!

Вирус хуружи ва ўқлар садоси

Асли эгамасми битта маънога?!

Садпора Заминнинг устию ости

Айланмишдир, совуқ қуролхонага!..

Хоҳиши ижобат бўлиб башарнинг,

Иншооллоҳ, охир чекингай офат;

Аммоки, анави қитмир касларнинг

Тинч ўлтиришига борми кафолат?!

Қачон қон қўллари бўшар инсоннинг,

Бир-бирини пашша каби қиришдан?!

Энг аввало халос этайлик онгни

Шафқатсизлик деган хавфли вирусдан!

 

Бахтиёр РАББИМҚУЛ

2020

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *