ДУНЁ УЗРА ЖАРАНГЛАЁТГАН ТИЛ
21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кун
1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилиниб, она тилимизга давлат мақоми берилганидан, шу бебаҳо маънавий бойлигимиз аввало ўз юртимизда қадр топа бошлаганидан халқимиз қанчалик қувонган бўлса, юртимиз истиқлоли шарофати ила у жаҳон узра жаранглаётгани бугунги ёш авлод қалбида янада улканроқ ифтихор туйғусини жўш урдиради. Бугун ўзбек тилининг мавқеи жаҳонда ҳам ўзига яраша бўй кўрсатмоқда! Буни вақти-вақти билан турли мамлакатларда ўтказилаётган спорт мусобақалари, халқаро анжуманларда республикамиз мадҳияси ҳам жаранглаётганида яна бир бора дилдан ҳис этамиз.
Ахборот асрининг дастлабки йиллариданоқ Интернет тизими курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирган экан, бул маконда ўзбек тилининг ўзига яраша ўрни ҳамда мавқеи борлигини кўриб турибмиз. Интернет тизимидаги ўнлаб миллий сайтларимизда Ўзбекистон ҳаётига оид ранг-баранг мавзудаги хабарлар ҳозиржавоблик билан дунёга тарқатилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимиз ҳаётига оид муҳим хабарларни биз нафақат она тилимизда, шу билан бир қаторда рус, инглиз ва бошқа дунёвий тилларда ҳам ёритаётганимиз ахборот маконида янада кенгроқ ўрин эгаллашимизга хизмат қилади.
Дунёвий тилларни мукаммал эгаллаш учун аввало ўз она тилимизни табиий равишда чуқур билишимиз лозимлигини бугунги ёшларга тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак. Негаки, инсон ўз она тилида тафаккур қилади. Асрлар мобайнида буюк аждодларимиздан қолган тенгсиз маънавий меросимизни она тилимизда ўрганиб, уларнинг бутун моҳиятини теран англаб олишимиз лозим. Бу билан биз кимларнинг авлоди эканлигимизни яна бир бора дилдан ҳис этамиз. Бугун ҳам ўзбек тилида яратилаётган кўплаб беқиёс илмий, адабий, маънавий бойликларимиз мазмун-моҳиятини англаб етмасдан туриб кўзланган мақсадларимизга эришишимиз мушкул. Айтайлик, муҳтарам Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарининг мазмун-моҳиятини она тилимизда ўрганишимиз қалбларимизга она алласидек жо бўлмоқда. “Маълумки, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади,– деб ёзади муаллиф.– Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир”. Юртбошимиз ўз ўрнида буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Айтиш жоизки, собиқ мустабид тузуми давридаги нақадар мураккаб замонда йўқолмаган она тилимизнинг энди абадул-абад равнақ топиши, керак бўлса, дунё узра жаранглаб туришига юртимиз мустақиллиги, унинг адолатпарвар қонунлари энг ишончли кафолатдир. “Юксак маънавият – енгилмас куч” сингари бебаҳо асарлар ҳам она тилимиз ва у каби бебаҳо миллий қадриятларимизнинг янада ривож топиб, ижтимоий воқеликка айланиб бораверишига хизмат қилади.
Бир пайтлар миллатимиз шаънига ўзга тилларда айтилган бўҳтонларга, таъбир жоиз бўлса, ахборот хуружларига қарши муносиб жавоб бериш муаммо бўлгани, жўнгина қилиб айтганда, дардимиз ичимизда қолиб кетавергани ҳақида эшитганмиз, бу ҳақда қатор китобларда ҳам ёритилган. Бундай ахборот хуружлари бугун ҳам кам эмас. Бироқ, энди улар ҳеч қачон жавобсиз қолмайди. Она тилимиз билан бир қаторда рус, инглиз, немис, француз, испан ва бошқа халқаро тилларни мукаммал ўзлаштирар эканмиз, очиқ ахборот тизимлари, биринчи галда, интернет орқали уларга муносиб жавоб беришга ҳам қодирмиз. Айниқса, жаҳон ахборот маконида ўзбек журналистларининг овози ўзбек тили билан бир қаторда хорижий тилларда ҳам баралла жаранглаб туриши бизнинг улкан ютуғимиз, деб биламан.
Биз дунёвий тилларни аввало жаҳон маданий, адабий, маънавий хазинасидан бохабар бўлиб боришдек эзгу мақсадда ўрганмоқдамиз. Журналистика сирларини ўз она тилимизда ўзлаштириш билан бир қаторда хорижий тилларни ҳам пухта ўрганяпмиз. Дунёни ўз кўзи билан кўриб келаётган юзлаб талабаларимиз ўзбек ёшларининг ҳам ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигига амин бўлиб келишаётир.
Миллий қадриятларимиз қатори ҳар йили 21 октябрни – Тил байрами сифатида нишонлар эканмиз, она тилимиз мавқеи борган сари юксалиб бораётгани қалбларимизда ифтихор туйғусини янада жўш урдираверади.
Азиза УСМОНОВА,
магистр
Yuqoridagi maqola menga juda ham yoqdi, chunki bu maqolada shunchaki oddiy narsa to’g’risida emas, millatimizning g’ururi, shani ya’ni ona tilimiz to’g’risida oltinga teng fikrlar qayd etib o’tilganligi, bugungi kundagi tilimizning imkoniyatlari to’g’risida inkor etib bo’lmas fikrlar va g’oyalar imkon qadar kengroq yoritib berilgani yoqdi. Ayni ushbu kunda tilimizning bir qator davlatlarda o’z ahamiyati borligi ham bu juda bir quvonchli holdir. Qolaversa millatimizda milliyligimizni ma’naviy boyligi sifatida o’zbek tiliga Davlat tili maqomi berilib bu bir qator qonun hujjatlari va farmonlarda belgilab qo’yilgani ham bugungi kunda o’zbek tilining ahamiyati qay darajada yuksak ekanligidan dalolat beradi desam mubolag’a bo’lmaydi. Magistr opamiz Aziza Usmonovaga bu maqola uchun minnatdorchilik bildirib, ularning kelajakda o’zlari ko’zlagan marralarga yetishlariga tilakdoshman. KATTA RAHMAT.