«Yangiyo’l»ning yangi yo’llari

Журфак талабасининг таҳлили чаккимас, дейди Дониш домла бир пайтлар ўзи Тошкентда қолиб кетишига худди шу газета сабаб бўлганини эслаб…

ШКомил

***

Тошкент вилояти Янгийўл туманининг “Yangiyo`l” газетаси 1930 йил 7 мартдан чоп этила бошланган. Кўриниб турибдики, таҳририят кўп йиллик тажриба ва ўз анъаналарига эга. Газета айни пайтда А3 форматда, саккиз саҳифадан иборат бичимда чоп этилмоқда. Одатда тўртинчи, бешинчи саҳифалари ТВ дастурларига бағишланади. Ушбу нашрни кузатар эканмиз, “Долзарб мавзу”, “Нигоҳ”, “Огоҳлик — давр талаби” каби рукнлар остида огоҳликка чақирувчи бир қанча материаллар эълон қилинганидан кўнглимиз тўлди. Газетанинг 2015 йил 41-сонидан жой олган Жўрабек Жангировнинг “Темир ўйинчоқ”нинг нағмалари ёхуд менинг ҳам “Сотка”м бўлсайди” номли мақоласида уяли алоқа воситасининг салбий таъсири ҳақида батафсил мулоҳаза юритилган. Муаллиф ўз мақоласини кўнгилсиз воқеа билан бошлагани бежиз эмас. Негаки, бугунги ёшларнинг аксарияти унга қаттиқ боғланиб қолмоқда. Мақолада уяли алоқа воситаси билан боғлиқ муаммоларни қамраб олишга ҳаракат қилинган. Мутахассисларнинг мавзуга тааллуқли фикрлари билан тўлдирилган. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун 16 ёшга тўлмаганлар учун махсус тариф режалар, хизматлар ишлаб чиқиш таклифи билдирилгани айни муддао.

Бугун ахборот технологияларнинг ривожланиши маънавий таҳдидларнинг кўпайишига йўл очмоқда. Интернет яратаётган имкониятлардан “унумли” фойдаланаётган диний экстремистик ва террористик кучларнинг кибертеррорчиликни амалга ошираётгани ҳам сир эмас. Биламизки, глобал тармоқ фойдаланувчиларининг аксариятини ёшлар ташкил қилади. Интернет орқали амалга ошириладиган электрон қўпорувчилик (яъни кибертеррорчилик) тузоғига тушиб қолмаслиги учун ёш авлодни доимий назорат қилиб боришга ҳар қанча ҳаракат қилинмасин бундай ҳоллар учраб турибди. Газетанинг ўтган йилги 4- сентябрь сонида чоп этилган Саодат Назаралиеванинг “Кибертеррорчилардан ҳушёр бўлинг” мақоласида шунга оид мулоҳазалар юритилган.

Бизга хавф солаётган “оммавий маданият” кўринишларидан бири бугун болалар севиб ўйнайдиган, ваҳшийликни тарғиб қиладиган компьютер ўйинларидир. Бир қарашда шунчаки ўйиндек туюладиган, аммо шу зайлда давом этаверса, салбий иллатларга алмашиб қолиши мумкин бўлган хавф-хатардан ота-она доим огоҳ бўлиши керак. Бу таҳликали вазият нафақат ота-оналар, балки жамоатчилик, жумладан, ОАВ зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Шуни чуқур ҳис қилган ҳолда газетанинг 2015 йил 40-сонида Ўткир Бек муаллифлигида “Болангиз қаерда?” номли мақола чоп этилган. Унда муаллиф компьютер ўйинларининг болаларга ҳам жисмоний, ҳам маънавий, ҳам психологик таъсири ҳақида сўз юритган.

Шунингдек, “Охири вой касаллик” (ОИТС), “Озон – соғлиққа посбон” (Озон қатламининг емирилиб кетаётгани ҳақида), “Терроризм ва диний экстремизм — башарият душмани” каби мақолаларда инсониятга хавф солаётган муоммолар тилга олинган, ушбу долзарб мавзулар юзасидан батафсил мулоҳаза юритишга ҳаракат қилинган.

Муаммо аниқ, аммо уни қандай ифода этиш керак? Шуниси муҳим. Бугун ўқувчини бир хил услубдаги мақолалар билан қизиқтира олмайсиз. Замонавий газетхонга ҳар томонлама мукаммал материал керак. Муштарийда ҳамиша танлаш имкони бор.

Аудиторияни жалб қилишда шакл алоҳида аҳамиятга эга. Бир қарашда кўзни чарчатадиган шрифт, эскича дизайндан фойдаланиш эндиликда мақсадга мувофиқ келмайди. Мисол учун, мазкур газетанинг айрим саҳифаларидаги материалларни жойлаштиришда уч-тўрт хил шрифтдан фойдаланилгани дизайн талабларини бузган. Жумладан, газетанинг ўтган йилги 35-сони биринчи саҳифасида мақолалар матнининг катта-кичик тўрт хил шрифтда ёзилгани ҳам шундай нуқсонлардан бири бўлиб, ўқувчини зериктиради. Ёки ўша йилнинг 46-сони саккизинчи саҳифасидаги мақолаларда беш хил шрифт кўзга ташланади. Бу эътиборни чалғитади, албатта. Ўта майда ҳарфда берилган материални  мутолаа қилиш соғлиқ учун зарарли экани ҳам барчага маълум. Газета учун стандарт шрифт 9 кегел, 1,5 интервал эканлигини ҳисобга олиб иш юритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Журналистикада сарлавҳага нисбатан “ярим мақола” атамаси ишлатилади. Унда ўқувчиларни жалб қилувчи куч бўлиши керак. Бундай сарлавҳаларни топиш ҳам маҳорат. Биз сўз юритаётган нашрда сарлавҳаларнинг аксарияти дарак гап шаклида. Таъсири ҳам шунга яраша. Масалан, “Тантанали ва байрамона ўтказилди”, “Сохта тадбиркор жазоланди” (2015 йил 50-сон), “БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ САДОЛАРИ ЯНГРАБ янги ўқув йили бошланганидан дарак берди”, “Байроғимизга бағишланган тадбир” (2015 йил 46-сон) каби муштарийда бирор бир кайфият уйғотмайдиган сарлавҳалар қўлланилган. Айрим ўринларда сарлавҳадан кейин нуқта қўйилган. Бу қўпол услубий хатодир.

Журналистнинг қуроли сўздир. Тилимиздаги ҳар бир сўзнинг маъносини, қай ўринда ишлатишни билиш ва тўғри қўллай олиш касбимизнинг асосини ташкил қилади. “Yangiyo`l” газетаси саҳифаларида таҳрирга мухтож жумлалар, сўз қўллаш билан боғлиқ хатолар ҳам учрайди. Масалан, газетанинг 2015 йил 35-сонида “Чинакам гўзаллик кошонаси” номли мақола эълон қилинган. У шундай бошланади:“Сиз суратда кўриб турган моҳир сартарош Сайёра Абдуллаева шогирдлари билан юксак маҳорат билан “ижод” қилмоқда”. Бу гап услубий жиҳатдан хато. Ўнинг ўрнига “Маҳоратли сартарош Сайёра Абдуллаева шогирдларига касб сирларини ўргатмоқда”, дейилса тўғри бўларди. Навбатдаги жумлани ҳам таҳрир қилишга уриниб кўрамиз: “Ҳозирги кунда туманимизда 20 дан ортиқ маиший савдо комплекслари фаолият олиб бормоқда. Гўзаллик салонида аёллар учун бир неча фаолият турлари бор”. Биринчи гапда фаолият сўзи тўғри ишлатилган, аммо иккинчи гапда такрорланган бу сўз ўрнига “хизматлар” сўзи ишлатилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Биринчи гап билан иккинчиси орасида боғлиқлик ҳам узилган. Аслида, тил қонун-қоидаларига кўра, жумлалар шу даражада пишиқ-пухта бўлиши керакки, унда битта қўшимча ҳам кўп ё кам бўлмасин.

Газетанинг 2015 йил 39-сонида чоп этилган “Ибн Сино ва ит”номли материалини олиб кўрайлик. Сарлавҳанинг ўзиданоқ ўқувчининг ихлоси қайтади. Матнда мазмунан боғлиқлик узилгани эса умумий мазмунга таъсир этиб, мавҳумликни келтириб чиқарган. Яъни унда Ибн Синонинг донолиги, ҳатто бемор аёллар билан юзма-юз келмай туриб ҳам даволаши, халифалар қилган ҳазилни тезда англаб олгани ҳақидаги ҳикоя келтирилган. Аммо хулосада бу ҳақда умуман гапирилмай, илм олиш борасида умумий тарзда сўз юритилган. Яна бир мақолага этиборингизни қаратмоқчимиз: газетанинг 2015 йил 42-сонида эълон қилинган “Заҳри қотил — умр заволи” сарлавҳали мақолада шундай жумлалар бор: “Гиёҳвандлик у ёки бу гиёҳванд ёки гиёҳванд моддасини суистеъмол қилиш (ўзи ва атрофидагиларга зарар келтириб қўллаш) натижасида юзага келадиган касалликдир”. Бу жумлани қандай тушуниш мукин? “Гиёҳванд ёки гиёҳванд моддасини суистеъмол қилиш” бирикмасидаги гиёҳвандни наркотик модда қабул қилувчи инсон, гиёҳванд моддасини эса гиёҳванд модда деб қабул қиламиз. Аммо суистеъмол қилиш деганда нима тушунилади? Мансабни, ишончни суистеъмол қилиш мумкиндир, бироқ гиёҳванд ёки гиёҳванд моддани суистеъмол қилиш мумкинмикан? Балки истеъмол сўзи суистеъмолга алмашиб қолгандир. Газетанинг 2015 йил 25-сентабрь сонида чоп этилган “Таъзим ва ташаккур сизларга!” номли мақолада ҳам шу каби тушунарсиз жумла мавжуд: “Ана шу ниҳол куни келиб дарахт бўлиб мева солади. Унинг меваси шундаки етук, баркамол инсонга айланишидир ва албатта кишиларга келтирган фойдаси билан қадрланади”, бу жумлада мантиқан ўйланганда боланинг келажакдаги камоли ҳақида сўз бормоқда. Аммо жумланинг бу қадар чалкаш тузилгани ва газета жамоасининг эътиборсизлиги ўқувчи дилини хира қилади. Бундай тушунарсиз жумлалар газетхонни мутолаадан узоқлаштиради. Мақола сарлавҳасидаги жумла қурилиши ҳам тил қоидаларига зид.

Сўзни исроф қилмаслик, таҳрир санъатини ўрганиш ҳар бир журналистнинг бурчи. Кузатишимиз бўйича, газетанинг деярли ҳамма сонида узун жумлалардан фойдаланилган. Гапнинг охирига етгунча боши эсингиздан чиқиб кетади. Айримларини таҳрир қилганда  эса гапнинг эгаси ва кесими мос келмай қолганига гувоҳ бўлдик. Ундан кўра содда гаплар қўлланилса ҳам тушунарли, ҳам таъсирли бўларди.

Фикримизча, газета саҳифаларида иложи борича турли мавзуларда мулоҳазалар эълон қилиниши керак. Кетма-кет иккита сонга бир хил мавзудаги мақолаларни бериш ҳам аудиторияни зериктиради. Биз сўз юритаётган нашрнинг айрим саҳифаларида бир хил мавзуда, ҳатто иккитадан мақола чоп этилганини кузатдик. Масалан, 2015 йил 46-сонда эълон қилинган “…ё ҳаёт, ё мамот… масаласи”, “Тарбия ҳамиша муҳим” мақолаларида ёшлар тарбияси ҳақида фикр юритилган. Ёки газетанинг яна бир сонида (2015 йил 36-сон) “Терроризм ва диний экстремизм — башарият душмани” ва “Агар огоҳ сенсен, шоҳ сенсен…” материалларида диний экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатлари ҳақида сўз боради. Яна бир мисол: 2015 йил 23 октябрь сонидаги бир саҳифада ёнма-ён эълон қилинган “Тил — миллат фахри” ва “Тил — миллат кўзгуси” номли мақолаларда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, бўлиб ўтаётган тадбирлар, тилнинг нақадар муқаддас экани ҳақида такрорий фикрлар ёзилган. Балки бу газета жамоасининг ўзига хос услубидир?! Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам газета саҳифасини ўта назокат билан, бир-бирини такрорламайдиган, аксинча, тўлдирадиган ранг-баранг мавзулардан иборат гулдастасимон материаллар, суратлар билан тўлдириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Журналистикада турли жанрлар мавжуд. Хусусан, очерк, лавҳа, фельетон, репортаж, эссе, мақола ва ҳоказо. Газета саҳифаларининг аксарият қисмини хабар жанрига оид материаллар эгаллайди. “Тадбир бўлиб ўтди, шулар иширок этди, мана бу киши сўзга чиқди” қолипига қурилган материаллар кишини зериктиради. Воқеликни жонлироқ ифода этиш, муштарийда воқеа жойида ўтиргандек тасаввур уйғота олишга интилиш керак. Аслида, аудиторияга тадбирда ким иштирок этгани-ю, кимлар сўзга чиққани эмас, унинг аҳамияти ҳақидаги мулоҳазалар муҳимроқ.

Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, деймиз-қўямиз. Аслида, ОАВ саводхонликни кучайтиришга хизмат қилиши керак эмасми? “Yangiyo`l” газетаси бундан буён ана шу йўлда дадил боришига ишонамиз.

 Шоҳсанам КОМИЛОВА,

ЎзМУ Журналистика факультети талабаси

(«Hurriyat» газетасида чоп этилган)

You may also like...

6 Responses

  1. Material uchun raxmat.Ancha ma’lumotlarga ega bo’lish mumkin. X va h harflari ko’rinmayotganligini hisobga olmasa yaxshi yozilgan.

  2. Шоҳсанамхоннинг таҳлили менга ҳам жуда ёқди. Юқорида келтирилган маълумотлар «Матбуот» кафедрасида ўз битирув малакавий ишини ёзаётган курсдошларимизга қўл келса ажаб эмас, хусусан, менга ҳам! Ижодингизга омад тилайман!

  3. Maqola uchun rahmat! Umuman olganda yaxshi yozilgan. ko`p ma’lumotlarga ega bo`lish mumkin.

  4. E’tiboringiz uchun tashakkur. Aka va opalarimning bitiruv malakaviy ishlarini ko’ngildagidek tayyorlanishiga foydam tegadigan bo’lsa judayam xursandman.

  5. Nargiza Sotboldiyeva, uzr sizni gapingizga tushunmadim. X va h harflari qaysi o’rinlarda ko’rinmay qolganini bilolmadim. Iloji bo’lsa misollar bilan ko’rsatsangiz.

  6. Bir olam kerakli ma’lumotlarga ega boldik.Bu ma’lumotlar qachondir albatta bizga as qotadi.Raxmat!

Добавить комментарий для Nargiza Sotvoldiyeva Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>