Ахборот-психологик хавфсизлик (2)

2-мавзу: Ахборот соҳасида глобаллашув. замонавий очиқ ахборот тизимлар тавсифи

  1. Ахборотлашган жамият тушунаси.
  2. Мамлакатни ахборотлаштиришга хизмат қиладиган қонунлар.
  3. Жамиятимиз учун ёт бўлган ахборотлар таъсири.
  4. “Ахборот хуружлари” ва унинг ортидаги мақсадлар.
  5. Ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашда жамоатчилик фикри.

 ж5

 Ахборот давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омилидир. Ахборот асрида жамият ахборотсиз яшай олмайди. Дунё ягона ахборот маконига айлаган бир паллада ундан “ҳоли” бўлиш ҳам мумкин эмас.

Мамлакатимизда ҳам жамиятни ахборотлаштириш қонун билан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни 4-моддасида ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати аниқ белгилаб қўйилган. Унга кўра:

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсати ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва ахборот тизимларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг замонавий жаҳон тамойилларини ҳисобга олган ҳолда миллий ахборот тизимини яратишга қаратилган.

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳар кимнинг ахборотни эркин олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборот ресурсларидан эркин фойдаланишини таъминлаш;

давлат органларининг ахборот тизимлари, тармоқ ва ҳудудий ахборот тизимлари, шунингдек юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг ахборот тизимлари асосида Ўзбекистон Республикасининг ягона ахборот маконини яратиш;

халқаро ахборот тармоқлари ва интернет жаҳон ахборот тармоғидан эркин фойдаланиш учун шароит яратиш;

давлат ахборот ресурсларини шакллантириш, ахборот тизимларини яратиш ҳамда ривожлантириш, уларнинг бир-бирига мослигини ва ўзаро алоқада ишлашини таъминлаш;

ахборот технологияларининг замонавий воситалари ишлаб чиқарилишини ташкил этиш;

ахборот ресурслари, хизматлари ва ахборот технологиялари бозорини шакллантиришга кўмаклашиш;

дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожлантирилишини рағбатлантириш;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароит яратиш;

кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий тадқиқотларни рағбатлантиришдан1 иборат. Булар юртимизда ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатини тўлақонли амалга оширишга хизмат қилади.

Очиқ айтиш керакки, собиқ мустабид тузум даврида ОАВга оид бирорта қонун йўқ эди. У даврда “бундай қонунга эҳтиёж йўқ”, деган тушунча бўлар, ОАВ ва жамият ривожи ҳам шунга яраша ҳаминқадар эди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ахборотлаштиришнинг қонуний базаси мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги ва “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, 1997 йил 24 апрелда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, 1997 йил 26 декабрда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, 2002 йил 12 декабрда “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, 2003 йил 11 декабрда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, 2007 йил 15 январда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонунлари қабул қилинди. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги (1998 йил 25 декабрь), “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги (1999 йил 20 август) қонунлар ҳам моҳиятан кўп жиҳатдан ОАВ билан боғлиқ. Уларнинг барчаси жамиятимизда муҳим ижтимоий воқеликка айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 3 июлдаги “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мамлакат ижтимоий ҳаётини демократлаштириш ва эркинлаштириш шароитида халқимизнинг ахборотга бўлган талаб-эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш, оммавий ахборот воситалари, ноширлик ишлари ва матбаачиликни кенг кўламда ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот хизматларининг замонавий бозорини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Фармоннинг 4-бандида “Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлигига цензура, таҳрир қилиш, тақиқлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятига ўзгача тарзда ғайриқонуний аралашиш қатъиян ман этилади” деб белгилаб қўйилди.

Маълумки, ахборот инсоннинг доимий эҳтиёжига айланган. Ҳар куни ўнлаб телеканаллар, радиоэшиттиришлар, газеталар ва интернет орқали қанча ахборотларга эга бўлишидан қатъи назар яна ахборот кутиб яшайди. Юртимиз истиқлолга эришганидан буён халқимизнинг ахборотга бўлган ғоят катта эҳтиёжини қондириш борасида улкан вазифалар амалга оширилмоқда. Агар бундан ўн беш йил олдин республикамизда 475 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда бу рақам 1156 тани ташкил этмоқда. Жумладан, 702 номдаги газета, 244 номда журнал, 19 номда бюллетень-ахборотномалар, 79 та телерадио тармоқлари, 108 та веб-сайт, 4 та агентлик2 оммага тезкор ахборотлар етказмоқда.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Лицензиялашни ташкил этиш бошқармаси маълумотларида қайд этилишича, ҳозирги кундаги глобаллашув жараёнининг кучайиши, ахборот алмашинувининг кенгайиши натижасида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолиятида ҳам тубдан сифат ўзгаришлари, яъни тезкор ва пухта ишланган маълумотларни ўз вақтида узатиш, тўғридан тўғри кўрсатув ва эшиттиришларни ишлатишдек масъулиятли вазифаларни амалга оширишни тақозо этмоқда3. Демакки, матбуот ва телерадио ходимлари, интернетдаги веб-сайтлар мутасаддилари ижодий фаолиятлари самарадорлигини тобора ошириб боришлари тақозо этилади. Халқимизнинг кундалик ахборотга бўлган эҳтиёжларини имкон қадар қондириб бориш абадул-абад давом этадиган муҳим жараёндир.

Мавзу моҳиятидан келиб чиққан ҳолда айтиш жоизки, халқимиз, айниқса ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжлари қанчалик тўлақонли қондирилса, улар чет эл радиоларига, интернетдаги олди-қочди гапларга шунча камроқ қулоқ тутадилар. Назари тўқ одам ҳар хил майда-чуйдаларга суқланмагани каби ҳар куни етарли даражада ахборотга эга бўлган шахс четдан келадиган олди-қочди гапларга деярли эътибор бермайди. Қулоғига кирган тақдирда ҳам ўша ишончсиз ахборот таъсирига тушиб қолмайди. Демак, жамиятнинг тўлақонли ахборотлашиши амалда одамлар, айниқса ёшларни ҳам бузғунчи ғоялардан ҳимоялашга хизмат қилади. Бугун кенг жамоатчиликка, айниқса талабчан ёшларга қандай ахборотлар зарурлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Улар мамлакатимизда ва жаҳонда юз бераётган энг муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний ахборотга эга бўлиб боришни истайдилар. Шундай ахборотлар ўз вақтида етказилмаса, қандайдир маънавий бўшлиқ пайдо бўлиши шубҳасиз. Қаердаки маънавий бўшлиқ пайдо бўлдими, четда пайт пойлаб юрган кимсалар бузғунчи ғояларини тиқиштиришга ва ёшлар онгини заҳарлаш ҳаракат қиладилар. “Бундай кучларнинг ғаразли муносабати аввало бой ва қадимий маънавиятимизга қарши қаратилгани, улар халқимизни ана шу бебаҳо бойликдан жудо қилиш учун ҳар хил усул ва воситалар билан зўр бериб уринаётгани барчамизни ташвишлантирмасдан қолмайди, албатта,– деб таъкидлайди давлат раҳбари.– Нега деганда, инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади”4. Дарҳақиқат, бу ҳол тарихда кўп бора тасдиғини топган. Буни собиқ мустабид тузум даврида она тилимиз, динимиз, урф-одатлар, маросимлар, миллий байрамларимизга қилинган тажовузлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Аслини олганда ҳар бир миллат ё халқ маънавияти унинг тақдирига айланиб, ёш авлод келажаги йўлида ғоят муҳим ўрин тутишини ҳаёт ўзи исботламоқда.

Тараққиёт йўлини танлаган давлатларда ахборотлашиш қанчалик муҳим ўрин тутаётгани кузатилмоқда. Бугун жамият қанчалик ахборотлашса, унинг миллий манфаатларига хизмат қиладиган ахбороти шунчалик устувор даражада бўлади. Бундай ахборот ўзга ахборотлар таъсирини пасайтиради, таъбир жоиз бўлса, уни йўққа чиқаради. Ахборотлашган жамиятда ОАВнинг ўрнини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларининг жамият тараққиётидаги ўрни, медиа-тузилмалар ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг замонавий йўлларини муҳокама қилиш, миллий журналистиканинг энг яхши анъаналарини ривожлантириш, юртимизнинг жаҳон ахборот майдонидаги мавқеини оширишга кўмаклашиш, янгиланаётган жамиятда журналистнинг роли, вазифалари ва масъулиятини холис баҳолаш мақсадида анъанавий равишда тегишли тузилмалар билан ҳамкорликда медиафорум ўтказиб келмоқда5. Бундан ташқари ҳам ахборотлаштириш тизимини ривожлантиришга хизмат қиладиган жуда кўп тадбирлар ўтказиб келинади. Мақсад – ахборот истеъмолчиларининг талаб ва истакларини қондириб бориш.

Жамият ҳар қанча ахборотлашган бўлишига қарамай баъзи кишилар тўғри, ҳаққоний ахборот ўрнига турли олди-қочди, салбий ахборотларга ўзгача эътибор билан қарайдилар. Бундай ҳол айрим ёшлар орасида кўпроқ учрайди. Чунончи, баъзи давраларда “мен Ўзбекистон телевидениесини кўрмайман”, “ўзимизнинг газеталарни ўқигим келмайди” қабилида фикр юритадиганлар ҳам кам эмас. Таассуфки, шундай кимсалар “эҳтиёжи”ни яхши англаган баъзи хорижлик устамонлар атай уларбоп ахборотларни қалаштириб ташлашга ҳаракат қиладилар. Улар ўзларини гўё ҳақиқатни ошкор этаётгандек қилиб кўрсатиб, аслида чиройли ниқобланган ахборот хуружини усталик билан амалга оширадилар. Бу билан соддадил кишиларни, ишонувчан ёшларни аврашга уринадилар. Бу саъй-ҳаракатлар замирида қандай мақсадлар ётгани сир эмас. “Ҳар томонлама чуқур ўйланган, катта молиявий ва моддий манбаларга эга бўлган бундай ҳаракатларнинг ортида қандай мақсадлар турибди, улар учун бу қадар кўп куч ва маблағ сарфланаётганини қандай изоҳлаш мумкин, бу ҳақда нега айнан бугун сўз юритишга, жамиятимиз, халқимиз эътиборини бу муаммога қаратишга мажбур бўляпмиз, деган саволлар кўпчиликни қизиқтириши табиий, албатта,– деб таъкидлайди давлат раҳбари.– Аввало, бундай хатти-ҳаракатлар замирида ўз ҳаёти ва келажагини ўз қўли билан барпо этаётган давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан муайян сиёсий марказлар томонидан турли хил фалсафий, мафкуравий, информацион воситалардан усталик билан фойдаланган ҳолда таъсир ўтказиш, ҳали дунёқараши тўлиқ шаклланмаган ўғил-қизларимизни танлаган йўлидан оғдириш, уларнинг қалбига биз учун мутлақо бегона ва зарарли бўлган қарашларни сингдириш, маънавий илдиз ва томирларимиздан жудо қилишдек ғаразли интилишлар яширингани бугун тобора аён бўлмоқда”6.

Дарҳақиқат, маънавиятга қарши қаратилган ҳар қандай ахборот хуружи ва “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдидлар мамлакат хавфсизлигига, халқимиз миллий манфаатларига катта зарар етказади. Пухта ўйланган бундай ғайришуурий ҳаракатлар соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин. Аслида вайронкор ғоялар билан яшайдиган ғанимларнинг муддаолари ҳам шу.

Мутахассислар фикрича, ахборотлашув жараёни жамиятдаги иқтисодий ҳамда ижтимоий-маданий ўзгаришларга жиддий таъсир кўрсатади. Чунончи, ғарб социологлари фикрига кўра, ахборотлашган жамият техника соҳасида – ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, таълим ва маиший ҳаётга ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши, иқтисодий ҳаётда – ахборотнинг товарга айланиши, ижтимоий ҳаётда – ахборот турмуш, ҳаёт даражаси ўзгаришининг асосий омилига айланиши, сиёсий соҳада – кенг миқёсда фикр алмашишга замин яратувчи хилма-хил ахборотларни эркин олишга йўл очилиши, маданият соҳасида – ахборот алмашинуви давр эҳтиёжларига жавоб берадиган нормалар ва қадриятларнинг шаклланиши билан характерланади.

Айни пайтда ахборотлашган жамият:

– уйда ишлашнинг кенгайишига, транспорт ҳаракатининг камайишига ва бунинг оқибатида табиатга тушадиган “юк”нинг кескин қисқаришига олиб келади;

– иш кунининг қисқариши одамларнинг уйда кўпроқ бўлишига ва оилавий муҳитнинг барқарор бўлишига замин яратади;

– кейинги юз йилликларда кишилар шаҳар яшаш ва ишлаш учун энг қулай макон, деган хулосага келдилар. Ахборотлашув жараёни эса, қишлоқдан туриб ҳам бутун олам билан мулоқот қилиш, энг обрўли ташкилотларда ишлаш, шаҳар аҳолиси баҳраманд бўлаётган маданият ютуқларини истифода этиш имкониятини яратади. Бу эса, ўз навбатида нисбатан осуда ва тинч бўлган, табиатга яқин қишлоқларга қайтиш ёки у ерда доимий қолиш учун замин яратади;

– маълумотлилик кўп даражада инсоннинг ҳоҳиш-иродасига боғлиқ бўлиб қолади7.

Шу билан бир қаторда ахборотлашган жамиятда қатор муаммолар ҳам юзага келаверади. Маданият янгиликлари ҳақида гап кетганда телевизорда (айниқса Россия каналларида) намойиш этилаётган ҳаёсиз фильмлар ҳақида гапирмай бўладими? Ҳозирги пайтда кечаю-кундуз узлуксиз кўрсатувлар берилаётган каналларнинг бирида шунақа фильм тугаши билан иккинчисида янгиси бошланади. Миллион-миллион томошабинлар, айниқса ёшларнинг маънавий оламига беҳаё ёки ур-йиқит, беаёв қон тўкиш каби манзаралар қай даражада таъсир кўрсатишини ҳам ўйлаб кўриш зарур.

Интернет орқали тарқатиладиган “порнографик” суратлар, ғайриинсоний лавҳалар ёшлар онгига салбий таъсирини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. “Оммавий маданият” ниқоби остидаги бошқа хуружлари ҳақида ҳам шундай фикр айтиш мумкин. Булар ўзига хос “санъат ахбороти” бўлиб, ёшлар онгига таъсир кўрсатиш даражаси анча юқори эканлигини унутмаслик даркор.

Жамиятимизда ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу борада аввало жамоатчилик фикрини теран ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир. Шу ўринда айтиш жоизки, жамоатчилик фикри давлат ва жамият хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини таъминлашда жуда муҳим ўрин тутади. “Ривожланган мамлакатларда жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг умумий (оммавий ахборот воситалари, телевидение, реклама, шоу дастурлар) ва горизонтал (жамоат ташкилотлари, оила, норасмий лидерлар, корхоналар, партиялар) йўналишларига амал қилиб келади,– деб ёзади тадқиқотчи Дилдора Шукурова.– Бугунги кунда ахборот тарқатиш асосан, билвосита услублар орқали, яъни, санъат ва маданият, саноат маҳсулотлари, таълим тизими орқали амалга оширилмоқда. Ахборот хуружларига қарши кураш жамоатчилик фикри социлогияси фанини ривожлантиришни тақозо этади”8. Муаллиф таъкидлаганидек, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида ўтган беш йил мобайнида 103 та махсус социологик сўровлар ўтказилиб, 130 мингдан зиёдроқ киши тадқиқотларга жалб этилган9. Демакки, Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ёйиш орқали ахборот-психологик хавфсизликни таъминлаш борасида янада самарали натижаларга эришиш мумкин.

Ҳозир дунёга тарқатилаётган ахборотларнинг 80 фоизга яқини ривожланган давлатлар таъсири остида амалга оширилади. Глобал ахборот тармоқлари ривожланган давлатларнинг ўзгаларга нисбатан сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа кўринишдаги тажовузларни амалга оширишда қудратли кучга айланмоқда. Бунинг натижасида қатор давлатлар қатори Ўзбекистон хавфсизлиги, осойишталиги ҳамда барқарорлигига путур етказувчи турли таҳдид ва ахборот хуружлари амалга оширилмоқда. Демак, ҳаётимиздаги энг катта хавф – инсонларнинг қалби ва онгини эгаллаш йўлида давом этаётган мафкуравий кураш. Айрим қудратли давлатлар ўз мақсадларига эришиш учун ўзларининг мафкуравий таъсирини ўтказишга ҳаракат қиладилар. Одамлар онгини бу тариқа қарам қилишларига қарши аввало санъат ва маданият ходимлари, шоиру адиблар, журналистлар дадил курашаётгани эътиборга моликдир. “Ижодий тафаккур – тараққиётнинг муҳим омили,– деб ёзади Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров.– Қай бир халқ ижодий тафаккурдан мосуво бўлса, таназзул гирдобига ботмоғи ҳам аниқ. Ана шу жиҳатдан, мамлакатимиз раҳбарининг ҳозирги вақтда дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, “оммавий маданият” ниқоби остидаги зарарли хуружлар таъсиридан фарзандларимизинг онгу тафаккурини ҳимоя қилишда илму фан ва маданият жамоатчилиги, ижод аҳлининг ўрни ва роли тобора ортиб бораётгани ҳақидаги фикри биз ижодкорларга улкан масъулият юклайди”10. Дарҳақиқат, миллий ўзликни асраш, беқиёс қадриятларимизни муҳофаза қилиш, ёш авлод онгини ёт ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақлаш ҳар бир ижодкор, санъаткор ҳамда маданият ходимининг доимий вазифасига айланган.

Аслида ўзаро ахборот алмашиш иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларда янада ривожланишга хизмат қилади. Глобаллашган дунёда ахборот алмашинуви тараққиётнинг муҳим омилига айланди. Маълумки, бир пайтлар оғзаки нутқнинг пайдо бўлиши билан ахборот узатиш имкониятлари кенгайган бўлса, ёзма нутқ ривожи бу борада янги босқични бошлаб берди. Фан-техника тараққиёти глобаллашув жараёнини беқиёс даражада тезлаштирди. Энди радио, телевидение, матбуот, телефон, факс, почта, интернет орқали ҳар қандай ахборот ўта тезкорлик билан тарқатилиши жамият тараққиётига сўзсиз таъсир кўрсатмоқда. Шу ўринда, кимки ахборотга эга бўлса, у дунёга эгалик қилади, деган фикр амалда ўз исботини топмоқда.

Маънавий неъмат бўлган ахборотни истеъмол қилиш ўзига хос томонлари билан ҳам ажралиб туради. Ахборот фуқаролар, жамият ва давлат томонидан истеъмол қилинади. Бу истеъмол жараёнлари бир-биридан фарқ қилади. Айтайлик, бирон шахс учун қизиқарли бўлган маълумот, муайян ижтимоий қатлам ёки гуруҳ учун аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Шунингдек, ахборот макон ва замон хусусиятларига ҳам эга. Ғарбда ўта оммабоп бўлган ахборот Шарқ халқлари учун унчалик аҳамиятга эга бўлмаслиги оддий ҳол. Бироқ, ғарбликлар учун қизиқарли бўлган ахборотларнинг шарқликларга кўр-кўрона тиқиштирилишидан кимлардир манфаатдор бўлиши мумкин. Ана шундай манфаатлар йўлида турли ахборотлар оқими юртимизга муттасил кириб келмоқда. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “чет элдаги баъзи сиёсатчи ва арбоблар нафақат сиёсат ёки иқтисодиёт, балки маънавият бобида ҳам бизга ақл ўргатишга, азалий ҳаёт тарзимиз, руҳий дунёмизга ёт бўлган қарашларни мажбуран жорий этишга уринмоқда”11.

Курраи замин ягона ахборот маконига айланган ҳозирги шароитда четдан кириб келаётган турли ахборотларнинг йўлига тўсиқ қўйиш имкони йўқ. У ҳолда нима қилмоқ керак, деган саволга мухтасар жавоб шу: биз учун ёт, бузғунчи ва вайронкор ғояларга асосланган ахборотлардан кўзланган ғаразли мақсадларни онги эндигина шаклланаётган ёшларга тўғри тушунтириб, улар онгида мафкуравий иммунитетни муттасил ошириб бориш зарур. Бу борада ишни тўғри ташкил этиш учун интернет тизимидан самарали ва оқилона фойдаланиш, уни ўзимизнинг маълумотлар билан бойитиб бориш лозимдир. Бугун интернетда юртимиз ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар камлиги ҳақида ҳам тўғри танқидий фикрлар айтилмоқда. Миллий қадриятларимиз, тарих ва меросимиз, бугунги фан, санъат ва адабиётимизнинг энг яхши намуналарини интернетга киритиб бориш мақсадга мувофиқдир. Баъзан “оммавий маданият” ниқоби остида миллий менталитетимизга ёт ғоялар тўхтовсиз кириб келаётгани ҳақида очиқ гапирилмоқда. Унга қарши ҳаққоний маълумотларни ўз вақтида интернетга киритиб бориш мақсадга мувофиқдир. Бу ўз навбатида юртимиз ҳаётига оид нохолис гаплар, таъбир жоиз бўлса, уйдирмаларга жавобан ҳаққоний ахборотларни глобал миқёсда тарғиб-ташвиқ этишга хизмат қилиб, ахборот хуружларига қарши ўзига хос қалқон вазифасини бажаради. Айни вақтда бундай саъй-ҳаракатлар ахборот хуружлари таъсирини камайтириш ва миллий ахборот макони хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш, интернет тармоғидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майдаги “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони, 2005 йил 16 ноябрдаги “Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2005 йил 28 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг жамоат ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги “Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги, 1999 йил 26 март-даги “Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан, интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги, 2002 йил 23 сентябрдаги “Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида бошқарувни ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2005 йил 22 ноябрдаги “Ахборотлаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2005 йил 28 декабрдаги “Ziyonet” ахборот тармоғини янада ривожлантириш тўғрисида”ги, 2006 йил 22 сентябрдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2007 йил 23 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2007 йил 17 декабрдаги “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ва бошқа шу каби ҳужжатлар амалда жамиятимизни замон талабларига мос равишда ахборотлаштиришга хизмат қилади.

Эндиликда ҳаётнинг ҳеч бир соҳаси ахборот ва коммуникация технологияларидан четда қолиши мумкин эмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси бу соҳа ривожи учун хизмат қилувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириб бориш, мавжуд қонунларнинг ижросини назорат қилиш борасида қатор вазифаларни амалга оширмоқда12. Бугун халқимизнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи ҳақида сўз юритилганда “жамиятни бир тирик организм деб тасаввур қилсак, оммавий ахборот воситаларини организмдаги қон томирларига, ахборотни эса – мана шу қон томирларида тўхтовсиз ҳаракатда бўладиган қонга ўхшатиш мумкин,– деб ёзади Хуршид Дўстмуҳаммад.– Замонавий инсоннинг маънавий-мафкуравий, фуқаро сифатидаги тириклиги, соғломлиги ва унинг ахборот билан нечоғли тўкис таъминланганлиги билан белгиланади”13.

Айтиш жоизки, ахборот асрида жамият тараққиёти ахборотсиз амалга ошмайди. Демак, жамият қанчалик тараққиётга эришиши унинг қай даражада ахборотлашгани билан боғлиқ. Инсоний мезонларга, миллий манфаатларга хизмат қиладиган бундай ахборотлашган жамиятга четдан уюштириладиган ахборот хуружларининг таъсири ҳам унчалик бўлмайди.

 ж2

1 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008. – 50 б.

2 Қаранг: Ғуломов Ш. Миллий матбуотимизда янги босқич. //Ўзбекистон матбуоти, 2010 йил, 1-сон, 22 б.

3 Қаранг: Қонун устиворлиги – бош вазифа. //Ўзбекистон матбуоти, 2009 йил, 6-сон, 18 б.

4 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 11 б.

5 Қаранг: Ахборотлашган жамиятда ОАВ ўрни. //Моҳият, 2008 йил 26 сентябрь.

6 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 6-7 б.

7 Қаранг: Очилдиев А. Ахборот ва жамият тараққиёти. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурулиши академияси жорий архиви, 2006.

8 Шукурова Д. Ахборот ва жамият. //Миллий тикланиш, 2009 йил 29 июль.

9 Қаранг: ўша мақола.

10 Жабборов Н. Буюк ўзгаришлар албатта буюк натижалар беради. Пиримқул Қодиров билан суҳбат. //Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2010 йил 23 апрель.

11 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 11 б.

12 Қаранг: Ўсаров О. Ахборотлашаётган жамият талаблари: қонун, ижро, масъулият. //Ўзбекистон матбуоти, 2008 йил 3-сон, 7-9 б.

13 Дўстмуҳаммад Х. Глобаллашув даври ва ахборот макони. //Ўзбекистон матбуоти, 2007 йил 3-сон, 12-14 б.

You may also like...

49 Responses

  1. Bu ma’ruzaning alohida ahamiyati psixologiya,huquq va jurnalistika fanlarining o’zaro bog’liq holdagi bilimlaridan iborat ekanligida.Ma’ruzaning yozilmay qolgan qismlari bilan dars davomida tanishdik. Axborot xavfsizlik ko’nikmasining dastavval onamiz tomonidan rivojlantirilgani haqidagi fikr biz uchun ayniqsa yangilik bo’ldi. Xulosa:kuzatuvchanlikni yanada rivoijlantirishimiz kerak

  2. Gandi shunday fikrlarni aytib o’tgan: » Men uyimning eshik va derazalarini berkitib o’tira olmayman. Negaki, uyimga toza havo kirishi kerak «. Bugungi kundagi informatsion portlash davrida tanlamay axborot olib bo’lmaydi. Agar shunday qilmasak, axborotlar oqimiga g’arq bo’lishimiz tabiiy. Maskur dars davomida biz axborotni tanlab o’qish kerakligini va o’zimiz uchun kerakli bo’lgan informatsiyanigina o’zlashtirishimiz lozimligini anglab yetdik.

  3. Mamlakatimizda ma’nan yetuk, jismonan sog’lom avlodni voyaga yetkazish yo’lida turli xil chora-tadbirlar amalga oshirilmoqda. Shu bilan bir qatorda, axborot psixologik xavfsizlikka ham alohida ahamiyat berilayotgani, bejiz emas. Ushbu fan davomida biz yoshlar «Axborotni tanlalab olish va unga tanqidiy yondashish «san’at»ini sabot bilan o’rganmoqdamiz», desam sira yanglishmayman. Zero, taraqqiyot taqdiri biz yoshlar qo’lida.

  4. M.Gandi shunday fikrlarni aytib o’tgan:»Men uyimning eshik va derazalarini berkitib o’tira olmayman. Negaki, uyimga toza havo kerishi kerak». Bugungidek » informatsion portlash» davrida tanlamay axborot qabul qilib bo’lmaydi. Agar shunday qilmasak, axborot oqimiga g’arq bo’lishimiz aniq!
    axborotni ochko’zlik bilan qabul qiladigan zamonlar o’tib ketdi. Bugun esa informatsiyani tanlab, tahlil qilib, kuzatib , ko’rib qabul qilish maqsadga muofiqroq. Maskur dars davomida biz ana shu — psixologik xavfsiz axborotnigina qabul qilish kerakligini o’rgandik.

  5. Biz hozirda texnika-texnalogiya jadallik bilan rivojlanayotgan zamonda yashamoqdamiz. Endi biz tezkor axborotlarni faqat o’z hududimizdangina emas, balki dunyoning turli burchaklaridan olish imkoniga egamiz. Lekin bularning ichida kerakli va foydali shu bilan birga keraksiz va zararli axborotlar ham mavjud. Biz «Axborotlar-psixologik xavfsizlik» fanini chuqur o’zlashtirsakkina o’zimiz uchun zararli bo’lgan axborotlarni ajrata olishimiz mumkin.

  6. Ergasheva Nazokat 202-guruh talabasi:

    «Fuqarolarning axborot sohasidagi huquq va erkinliklarini ta’minlash masalasi, insonning axborot olish, axborotni va o’z shaxsiy fikrini tarqatish huquqi va erkinligini o’zida mujassam etgan bo’lib, bu O’zbekistonda demokratik jamiyat asoslarini barpo etishning muhim sharti, ta’bir joiz bo’lsa tamaltoshi hisoblanadi.»- deb ta’kidlaydi davlatimiz rahbari. Hozirda barcha sohalarda xususan, axborot olish va uni tarqatish sohasidagi bo’lib o’tayotgan keng ko’lamli jarayonlarning shaffofligi va ochiqligi bizga berilgan imkoniyatlarning yuksakligidir. Biz bu imkoniyatlardan oqilona foydalanishimiz, osoyishtaligimizga putur yekazuvchi turli tahdid va axborot xurujlaridan ehtiyot bo’lishimiz kerak ekan. Maruza matnidagi Xurshid Do’stmuhammadning » Jamiyatni bir tirik organizm deb tasavvur qilsak, ommaviy axborot vositalarini organizmdagi qon tomirlariga, axborotni esa -mana shu qon tomirlarida to’xtovsiz harakatda bo’ladigan qonga o’xshatish mumkin» deya ta’riflagan fikrlari juda yoqdi. Bunda bizga yuklatilgan vazifaning qanchalik muhim ekanligini yana bir bor his qilishimiz mumkin.

  7. Bugungi globallashuv jarayonida dunyoni axborot boshqarmoqda. Demak, bizdan talab etiladigani -axborotdan to’g’ri va oqilona tarzda foydalanish. Go’yoki axborot olovga o’xshaydi: agar undan to’g’ri foydalansak, bizga naf keltiradi, aks holda ubizga mislsiz ziyon keltirishi mumkin. Shu boisdan har bir inson o’zida mafkuraviy immunitetni shakllantirishi lozim deb o’ylayman.

  8. OAV lari mohiyatan keng ommaning mafkurasi, qiziqishlari, talab va istaklari bilan hisoblashadi. Xalqqa eng to’g’ri va haqqoniy axborotlarni esa aynan jurnalistlar yetkazadi. Bugungi axborotga to’la davrda esa ma’nam yetuk shaxslar o’zlari uchun eng maqbul va kerakli axborotni tanlay oladilar.

  9. Fotihbek Abdurahimov 201-guruh:

    Hozirgi paytda mamlakatlar orasida juda ham qimmatbaho turuvchi tabiiy resurslar( oltin, platina, kumush, turli xil maadanlar)ga egalik qilishdan ko’ra informatsiyaga egalik qilishga bo’lgan istak ortib bormoqda. Dunyoning ko’zga ko’ringan va rivojlangan, o’z imidjiga, o’z siyosiy qarashlariga ega bo’lgan davlatlari mavjud axborot, informatsiyani juda katta kuch deb hisoblaydilar. Shuning uchun ham axborotlarni o’zlariga xizmat qilishini istaydilar va shu istak oqibatida sof informatsiyalarni biroz o’zgartirgan(o’zlarining foydasiga albatta) holda talqin etmoqdalar. Bu esa ikki yoqlama axborotga yondoshish mavjudligini ko’rsatadi: 1- xolis yondashuv 2- o’z foydasi ko’zlangan xolda yondashuv.
    «Axborot-psixologik xavfsizlik» fani doirasida olayotgan bilimlarimiz evaziga biz talaba yoshlar axborotlarni xolis yoritish va chetdan kirib kelayotgan axborot xurujlariga qarshi tura olish «immuniteti» ni o’zimizda paydo qilmoqdamiz, nazarimida

  10. Hozirgi kunda axborotdan to’g’ri yo’lda foydalanish va uni tarqata olish havodan pul qila olishdir(.Fayz Islomov)

  11. Menga dars otidh uslubingiz juda ham yoqdi. Talabalarni fanga bo’lgan qiziqishini uyg’ota oldingiz rahmat.

  12. «Axborot psixologik xavfsizlik» darsi biz uchun oddiy va sodda tilda, juda katta mahorat bilan To’lqin Eshbek ustozimiz tomonlaridan berib borilmiqda. Biz nafaqat axborotlarni saralashni, uning xurujlaridan saqlanishni o’rganmog’imiz, nainki uka-yu singillarimizga ham yetkazmog’imiz darkor. Olgan bilimlarimiz faqat o’zimizda qolib ketmasdan o’sib kelayotgan avlodga ham yetib borsa, maqsadga muvofiq bo’ladi.

  13. Yuqoridagi barcha fikrlar judayam tog’ri keltirilgan. Har bir fikrda keragidan ortiq misollarga ega,Bugungi kunda mamlakatimizda axborot texnologilari judayam jadallik bilan rivojlanib bormoqda buni yana bir tasdiqi sifatida shuni ayti mumkunki barcha davlat saytlari ishlamoqda. Biz xozirda tenika rivojmangan asrda yashayotgan ekanmiz bizdagi barcha yangiliklarni dunyoga yetkazishimiz kerak. Maruzda takidlanganidek kerakli axbotni o’zimga olshimiz xam zarur.

  14. Bu mavzuni shaxsan o’zim va o’ylaymanki, ko’pchilik sevib» o’qigan chunki, yangiliklarga boy ekan. Menimcha »axborot psixologik-xavfsizlik» fanini o’qigan har bir shaxs axborot tanlashda qiyinchilikka» uchramaydi.

  15. Quyosh hamma joyga birdek nur sochganidek, axborotlar ham o’sha nurlar kabi atrofimizni o’rab olgan. Ularning keraklisini tanlab olish har bir shaxsning mahoratiga bog’liq. Mahorat shunday mahoratki, ma’ruzada sanab o’tilgan ayrim keraksiz axborotlardan ham tegishli xulosa chiqarib, unda ilgari surilgan g’oyalarga qarshi g’oya o’ylab topishdir. Zero kasalning turini, kelib chiqish sabablarini o’rganmay turib unga davo topish mumkin emas. Shunday ekan, hozirda axborotlar olamida «aylanib yurgan» qoni qaynoq, qiziquvchan yoshlarga axborot olishni cheklash emas, ulardan himoyalanish va himoyalanishga qalqon topib berish kerak. Nega yuqorida aytilganidek. o’sha Yevropa mamlakatlarining axborot xizmatlari bizlarning uzoq-uzoqdagi qishloqdoshlarimiz bilan, ularning qiziqishlari bilan hisoblashib ish yuritadiyu, biz buni uddalay olmas ekanmiz?! O’ylaymanki, mana shu savollarga javob topilsa, masalaning yechimi ham o’z-o’zidan kelib chiqadi.

  16. Safarov Sunnatillo:

    Bugungi kunga kelib tehnika taraqqiyoti jadal suratlarda rivojlanib borayotgan davrda bizlarga ijobiy va salibiy ta’sir kõrsatadigan axborot hujimlari ham tez suratlarda rivojini topib uziga imkon darajasida yõl ochib kelmoqda.Shuni takidlawim joizki axborot oqimini kõplab dõstlarim bir qancha omillarga solishtirib kõrdilar.Men axborot tarqalish oqimini suvga qiyosladim,sababi shundaki suv tabiatning eng kerakli bulgan ulug’ nemati hisoblanadi.Suvdan asrlar davomida insonlar õz ehtiyojlaridan kelib chiqqan holda turli sohalarda ishlatib kelishgan bugungi kunga kelib suv hattoki elektr manbai bõlib kelmoqda .Shu boisdan suvni qancalik tejab ehtiyotkorona foydalanilsa maqsadga muvofiqdir.Biz bilamizki suvning qudratini, kerak bulsa tog’larni yemiriw erroziyaga olib kelishi ham mumkindir,bugungi kundagi axborotlar ham shunaqangi qudratga ega bulib zamonamiz odamlarini yõldan urib hattoki salbiy manodagi aqllaridan ozdirishgacha olib kelmoqda.Globallashuv asrida har kim õziga kerakli bõlgan ijobiy tomonga turtki beradigan ma’lumatlar bilan cheklansa maqsadga muvofiq bõlar edi.Õzlarining dunyo qarashlaridan kelib chiqqan holda axborotni analiz sintez qilib taxlilini chiqorib keyin hulosani shakllantirishsa nur ustiga a’lo nur bulardi…

  17. Shahriyor Boboqulov 201-guruh:

    Bugungi kunda Internet ummoni to’lib toshib bormoqda. Ammo bu ummondagi malumotlarni kerakligini tanlay bilish asosiy fazifalarimizdan biriga aylanib bormoqda.Axboriy xurujlar kuchaygan bir davrda yashayotganligimizni yoddan chiqarmasligimiz darkor chunki ogohlik bu davr talabi.Ma’ruzani to’liq o’qib chiqdim va yana bir bor bunga ishonch hosil qildim.

  18. Kibernetika fanini asoschisi N. Vinnerning «Haqiqiy hayot — haqiqiy axborot olishdan boshlanadi»,- degan fikrlari bugun qanchalik haqiqatga aylanganini har sohada ko’rishimiz mumkin. Oddiy inson ham axborotga ega bo`lishi mumkin, biroq haqiqiy jurnalist axborotni tanlab o`qishi, ommaga uni qayta ishlab uzatishi kerak. Shundagina uning qay darajada o`z sohasininig yetuk vakili ekanligini bilishimiz mumkin. Ushbu ma`ruzadan men shuni anglab yetdimki, har qanday axborot ham haqiqiy axborot bo`la olmas ekan.

  19. Мазкур воситалар ёшларни ўзига оҳанрабодек тортаётгани сабабли, “интернет авлоди”, “гугл болалари” ёки “фэйсбук фарзандлари”, “чатчилар”, “Одночилар” сингари иборалар пайдо бўлди. Бу ҳол ўғил-қизларимиз тарбияси бировларнинг қўлига ўтиб қолиши эҳтимолини оширади. Чунки уларга ота-онадан кўра интернет ёки уяли телефон кўпроқ “тарбия” бера бошлайди. Айтиш мумкинки, бугунги авлод фақат таълим муассасаларида берилаётган билим, малака ва кўникмалар билан чекланмаяпти.

  20. Darhaqiqat, bugun biz axborot makonida yashayapmiz. Har kuni turli xil OVA lardan xabarlar, yangiliklar eshitishimizga qaramasdan, yana axborotlarga qarab intilamiz. Mavzuda yozilganidek yoshlarning axborotga bo’lgan ehtiyojlari qondirilsa, ular turli xil ishonchsiz axborotlarga quloq tutmaydi.
    Axborot olamida adashib qolmaslik uchun, axborot bizni emas, biz axborotni boshqarishimiz kerak. Ana shundagina ishonchsiz axborot ta’siriga tushib qolmaymiz.

  21. Hozirgi zamonda barcha insonlar dunyoda bolayotgan voqea-hodisalar haqida koproq informatsiya (axborotga) ega bolishni xohlaydi. Mamlakatimizda bu imkoniyat keng yaratilgan va uning huquqiy asoslari ham ishlab chiqilgan va biz bundan erkin foydalana olamiz. Yon — atrofimizdan kelayotgan axborotlar son mingta biz faqat bundan ozimizga keragini eng sarasini boshqacha aytganda yaxshisini olishimiz kerak. Globallashuv zamonida yashayotgan ekanmiz biz uchun eng togri va zarur yolni tanlashimiz kerak.

  22. Maysara Ochilova:

    Axborotni taom deb olsak, biz jurnalistlar ham mohir oshpaz, ham nozik ta’bli xo’randa bo’lmog’imiz darkor! Xalqni ham ortimizdan ergashtira olib «taom» tanlashdagi didini yuksaltira borishimiz kerak. Biz yosh jurnalistlar nozikta’blik sirlarini axborot psixologik xavfsizlik fani ma’ruzalaridan sekin-asta o’zlashtiryapmiz.

  23. «Ижодий тафаккур – тараққиётнинг муҳим омили. Қай бир халқ ижодий тафаккурдан мосуво бўлса, таназзул гирдобига ботмоғи ҳам аниқ.» Ma`ruzadagi Pirimqul Qodirov tomonidan keltirilgan fikr hamma zamon uchun muhim shior bo`la oladi, nazarimda. Sababi, ijod inson qalbini poklaydi. Qalbi pok inson esa ezgu ishlar qilishgagina qodir!

  24. Zarnigorxon Yusupova:

    Bu ma’ruza orqali men axborotning huquqiy asoslari shu bilan birga psixologik jihatlarini o’rgandim. Dars davomida o’zimiz va onamiz misolida mavzuning tushuntirilishi menga ham yangilik, ham bir umr esda qolarli bo’ldi. Shu orqali men axborotni qay yo’sinda tanlab olishni, axborot olishda «parxez» qilish lozimligini tushunib yetdim.

  25. Darslarda berilgan bilimlar davomida shunday fikrga duch keldim: «Axborot ustidan hukmronlik qiluvchi, butun olam ustidan hukmron bo’lishdek kuchga ega bo’ladi». Mazkur fikrni chuqur o’ylab ko’rsak uning nechog’li haqiqatga yaqin ekanligining guvohi bo’lamiz. Darhaqiqat, kishilarga informatsiya yetkazish bugun o’zida katta kuchni ifodalaydi. Faqatgina bu ma’lumotning qanchalik haqqoniy va muhimligini unutmasligimiz lozim. Bu o’rinda jurnalistga obyektiv yondashish hamda tezkorlik kabi tamoyillar ham qo’l keladi.

  26. Ma’ruzadan imloviy xatoliklarga ko’zim tushdi. Masalan: Axborotlashgan jamiyat tushunasi bo’lib ketibdi, aslida esa tushunchasi bo’lishi kerak edi.

  27. Bugungi kundagi axborotlarni qabul qilganimizda qay biri to’g’ri, qay biri noto’g’ri ekanligini anglashimiz darkor.

  28. Qayumova Sabohat 2-kurs talabasi:

    Biz har sohada tanlovchi va iste’molchimiz. Yaxshi ovqat, yaxshi kiyim, yaxshi mashina, shu bilan birga eng so’nggi va tezkor xabarlarga ega bo’lish ham tabiiy va muhim ehtiyojdir. Har kuni turli OAV lardan eshitgan axborotlarimizdan qoniqmay, yana yangilik olishga intilamiz. Ma’ruzada ta’kidlanganidek, ko’pchilik, ayniqsa, yoshlar, siyosiy va yoki mamlakatlar hayotidagi quvonarli holatlar haqidagi axborotlarni emas, shov-shuvli, hatto kishini cho’chitadigan xabarlarni izlashadi. Bu esa ularda axborot tanlash malakasining yo’qligidan, yengil-yelpi voqea-hodisalar ortidan ergashayotganidan darak beradi. Axborot-psixologik xavfsizlikning fan sifatida o’qitilayotgani biz yoshlarga, nafaqat, axborotni to’gri tanlay olishni, balki bu borada faol targ’ibotchi bo’lish kerakligini o’rgatadi.

  29. E’tiqodi butun, manan boy bo’lgan yoshlar
    buzg’unchi g’oyalarga aldanib qolmaydilar.
    Shunday ekan biz yoshlar axborotni saralashni va uning xurujidan saqlanishni bilmog’imiz darkor

  30. Ushbu ma’ruza barchani e’tiborli bo’lishga cborlaydi. Ayniqsa, hozirgi texnika va texnologiya rivojlangan jamiyatda, internetning tinimsiz va tezkor darajada turli xildagi axborotlar bilan boyib borishi insonlarni, xususan, biz jurnalistlarni yanada izchil va teran holda to’g’ri informatsiya yetkazib berishda alohida vazifa hamda mas’uliyat yuklaydi. Har narsada ogoh va hushyor bo’lish talab etiladi. Shunday ekan, axborot oqimiga g’arq bo’lmaslik uchun insonda kuchli iroda, ma’naviyat bo’lishi bilan birga tahlil qilib xulosa chiqara olishi ham darkor, deb o’ylayman.

  31. shohruh karimjonov 201:

    Dars o’tish uslubida o’ziga xoslikni sezdim. Faqatgina ilmiy atamalar bilangina emas, balki xalqona misollar bilan tushuntirishlar menga juda ham yoqdi

  32. Nilufar Hakimjonova 201:

    Globallashuv jarayonida informatsiyan betakror kuchga egaligi isbotlangan ma’lumotdir. Uni tog’ri yonaltirish esa biz jurnalistlarning qolida.

  33. Hayotimizda sodir bo’layotgan turli voqeliklar shuni ko’rsatib turibdiki , har bir inson internetdan umuman har qanday ommaviy axborot vositalaridan foydalanayotganlarida juda ehtiyotkorlik bilan ma’lumotlarni olishi talab qilinmoqda . Chunki shunday axborotlar borki bir qarashda juda foydali o’ziga jalb qila oladigan ,ammo tub zamirida yomonlikni keltirib chiqaradigan , insonlarni ongini zaxarlaydigan . Shuning uchun har bir axborotni olishda ehtiyotkorlikni unutmasligimiz zarur . Yuqoridagi ma’ruza orqali ham o’zimga kerak bo’lgan ko’p ma’lumotlarga ega bo’ldim

  34. Jurnalistlarga nega takror va takror axborotni tog’ri tanlay olish, o’rganish , qayta ishlash , tarqatishda juda sezgirlik bilan yondashib , hech bir xato qilmasdan yetkazish talab qilinishdan maqsad shuki , xalq , barcha axborotni ommaviy axborot vositalaridan oladi . Agar jurnalist bitta notog’ri axborotni tarqatib yuborsa , butun xalq bundan katta ziyon ko’rishi mumkin . Men ma’ruza orqali o’zim uchun yangi axborotlarni oldim . Biz , yoshlar , sog’lom g’oyalarni o’zimizda shakllantirishimizda ham ushbu fan juda katta yordam beradi .

  35. Globallashgan zamonda ehtiyotkorlik yashash , atrofga befarq bo’lmasdan har bir voqelik haqida mulohaza qilish ,yani ko’proq fikr yuritish ham nafaqat , jurnalist yoshlar , qolaversa, butun mamalkatimiz yoshlaridan talab qilinayotganini yodda saqlaylik .

  36. Norboboyeva Mohinur:

    Xalqimizning kundalik axborotga bo’lgan ehtiyojlarini imkon qadar qondirib borish abadul-abad davom etadigan muhim jarayondir. Shuning uchun ham OAV faoliyatiga keng yo’l ochib berilmoqda.

  37. Rasulova Umida:

    Баъзан “оммавий маданият” ниқоби остида миллий менталитетимизга ёт ғоялар тўхтовсиз кириб келаётгани ҳақида очиқ гапирилмоқда. Унга қарши ҳаққоний маълумотларни ўз вақтида интернетга киритиб бориш мақсадга мувофиқдир.

  38. Sevara Uktamovna:

    ,,Ommaviy ma’daniyat» ga qarshi chora tadbirlar kuchaytirilayotgan bir paytda ba’zi yoshlarimizning bu yot g’oyalar ta’siridan chiqa olmayotgani kishini dilini xira qiladi.

  39. Azizbek Ramazonov:

    Biz axborotlashgan jamiyatda yashayapmiz. Turli ommaviy axborot vositalari orqali har kim o’ziga kerakli ma’lumotni olishi mumkin. Shu o’rinda, yurtimizda axborot va so’z erkinligini ta’minlashga qaratilgan qonunchilik bazasi yaratilganini alohida ta’kidlash lozim. Ammo bu borada, ayniqsa,axborot xavfsizligini ta’minlashda bir qancha muammolar ham mavjud. Masalan, global kommunikatsiya vositasi — internet tizimida mualliflik huquqini himoya qilish bugungi kunda deyarli imkonsiz. O’ylaymanki, bu kabi kamchiliklarni bartaraf etish biz — yoshlarning vazifamizdir!

    • Dilfuza Sohibova:

      Azizbek, g`oyat dolzarb muammoni o`rtaga tashlabsiz. Men o`qituvchiman. O`quvchilarimga mustaqil ta’lim olishlari uchun vazifa bersam (referat) aksariyati internetdan boshqalar tayyorlagan ishlarni olib keladi. Buni 2- 3 nafar o`quvchining referati bir xil bo`lib qolganidan bilib olaman.

  40. G’oyaga qarshi g’oya, fikrga qarshi fikr, jaholatga qarshi ma’rifat bilan yashasak, ko’zlagan maqsadimizga albatta, erishamiz.

  41. Farhodova Shahriniso:

    Axborotlashgan jamiyatimizda har kim o’ziga kerakli axborotni izlaydi. Lekin shunisi achinarliki, biz izlayotgan axborotning o’rniga yot g’oyalar bilan boyitilgan axborot olamiga kirib qolishimiz mumkin. Ammo har qanday holatda ham biz o’z mafkuraviy immunitetimizni kuchaytirib borishimiz kerak.

  42. Hozirgi kunda dunyoni axborot boshqarmoqda desam adashmagan bo`laman. Chunki, ommaviy axborot vositalari orqali har kim o’ziga kerakli ma’lumotni olishi mumkin.Har bir axborotni ehtiyotkorlik bilan olmog’imiz zarur. Negaki,globallashuv jarayonida ro’y berayotgan axborot hurujlari bizdan shuni talab etadi.

  43. Bugungi kunda jamiyatimizda sodir bo`layotgan turli xildagi voqea va hodisalar, bizdan sergak bo`lishni talab etmoqda. Agar biz har qanday, bitta noto`g`ri bo`lgan ma`lumotni olsak hamda uni tarqatish imkoniyatiga ega bo`lsak, demak biz minglab, balki millionlab insonlar ongiga ta`sir o`tkazishga qodir bo`lamiz. Shunday ekan, har bir axborotni olishda va tarqatishda bizdan juda katta ehtiyotkorlik talab etiladi.

  44. Dilfuza Tillayeva:

    Axborotlashgan jamiyatda yashar ekanmiz mammlakatimizda ijtimoiy-siyosiy barqarorlikni shakllantirishda OAVning o’rni beqiyosdir. O’zligini unutmagan, bugungi kun bilan yashagan haqiqiy jurnalist bo’la oladi.

  45. Sitora Abdug'aniyeva:

    Biz yoshlar hozirda texnika-texnalogiya jadallik bilan rivojlanayotgan zamonda yashamoqdamiz. Endi biz tezkor axborotlarni faqat o’z hududimizdangina emas, balki dunyoning turli burchaklaridan olish imkoniga egamiz. Lekin bularning ichida kerakli va foydali shu bilan birga keraksiz va zararli axborotlar ham mavjud. Biz «Axborotlar-psixologik xavfsizlik» fanini chuqur o’zlashtirsakkina o’zimiz uchun zararli bo’lgan axborotlarni ajrata olishimiz mumkin.

  46. Ismoilova Humoyra:

    Hammamizga ma’lumki axborot olish va axborot tarqatish biz insonlarning kundalik ehtiyojlarimizdan biriga aylangan. Shunday ekan hozirgi kunda internet tarmoqlarida ayniqsa biz uchun kundalik ehtiyojlarimizga aylangan axborotlarni tezda olishimiz mumkin. Ushbu ma’ruza orqali biz o`zimizga kerakli axborotni qabul qildik. Bu ijobiy tomon.

  47. Biz barchamiz yolg’on axborot xurujiga birga kurashmog’imiz lozim. Bu albatta o’z samarasini beradi. Bu haqiqat…….

  48. Assalomu aleykum domla. Bu ma’ruza matningizdagi birinchi xat boshida yozilgan «Дунё ягона ахборот маконига айлаган бир паллада ундан “ҳоли” бўлиш ҳам мумкин эмас.» gapida «aylagan» deb yozibsiz. Bu yerda «n» harfi tushib qolibdi ya’ni «aylangan» deb yozilishi kerak edi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>