Ахборот хизмати фаолиятида ошкоралик

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а6

6-мавзу: Ахборот хизмати фаолиятида ошкоралик

Режа:

  1. Ошкораликнинг назарий ва ҳуқуқий асослари.
  2. Жамият тараққиётида, ижтимоий-сиёсий ҳаётида ошкоралик.
  3. Жамиятда ошкораликни таъминлашда Ахборот хизматининг ўрни.

Ҳуқуқий демократик давлат сиёсатида ошкоралик ва сўз эркинлиги ғоят муҳим ўрин тутади. Улар ҳар қандай мамлакат тараққиётининг асосий омили ҳисобланади. Мустақил тараққиёт йўлидан дадил бораётган юртимизда ҳам замонавий бошқарувнинг турли жабҳаларида, шунингдек, турли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари маънавий дунёсида ошкораликнинг ўрни беқиёсдир. Демократияга ошкораликсиз эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлаган. Демократия ҳуқуқий пойдеворига эга бўлгани каби ошкораликнинг ҳам қонуний асослари яратилиши, у давлат сиёсатида ўз ифодасини топиши зарур. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганидан буён юртимиз тараққиёт босқичида демократия ва ошкоралик алоҳида ўрин эгаллаётганини эса қатор қонунлар ва ҳукумат қарорлари мисолида кўришимиз мумкин.

Аввало, ошкоралик ўзи нима, деган саволга мухтасар жавоб, яъни, бу атаманинг таърифи, мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги ўрни «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 6-жилдида шундай изоҳланган: «Ошкоралик – демократиянинг зарур шарти; жамоатчиликка муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятига оид барча маълумот, хабарларни билиш, муҳокама ва назорат этиш учун рўйи-рост эълон қилиш. Турли даражадаги раҳбарларнинг жамоатчилик билан эркин мулоқотлари, савол-жавоблари ва бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, цензурага йўл қўйилмаслик ошкораликни таъминлашга хизмат қилади»1.

Демократик жамиятда ошкоралик қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаса, у ижтимоий воқеликка айланиши жуда мушкул. Республикамизда ошкораликнинг пойдевори аввало қатор қонунларда, Юртбошимизнинг маърузаларида қайд этилгани, ҳукумат қарорларида ўз ифодасини топгани унинг давлат сиёсатида қанчалик муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

Жилғалар бирлашиб ирмоқларга айлангани, ирмоқларлар эса улкан дарёни ҳосил қилгани мисол қонун чиқарувчи ҳокимият ва давлат сиёсати ҳам дастлаб миллионлаб одамларнинг сайловларда иштирок этишидан бошланади. Ҳар бир фуқаро овоз бериш йўли билан депутатларни ҳамда давлат раҳбарини сайлаб олади. Демак, сиёсатнинг ибтидоси сайловлар экан, ошкоралик ҳам худди ўша жабҳада бошланиши тақозо этилади.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуни 6-моддаси «Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ошкоралик», «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуни 7-моддаси «Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда ошкоралик»2, деб номланганиданоқ бу жараёнда ошкораликка нечоғли эътибор билан қаралаётганини англаш мумкин.

Жамият тараққиётида демократик сайловлар қанчалик аҳамиятга эга эканлиги барчага яхши маълум. «Барчангиз хабардорсиз, сайлов арафасида мен сайловчилар ҳамда аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан кўплаб учрашув ва суҳбатлар ўтказдим,– деб таъкидлади Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида.– Ана шундай очиқ мулоқотларда билдирилган амалий таклифлар, қонуний талаблар, уларни амалга ошириш учун кўрилган аниқ чора-тадбирлар, очиғини айтаман, мен учун яна бир катта ҳаётий мактаб бўлди. Ана шу учрашув ва суҳбатларнинг якуний хулосалари мамлакат Президенти лавозимидаги ўта муҳим ва масъулиятли фаолиятимда мен учун дастурий қўлланма бўлиб хизмат қилади»3.

Сайлов тизимидаги ошкоралик ўз навбатида – қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятида изчил давом этмоқда. Буни қатор қонунлар, ҳукумат қарорлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси қонунларини тайёрлаш тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида шундай ёзилган: «Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатларининг, партия фракцияларининг (блокларининг), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади»4. Қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамаси асосий принциплари Ўзбекистон Республикасининг «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги қонуни 3-моддасида қуйидагича белгиланган: «ихтиёрийлик; тенглик; ошкоралик; ҳамма учун очиқлик; эркин фикр билдириш»5.

Шуни эътироф этиш жоизки, ҳар қандай жамиятда ҳам ошкораликни таъминлаш унчалик осон кечмайди. Унга маълум даражада тўсқинлик қиладиганлар учраб туриши сир эмас. Бироқ, қандайдир тўсқинлик бор экан, деб қўл қовуштириб ўтириш ҳам ярамайди. Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйиш – ошкораликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқариб қўйиш билан баробар. У ҳолда нима қилмоқ керак, деган саволга қонуний, илмий нуқтаи назардан жавоб топиш ягона тўғри йўлдир! Ана шундагина амалда ҳақиқий ошкораликка эришиш мумкин. Ошкоралик моҳияти – жамоатчилик фикри билан ҳисоблашган ҳолда иш юритиш демак.

“Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен ҳақиқий журналист деб ҳисоблайман,– деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев.– Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, бунинг учун оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак гражданлик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади. Бундай мақсадга эришиш учун оммавий ахборот воситаларига қонунчилик нуқтаи назаридан, моддий-техник, ўқув-услубий таъминот нуқтаи назаридан янада кенг имкониятлар яратиб беришимиз керак”6. Дарҳақиқат, жамиятда, унинг замонавий бошқарув тизимида ошкораликни таъминлаш, жамоатчилик билан алоқаларни такомиллаштиришда журналистларнинг ана шу саъй-ҳаракатлари жамият бошқаруви тизимида ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз.

Жамиятда ошкораликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжатлардан бири – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Қонуннинг 4-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари” деб номланади. Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг асосий принциплари қуйидагича белгиланган:

улар томонидан тақдим этиладиган ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида берилиши ва ишончлилиги;

улар фаолиятининг ошкоралиги ва шаффофлиги;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этишда фуқароларнинг ўз шаъни ва қадр-қимматини тажовузлардан, ўз шахсий ҳаётига аралашувлардан ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўз ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқларига риоя этиш.

Қонуннинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари” деб номланган 11-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат қилиб белгиланган:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш);

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш;

ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Замонавий бошқарув ва раҳбар маънавияти ҳақида сўз борганда давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрларини теран нигоҳ билан ўрганиш зарур: “Жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланади. Бу борада чинакам профессионал замонавий журналистикани шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий Интернет сайтларни молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш, бунинг учун алоҳида давлат фондини тузиш мақсадга мувофиқ,– деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида.– Бугунги кунда юртимизда 1 минг 500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш воситаларига кўра турличадир. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар керак”7.

Хўш, замонавий бошқарувда ошкораликни таъминлаш, қонунлар ҳаётий ва амалиёт билан узвий боғлиқ бўлиши учун нима қилмоқ керак, деган навбатдаги саволга жавоб топишга тўғри келади. Бу муаммонинг ечими жамоатчилик фикрини ўрганиш билан изоҳланар экан, қонун лойиҳаларини «жойларда (вилоятларда ва ҳоказо) кенг муҳокама қилиш; парламент ўқишлари; илмий жамоатчилик ва манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирокида бевосита қонун чиқарувчи органда ўтказиладиган кенгашларда муҳокама қилиш; тайёргарлик комиссияларининг кенгайтирилган мажлислари; оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиш; лойиҳа юзасидан илмий-тадқиқот муассасаларининг тақризини олиш»8 ва ҳоказолар қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда ошкораликни таъминлаш имконини яратади.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ошкоралик – тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ муаммодир. Бундай назорат аниқ механизмларга таяниши талаб этилади. «Бу механизмнинг асосини учта муҳим тамойил – қонунийлик, танқид муҳити ва ошкоралик ташкил этади,– деб ёзади мутахассислар.– Ошкоралик жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун муҳим иқлим яратишини алоҳида таъкидлаш зарур»9. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилиш зарур. Чунки, жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқ эканлиги барчага маълум.

Мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган энг муҳим вазифалардан бири – фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардир. Бу вазифани амалга оширишда аввало нодавлат ва жамоат ташкилотларининг аҳамиятини янада кучайтиришни тақозо этади. Зеро, «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини ҳаётга жорий этишда ҳам ошкоралик сиёсатининг ўрни беқиёс. Бу борада ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур эканлиги тегишли адабиётларда кўп бора таъкидланган.

Фуқаролик жамияти сари одимлар эканмиз, бу йўлда ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ижобий ҳал этишда жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш, хусусий сектор фаолиятини ривожлантириш тақозо этилади. Бунинг учун аввало жамиятимизни янада демократлаштириш, фуқаролик институтларини такомиллаштириш, халқимиз сиёсий фаоллигини юксалтиришдек муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳаётий заруратга айланади. Республика миқёсидаги бу улкан вазифаларни ижобий ҳал этишда эса биринчи галда ошкораликни таъминлаш талаб этилади.

Ошкоралик асосан матбуот эркинлиги билан чамбарчас боғлиқ экан, мамлакатимизда бу борада ҳам қонун устуворлиги кўзга яққол ташланади. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни (янги таҳрири) 5-моддаси «Оммавий ахборот воситалари эркинлиги» деб номланган бўлиб, унинг иккинчи банди қуйидагича: «Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир»10.

Қонун ижроси билан кучли. Бироқ, ўша ижрони ким таъминлаши керак, деган ҳақли савол туғилади. Айтиш мумкинки, ҳар бир соҳада фаолият кўрсатаётган мутасаддиларгина тегишли қонунларда белгиланган вазифаларни бажаришлари тақозо этилади. Юқорида зикр этилган матбуот эркинлигини таъминлаш асосан журналистлар, ОАВ ходимлари зиммасига тушишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ҳақиқий демократик матбуот кўрсатма асосида яшай олмаслиги ҳақида айтилган фикрлар амалда ўз ифодасини топиши зарур. Бу ўз навбатида жамиятда замонавий бошқарувни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳар бир вазирлик, ташкилот ва муассасанинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш давр талабига айланди. Бу идоралар таркибида Ахборот хизматлари* ташкил этилиши улар фаолиятида ошкоралик сиёсатини амалга оширишда муҳим омил ҳисобланади. Айни пайтда юртимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа идораларда ҳам шундай тузилмалар ана шу муҳим вазифани амалга оширишга хизмат қилмоқдалар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда ошкоралик қонуний асосларда қанчалик ўз аксини топса, у жамиятни замонавий бошқаришни янада такомиллаштиришга ва раҳбар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаверади.

____________________________________

1 Ўзбекистон миллий энциклопедияси. –Т.: 2003. – 6-жилд, 613-б.

2 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуни. –Т.: Ўзбекистон, 2004. 6-б.; Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонуни. –Т.: Ўзбекистон, 2001. 5-б.

3 Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. – www.uza.uz, 14.12.2016.

4 Қаранг: Саидов А.Х., Кўчимов Ш.Н. Қонунчилик техникаси асослари. –Т.: Адолат. 2001. 130-б.

5 Қаранг: ўша тўплам, 2001. 157-б.

6 Мирзиёв Ш.М. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. – www.uza.uz, 27.06.2017.

7 Мирзиёв Ш.М. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. –Т.: Ўзбекистон, 2018 й. 36-б.

8 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи ҳокимияти: сохта вакилликдан ҳақиқий парламентаризмга қадар. –Т.: Ўзбекистон, 2001. 205-б.

9 Қаранг: Ўзбекистон жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш йўлида. –Т.: Академия. 2005. – 115-120-бетлар.

10 Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуни (янги таҳрири). – www.lex.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *