Ахборот глобаллашуви даврида ёшларнинг мафкуравий иммунитети

Термиз давлат университетида шу мавзуда ўтказилган илмий-амалий семинар талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

т5

ТерДУ маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ойбек Рўзиев ахборот технологиялари беқиёс даражада ривожланиб, дунё ягона ахборот маконига айланиши баробарида лисонимизга “ахборот хуружи”, “ахборот-психологик хавфсизлик”, “мафкуравий иммунитет”, “глобаллашув” каби сўзлар кириб келгани, сўнгги йилларда “мафкуравий иммунитет” атамаси сиёсат ва мафкурага оид адабиётларда кенг қўлланилаётгани ҳақида атрофлича сўз юритар экан, бу борада назариётчи олимларнинг маърузалари катта сабоқ – амалий дарс бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

       т7

Анжуманга таклиф этилган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек бу мавзуда қуйидаги фикрларини баён этди:

– Ҳар бир талаба аввало ўқимишли инсон бўлишга интилиши зарур. У ҳар бир фикрини ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Ҳар қандай фикр ёки сўзнинг қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Маънавият бобида сўз юритганда ҳам аввало унинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказишини маърузачи қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик сўзларнинг ҳам мазмун-моҳиятини тушуниб олиш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилиб турган зиёли ютқазмайди.

т6

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Айтайлик, ана шу манбада “Устоз – отангдан улуғ” деган мақол жуда тўғри ёзилган. Уни “Устоз – отангдек улуғ” деб бузиб талқин қилиш мумкин эмас. Маърузачи бу фикр қанчалик илмий ва тарихий асосларга эга эканлигини изоҳлаб берди. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади.

т1

Ҳар бир фанни ўрганишда аввало унинг қисқача тарихи ва мазмун-моҳиятига эътибор қаратилади. Маълумки, кўп фанлар ибтидосини оилада биринчи устоз – Онамиздан ўрганганмиз. Эшитган эртакларимиз – адабиёт фани ибтидоси бўлса, санашни ўрганиш – математиканинг илк сабоғидир. Ўсимликлар дунёси – ботаника, жониворлар – зоология, қуёш ва ойнинг чиқиб-ботиши – астрономия, чақмоқ чақиб, ёмғир ёғиши – табиат ва физика фанлари ҳақида тасаввур уйғотган. Энг мураккаб таълим – тил ўрганишдир. Онамиз бизга шу тилимизни мукаммал ўргатгани учун ҳам фахр билан – Она тилим, деб эъзозлаймиз.

т4

Онамиз руҳиятимизга сингдирган одоб-ахлоқ ва тарбия замирида миллий ғоя, шарқона фалсафа, этика-эстетика фанлари илк сабоқлари мужассамлигини англаш қийинмас. Оилада ҳатто тарих, диний қадриятлардан ҳам сабоқ беришган. Ҳуқуқбузар қандай жазога тортилишини ҳам қулоғимизга қуйишган: “ўғирлик ё безорилик қилсанг, мелиса қамаб қўяди…” Демак, қонунчилик қирралари ҳам гўдакликдаёқ қалбимизга жо бўлган…

Шулар қаторида турли хил “ахборот хуружлари”дан ҳимояланиш учун мафкуравий иммунитетни ошириш масаласи Она тарбиясидан четда қолмаган. Оналаримиз илк бора нима яхши-ю нима ёмонлигини ўргатишган. Мана бу яхши, буниси – ёмон, уни оғзингга солма!.. Ёмон болаларга қўшилма, мана бу гапдан эҳтиёт бўл, унга ишонма ва ҳоказо. Шу тариқа мурғак қалбимизда ёмон нарсаларга, бўлмағур гап-сўзларга салбий ҳодисаларга қарши иммунитет пайдо қилишган!

Фалсафада “ҳар бир оила ўзига хос кичик давлат” деган тушунча бор. Чиндан ҳам ҳар бир оила – ўзига хос кичик давлат бўлса, ҳар бир давлат – улуғ оиладир. Айтайлик, Ўзбекистон барчамизнинг ягона ва улуғ оиламиздир.

Бир қизиқ ҳолга эътибор қаратганмисиз; гўдаклигимизда онамиз айрим қўни-қўшниларнинг оилага нисбатан “ахборот хуружи” қилган тақдирда ундан қандай ҳимояланиш усулларини ҳам ўргатишган. Демоқчимизки, эндигина тили ва оёғи чиқиб, кўчага ўйнагани отланган боласининг қулоғига айрим оналар “керакли” гапларни қуйиб қўяди…

Шу тариқа “ахборот хуружлари”га қарши иммунитети юқори даражада бўлган айрим болакайларнинг кўча-кўйларда оилалари, қолаверса, қишлоғи, маҳалласи, шаҳри шаънини қанчалик ҳимоя қилаётганини кузатган бўлсангиз керак.

т9

Оила – ҳаёт бешиги. “Бола туғилган кунидан бошлаб оила муҳитида яшайди. Оилага хос анъаналар, қадриятлар урф-одатлар бола зуваласини шакллантиради. Энг муҳими, фарзандлар оилавий ҳаёт мактаби орқали жамият талабларини англайди, ҳис этади,– деб таъкидалаган давлатимиз раҳбари.– Ўзбек оиласи мустабидлик замонида ҳам ўзининг тарихан шаклланган қиёфасини йўқотмади”. Кўриниб турибдики, фарзандларида илк мафкуравий иммунитет ҳосил қилиниши оила тарбиясининг табиий жараёнига айланган. Яхши ва ёмонни фарқлаш, ёмон гаплардан эҳтиёт бўлиш мавзуси қуйидаги мақолу нақлларимизда ҳам ўз ифодасини топган: “Яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга”, “Қозонга яқин юрсанг – қораси юқади, ёмонга яқин юрсанг балоси уради”, “Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади”, “Миш-мишга ишонган – ҳаром ўлармиш”, “Яхши гап – жон озиғи”, “Яхши гапдан илон инидан, ёмон гапдан қилич қинидан чиқар”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, “Гапни гапир уққанга – жонни жонга суққанга”, “Бир ёмонни кўрмай яхшининг қадрига етмайсан” ва ҳоказо. Бу мақолу нақллар замирида одамнинг онги заҳарланиб қолишидан сақланиш ғоялари ҳам мужассам.

Оила тарбияси мактаб таълимига пайваста бўлади. Яъни, оиладаги илк тасаввурлар мактабда фан сифатида тушунтирилади.

т8

Собиқ мустабид тузум даврида қардош республикаларда, жумладан, бизда ҳам тарих, фалсафа каби ижтимоий фанлар бутунлай ўзгача тушунтирилар эди. Миллий маънавият ҳақида гапириш ҳам мумкин эмасди. Худо йўқ, дин – афьюн, деган сохта “назариялар” мажбуран ёш авлод онгига сингдириларди. Шундай оғир шароитда мафкуравий иммунитет ҳақида гап бўлиши мумкинмиди? Юртбошимиз жуда тўғри таъкидлаганларидек, ноинсоний ғоя ҳукмрон бўлган мустабид тузум ўзининг бор мафкуравий кучини, оммавий ахборот воситаларини, бутун маориф тизимини ишга солиб одамлар онгини кенг миқёсда заҳарлар эди. Уларнинг миллий ва диний туйғуларини қўпол равишда камситар, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатар эди. Ўз она тилини, миллий анъана ва маданиятини, ўз тарихини билмаслик кўплаб одамларнинг шахсий фожиасига айланиб қолган эди. Миллий ўзликни англашга бўлган табиий интилиш жоҳилона инкор этиларди. Наврўз, Рамазон, Қурбон Ҳайити каби кўплаб муқаддас байрамлар тақиқ этилган эди. Амир Темур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддий Кубро, Маҳмуд аз-Замаҳшарий, Хожа Аҳрори Валий, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк аждодларимизнинг, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир каби миллий-озодлик ҳаракати фидойиларининг номларини халқимиз хотирасидан ўчириб ташлашга ҳаракат қилинар эди. Ўша даврда миллатимизга, миллий ғуруримизга нисбатан меҳр уйғотиш ўрнига аксинча унга қарши давлат сиёсати даражасида даҳшатли “ахборот хуружлари” қилингани ҳеч қачон ёдимиздан чиқмаса керак.

т3

Агарки бугунги чет эл радиосидан тарқатиладиган иғво ва бошқа бузғунчи гапларни “ахборот хуружи” деб атасак, бутун собиқ иттифоқ миқёсида юритилган бунақа “сиёсат”ни нима дейиш мумкин? Ўша даврда онги шаклланган ёшларда миллатга меҳр уйғотиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, собиқ империя даврида бизни иккинчи даражали одамлар деб ҳисоблашарди… “Бир эсланг, шўро замонида, 80-йилларда собиқ марказ “ўзбек иши”, “пахта иши” деган уйдирмаларни баҳона қилиб, ўзбек миллати вакилларини бутун дунёга қандай кўрсатарди? Сочи тақир қилиб олинган, қалпоқ кийган, белини боғлаган, соқол қўйган одамларни, мана, буларнинг башараси, деб, пешонасига тамға қўйиб, матбуот орқали намойиш этарди,– деб таъкидлаган давлатимиз раҳбари Ислом Каримов.– Мен ўша пайтда – 1989 йилда республика раҳбари бўлиб келишим билан, авваламбор, ўзбек халқини шундай уйдирма ва туҳматлардан сақлаш, унинг шаънини асраш мақсадида, миллатни доғ остида қолдиришга қаратилган уринишлардан халос қилишга киришдим. Ва ҳозиргача ўзбек миллати ҳеч қачон қул бўлмаган, ҳеч қачон босмачи бўлмаган, ҳеч қачон қон тўкиш тарафдори бўлмаган, деб бутун дунёга шу фикрни англатишга ҳаракат қилиб келяпман. Бугун жаҳонда ўзбек номи, ўзбек миллатининг обрў-эътибори тан олингани шунинг исботи эмасми?”.

Юртимиз истиқлолининг дастлабки йилларидаёқ миллий қадриятларимиз, тарихимиз, бобокалонларимиз аслида қандай буюк зотлар бўлгани, бетакрор урф-одатлар, байрам ва анъаналаримиз ҳақида баралла айта бошладик. Диний қадриятларимиз ҳам ижтимоий воқеликка айланиб кетди.

т2

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга юз тутиши баробарида дунё билан бўйлаша бошлади. Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирди. Бунинг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини англадик. Ўша салбий ҳолатларнинг битта кўриниши – “ахборот хуружи”дир.

Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш улкан заруриятга айланди. Бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати таълим муассасаларида ёш авлодга ўргатилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбарининг ибораси билан айтганда, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”.

т10

Синалган ғояларимиз эса оилаларда мудом куртак отади. Эътибор берган бўлсангиз, нуронийлар яратгандан асосан тинчлик-хотиржамлик тилаб дуо қиладилар. Оила – кичик Ватан, ўз навбатида Ватан – умумий оиламиздир! Жонажон Ватан сарҳадлари қанчалик бепоён бўлса, ундаги муаммолар, турфа ишлар, ҳатто гап-сўзлар ҳам шунга яраша бўлиши шак-шубҳасиз. Юртимиз истиқлоли туфайли беқиёс бахтга эришдик. Энди ана шу бахтимиз пойдеворини ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлида қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб курашмоғимиз лозим. “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин,– деб алоҳида таъкидлаган давлатимиз раҳбари.– Эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз”. Демак, бундай фожиали ўтмиш бугунги авлодлар учун ҳам сабоқ бўлиши табиий. Шунга яраша ягона ахборот маконида мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиш ҳаётий заруратга айланган.

т11

Шуни айтиш жоизки, мамлакатимиз тараққиётига, халқимиз фаровонлиги йўлидаги улуғвор ишларимизга тўғаноқ бўладиган, халал берадиган қора кучлар ўз мақсадларини “ахборот хуружлари” орқали амалга оширишлари мумкинлигини айниқса ёшлар теран англаб етмоқлари зарур. Бу борадаги оила тарбияси таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларига уланиб кетаётгани айни муддаодир.

т12

Талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига асосли жавоблар олдилар.

Мирзо БЕК

Вам может также понравиться...

Ответов: 3

  1. Termiz Davlat Universitetida ma’ruzalar Milliy Universitetning jurnalistika fakulteti yuqori bosqich talabalariga yaxshi tanish. Lekin, Respublikamizning bu viloyatida bo’lgan uchrashuv ijobiy holdir. Agar haqiqatda maruza qiziq, talabalar fikrlashi keng, nimanidir o’rgangan bo’lsa, yaxshi. Mana shunday fikrlar almashinuvi Respublika bo’yicha barcha Oliy o’quv yurtlari talaba yoshlar orasida bo’lsa, shu bilan birga mahallalar, tumanlar, chekka qishloqlarda ham o’zaro muloqotlar ko’paysa maqsadimiz yanada ulug’ bo’lardi, fikrlashimiz kengayardi.

  2. Mafkuraviy immunitet avvalo oilada shakllanadi. Oila dunyoqarash va tarbiyaning poydevoridir

  3. Termiz Davlat Universitetida tahsil olayotgan talaba do’stlarimizning mafkuraviy immunitet va uning yoshlar ongiga ta’siri to’g’risidagi fikr-mulohazalari bizni juda quvontirdi.Zero vatanning har bir yeri, har bir qarichi biz uchun muqaddas.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *