Ахборот хизмати (7)

7-мавзу: МАНФААТЛИ МУЛОҚОТЛАР

м3

Ҳар бир саъй-ҳаракат, меҳнат-у мулоқот заминида ўзига яраша манфаат ётади. Халқ билан мулоқотдан – халқимиз, жамоатчилик билан алоқалардан – жамоатчилик кўпроқ манфаат кўради.

2017 йил мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. Бу борада тегишли давлат Дастурлари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳам халқ манфаатлари йўлидаги муҳим қадамлардир.

“Биз аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш ҳақида ўйлаяпмиз. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади. Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашимиз зарур,– деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев.– Айтиш керакки, бундай қабулхоналар сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тизимида фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқдир. Чунки сиёсий партия фуқароларнинг мақсад ва манфаатларини рўёбга чиқарадиган куч сифатида одамлар ҳаётидаги муаммолардан доимо хабардор бўлиши керак.

Айни вақтда бу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақомини, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Бизнинг асосий мақсадимиз – “Халқ қабулхоналари”га қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим яратишдан иборат.

Мухтасар айтганда, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади”. Юртбошимиз аҳолига кундалик ва энг зарур бўлган давлат хизматларини “ягона дарча” принципи бўйича бир идора орқали кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳақида сўз юритар экан, “Бундан ташқари, ҳар бир ҳудуддаги вазиятни, аввало, фармон ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини доимий равишда ўрганиб, бу борада давлат органлари масъулиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқадиган тизимни шакллантиришимиз керак”1 дея алоҳида таъкидлади.

Бундай кенг кўламли вазифаларни изчил амалга оширишда ҳар бир идора, ташкилот ва муассасалар зиммасига улкан масъулиятлар юкланишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Улар бу вазифаларни амалга оширишларида Ахборот хизматлари алоҳида ўрин тутади. Идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйиш учун масъул ҳисобланган Ахборот хизмати бундай масъулиятли вазифаларни амалга оширишда ишни илмий асосларда ташкил этиши мақсадга мувофиқдир.

Бу мавзуда АҚШлик назариётчи олимлар Даг Ньюсом, Алан Скотт, Жадй Ванслайк Турк “PR: жамоатчилик билан алоқаларнинг самарадорлиги” китобида кенг шарҳлаганлар2. Мазкур китобдан халқаро андоза сифатида ўрганилган назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда зарур тавсиялар ишлаб чиқилди. Уларни ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва халқ билан мулоқотлари самарадорлигини янада ошириш йўлида қўллаш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Бу тавсиялар қуйидагилардан иборат:

– Ахборот хизмати ходими жамоатчилик билан алоқалар жараёнида ҳар бир фактнинг аниқ ва тўғрилигини билишга эришиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқалардан асосий мақсад – идоравий манфаатлар эмас, жамоатчилик манфаати. Ахборот хизмати ходимлари фақат идора манфаатларини кўзлаб иш қилсалар, жамоатчилик эътиборидан тушиб қолишади. Сўнг, жамоатчилик уларни ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди, фаолияти билан қизиқмайдилар ва улар билан алоқада бўлмайдилар.

Биринчи ўринда жамоатчилик манфаатларини ўйлаш керак. Ўшанда ҳам бу идора ўз мақсадига тўлиқ эришмайди. Чунки, жамоатчилик шу идоранинг ахборотини эшитади, қабул қилади ва шу информация доирасида иш қилади.

– Жамоатчилик билан алоқалар ўрнатаётган ташкилот ўз фаолияти давомида шундай иш қилиши керакки, унинг дастурлари жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотсин. Ахборот хизмати жамоатчиликка шуни кўрсата олиши керак. Яъни, жамоатчилик шу ташкилот фаолиятига қизиқсагина унга эътибор беради. Акс ҳолда, у ҳақда етарлича ахборот ё маълумотга эга бўлмаса, жамоатчилик бепарво ўтиб кетаверади.

– Ахборот хизмати ходимлари ўз фаолиятлари давомида ОАВга мурожаат қилиб туришади. Улар журналистларга ёлғон гапирмаслиги керак. Агар радио, телевидение ёки газетага ёлғон гапирса, жуда катта хатога йўл қўяди, чунки бундан ташкилот катта зарар кўради.

Аслида, Ахборот хизмати билан ОАВ ходимларининг умумий вазифаси битта: ахборот тарқатиш. Бу жиҳатдан уларни рақобатдош, дейиш ҳам мумкин.

– Ахборот хизматининг ахборотига аудитория бирдан тушунмаслиги мумкин. Аудиторияда кимдир эшитади, кимдир қулоқ солмайди, кимдир тушунади, кимдир тушунишни ҳам истамайди. Шунинг учун у мулоқотни икки томонлама ташкил этиши керак. Яъни, бирор ахборот тарқатилдими, унинг натижаси билан қизиқиши зарур. Ўша ахборотни жамоатчилик тушуниб олдими? Тушунган бўлса, қай даражада ҳис этди? Керак бўлса, сўров ўтказиш, жойларга бориб, учрашувлар уюштириш, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш лозим. Хатлар орқалими, телефон ё бошқа воситалар ёрдамидами, барибир, атрофлича ўрганиши лозим. Жамоатчилик фикрини ўрганиш илми ва амалиётини ахборот хизмати ходими яхши билиши тақозо этилади.

– Биз жамоатчилик билан алоқа қилар эканмиз, шу алоқа самарали бўлиши учун жамоатчиликнинг ижтимоий фикрини муттасил ўрганиб боришимиз керак. Ахборот хизмати ходими ижтимоий фикрнинг ичига кириб бориши зарур. Одамлар нима ҳақида ўйлаяпти, уларнинг фаолияти ҳақида қандай фикрларга эга ва ҳоказолар.

Кенг аудитория турли тоифа кишиларидан иборат бўлиши мумкин, яъни, мактаб ўқувчилари, талабалар, зиёлилар, ишчилар, деҳқонлар ва бошқа касб эгалари. Уларнинг савияси, тушуниш даражаси ҳар хил. Ахборот хизмати ходими ҳаммага тушунарли, оммабоп сўзлар, иборалар билан халқона тилда гапириши, ахборот тарқатиши зарур. Жамоатчиликка мос равишда фикр билдиришгина ижобий самара бериши мумкин. Бу – аудиторияни илмий ўрганиш демакдир.

– Жамоатчилик билан алоқалар соҳасида фаолият кўрсатган киши катта ишончга сазовор бўлади. Бу жамоатчиликнинг ижтимоий вазияти илмий тадқиқ этилган, синалган усуллар билан ўрганиш ҳосиласидир. Социология, ижтимоий психология усуллари ҳамда бошқа фанлар билан жамоатчиликни ва ижтимоий вазиятни ўрганиб, ўша тўплаган билим ва тажрибалари асосида ҳаракатлар дастурини яратиши мумкин.

Бу борада хаёлпарастлик, паришонхотирлик қилиш, ҳар хил ҳис-ҳаяжон ва бошқа ҳавойи гаплар кетмайди. Аниқ илмий ёндошув керак. Бунинг учун энг аввало жамиятни, жамоатчилик фикрини ўрганиш шарт.

Жамоатчилик билан алоқалар шундай мураккаб фанки, унда тарих, фалсафа, социология, педагогика, сиёсатшунослик, этика, эстетика ва ҳоказо фанлар мужассамдир. Мазкур фанлар мудом бир-бири билан жуда чамбарчас. Демак, Ахборот хизмати ходимлари биринчи галда тегишли соҳага оид фанларни ва журналистика билан бир қаторда фалсафа, социология, сиёсатшунослик фанларини ҳам пухта билиши жоиз. Камида тўрт-беш соҳани билмаган одам Ахборот хизмати ходими, шу соҳанинг мутахассиси бўлиши жуда қийин.

– Жамоатчилик фикрини ўрганиш учун аввало уни кузатиш зарур. Хўш, пиарга қандай информациялар зарур? Бу масалада, керак бўлса, Ахборот хизмати ходимининг ўзи жамоатчиликда бирор фикр уйғотиши мумкин. Фикр уйғондими, энди у одамларнинг фикрлари билан янада бойийди.

Ахборот хизмати ходими бошқарув тизими, функциялари ва бошқа жиҳатларини билиши лозим.

– Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири бу – ижтимоий тафовутларни аниқ билиш. Ижтимоий инқирозларнинг олдини олиш, имкон қадар ўша инқирозларга йўл қўймасликдир.

– Матбуот котиби ҳар қандай вазиятда маданиятли бўлиши, тўғри гапириши зарур. Шу тариқа у жамоатчилик фикрини ўргана олади.

Назариётчи Дмитрий Ольшанский ёзганидек, “журналист пиармен учун таъсир ўтказишнинг энг самарадор ёрдамчиси, воситачиси ва шу билан бирга унинг яқин дўстидир”3.

Ахборот хизматининг вазифаси – ижтимоий фикрни ўрганиб бориш ва ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишдир. ОАВ ходимларининг матбуот котиблари билан ҳамкорлик ўрнатиши мақсадга мувофиқдир. Журналист бирор ахборотга эга бўлмоқчи бўлса, у аниқ ва ишончли манбага суянади. Ташкилотнинг Ахборот хизмати унга ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.

Айни пайтда Ахборот хизмати мухбирларга ахборот бермаса, телефон қўнғироқларидан қочса, нотўғри иш қилган бўлади. Бундай масъулиятсизлик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. ОАВ ходими талаб қилган ахборотни тақдим этиш ахборот хизматининг асосий вазифасига киради.

ОАВ ва Ахборот хизмати ўртасида қандайдир “жарлик” бўлмаслиги лозим. Ахборот тўплаш ва тарқатишда ОАВ ва Ахборот хизматининг ҳамкорлиги амалда жамият тараққиётига хизмат қилади.

Ташкилотлар ўз жамоатчилиги билан мустаҳкам алоқа ўрнатишида Ахборот хизмати етакчи ўрин тутади. Матбуот котибининг асосий вазифалари – матбуот, радио ва телевидение орқали ўз идоралари ҳақида жамоатчилик ўртасида ижобий ахборотни тарқатиб, жамоатчилик ўртасида идоранинг имижини яратишдир.

Демак, Ахборот хизматининг вазифаларидан яна бири – ташкилот имижини яратиб боришдир. Ташкилот имижини яратишда Ахборот хизмати унинг фаолияти ҳақида аниқ ва кенг қамровли маълумотлар ҳамда ахборотлар ёритиб бориши ғоят муҳимдир. Бу борада Ахборот хизмати ўз ташкилоти ҳақида асосан ижобий ахборотлар тарқатишга ҳаракат қилади.

Одамлар қайсики соҳа, ташкилот ё маълум бир шахслар ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлса, уларнинг кўз олдида у манфаат келтирадиган соҳа ё ташкилот, жозибали ё ибратли шахс сифатида намоён бўлаверади. Демакки, унинг шунга яраша имижи яратилади. Ахборот хизматининг фаолияти аввало истиқболли режага асосланиши зарур. Бундай режани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун биринчи галда мазкур ташкилот жамоасида Ахборот хизматига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириши лозим. Бу ўринда дастлаб ташкилот раҳбариятининг Ахборот хизматига бўлган эътиборини кучайтиришга эришиш мақсадга мувофиқдир. Бундай муносабатнинг таркибий қисмлари қуйидагича бўлиши мумкин:

– жамоатчилик билан алоқалар соҳасига доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутаҳассислари билан доимо маслаҳатлашиб туриш;

– муҳим қарорлар қабул қилишда уларнинг оқибатларини эътиборга олиш;

– ички (ташкилотники) ва ташқи жамоатчилик билан икки тарафлама алоқаларни қўллаб туриш;

– эълон қилинган режаларни амалга ошириш;

– жамоатчилик билан алоқалар учун ўз мақсадларини аниқлаб олиш.

Ахборот хизматини ривожлантирмасдан бугунги ахборот жамиятида ҳеч қандай ташкилот, айниқса, вазирлик ва қўмиталар даражасидаги идоралар фаолияти равнақ топиши мушкул. Ахборот хизматига ижобий муносабатда бўлмаслик ва унга керакли ёрдамни кўрсатмаслик ўша ташкилотнинг эртанги фаолиятини таъминлай олмаслик билан тенг.

Ташкилот раҳбари ва Ахборот хизмати раҳбари ўртасида доимий самимий ва ишонарли мулоқот бўлиши зарур. Кўп идораларда Ахборот хизмати раҳбари идора бошлиғининг ахборот технологиялари ё жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари ҳисобланади. Бундай расмий мақом ахборот хизмати учун ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришга имкон беради.

Ахборот хизмати ташкилотнинг режаларини ОАВ, пировардида, халқ учун очиб қўяди, бу эса унинг ишлари жамият ҳаётида қандай акс этиши мумкинлигини тушунишга ёрдам беради.

Ахборот хизмати ходимларидан телевидение, радио, газета таҳририятлари фаолиятидан доимо хабардор бўлиш талаб этилади. Улар ОАВнинг барча турлари билан бирдек алоқа ўрнатиши зарур.

Замонавий Ахборот хизмати ходими ўзбек тили билан бир қаторда рус ва инглиз каби дунёвий тилларни мукаммал билиши лозим.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини такомиллаштиришда АХ муҳим ўрин тутади. “Матбуот котибининг вазифалари барчага маълум,– деб ёзади назариётчи Димитрий Ольшанский “Политический PR” асарида.– Яъни, матбуот котиби энг аввало сиёсатчининг ОАВ билан алоқаларни йўлга қўйиши, фикрини, нуқтаи назарини, баҳосини ва ниҳоят режаларини содда ва тушунарли ифода этиб бериши зарур. Унинг вазифалари бешта асосий қисмга бўлинади:

  1. Матбуот котиби журналистлар билан ўзига хос тарзда эркин мулоқотга кириша олиши зарур. Ҳатто ўзгалар орасида бўлса ҳам иложи борича ўзини яхши тутиши зарур.
  2. Матбуот котиби ўз иш берувчисини ОАВ ходимлари билан мулоқотга киришишни ўргатиши лозим. Шундагина бу алоқалар доим мустаҳкамланиб, ривожланиб боради ва шунга яраша яхши самара беради.
  3. Матбуот котиби раҳбарининг таржимаи ҳолидан яхши хабардор бўлиш баробарида унинг келгусидаги тактик ва стратегик режаларидан воқиф бўлиб юриши айниқса шу соҳада жуда муҳимдир.
  4. Матбуот котиби сиёсат бобида етук таҳлилчи бўлиши керак. У сиёсий ҳаётдаги барча жараёнларни тезкорлик билан тушуниб, чуқур идрок этиб, мағзини чақа олиши ва зарур пайтда ҳар қандай вазифани моҳирлик билан уддалай олиши лозим.
  5. Матбуот котиби гарчи қанчалик муҳим вазифаларни бажармасин, у доимо камтар, камсуқум бўлиши ва “ўз ўрнини билиши” лозим. Чунки у иккинчи даражали шахс ҳисобланади. Биринчи ўринда эса ҳамиша унинг раҳбари туради”4.

Муаллиф ўз асарида Наполеоннинг машҳур сўзларини келтиради, яъни: “душманлик руҳи билан суғорилган битта газета мингта найзадан хавфлироқ. Тўртта ана шундай газета юз минг аскарга эга бўлган қўшиндан кўра кўпроқ зафар келтириши мумкин”5. Бу ҳақиқат айниқса жамият ҳаёти учун хосдир. Лекин, ташкилот етакчиларининг газетага (ахборот агентликлари, радио ва телевидениега ҳам) бўлган муносабатини матбуот котиблари таъминлайди. Демак, “битта ноқобил матбуот котиби минглаб найзадан кўра хавфлироқ! Билъакс, битта иқтидорли ва омадли матбуот котиби, бу – бир неча иттифоқчи дивизия билан тенг. Энг муҳими шуки, айнан матбуот котиби сиёсий PR(пиар)да асосий шахс ҳисобланади”6.

Ўрганилган тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Ахборот хизмати ходимлари кундалик фаолиятида амалга оширишлари зарур бўлган вазифаларни қуйидагича белгилаш мумкин:

  1. Ҳар кунги газеталарни, телекўрсатувларни ва интернетни эътибор билан кузатиб, радиоэшиттиришларни тинглаб бориши зарур. ОАВда ўз ташкилотига оид мавзулар ёритилса, албатта уни (газета, журнал, радио ёки телевидение канали, интернет сайтини), вақтини, муаллифини, сарлавҳаси ва асосий фикрини ёзиб олиш лозим.
  2. Ўша мавзулар ҳақида аниқ фактлар асосида маълумотнома ёзиб, шу билан бир қаторда айни вақтда журналистларни, жамоатчилик вакилларини қизиқтираётган саволларни тузиб, ташкилот раҳбарига тақдим этиши шарт. Шуни айтиш жоизки, ташкилотга тегишли танқидий мақолалар, матбуот орқали билдирилган таклифлардан ташкилот раҳбари бехабар қолса, ахборот хизмати ходими ўз вазифасини тўлақонли бажармаган ҳисобланади.
  3. Кеча тақдим этилган саволлар, таклифларнинг жавобини раҳбаридан сўраш, натижасини билиши зарур. Пировардида, раҳбари билан келишган ҳолда ОАВдаги танқидий мақолаларга жавоблар ёзиш (яъни, кўрилган чора-тадбирлар ҳақида аниқ фактлар асосида), мабодо, ўша танқид асоссиз бўлса, унга раддия ё тегишли тартибда асосли жавоб хати йўллаши лозим.
  4. ОАВда билдирилаётган талаб, таклиф ва истаклар асосида вақти-вақти билан ташкилот мутасаддилари ва журналистларнинг “давра суҳбатлари”ни уюштириб туриши зарур.
  5. Ташкилотнинг вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳудудий бошқармалари орқали жойлардаги жамоатчилик фикрини ўрганиб, тегишли хулосаларини раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши лозим.
  6. Ахборот хизмати тегишли ташкилотига ОАВ, жумладан, интернет ёки оддий хат ва ҳатто телефон орқали берилган саволларга ўз вақтида (иложи борича ўша куниёқ) аниқ жавоб қайтариши шарт.
  7. Ривожланган давлатлардаги соҳага оид янгиликларини интернет ва бошқа ахборот воситалари орқали ўзлаштириб, бу ҳақдаги хулосаларини ёзма равишда ташкилот раҳбари эътиборига ҳавола этиб бориши мақсадга мувофиқдир.
  8. Турдош ёки бир-бирига яқин ташкилотлар ахборот хизматлари билан мунтазам алоқада бўлиш, бир-бирларининг тадбирларида иштирок этиш, айрим анжуманларни биргаликда ўтказиб туриши мақсадга мувофиқдир.
  9. 9. Вақти-вақти билан матбуот конференцияси, брифинглар уюштириб туриши зарур.
  10. Қайсики Ахборот хизмати ходими ташкилот фаолиятини ОАВда узвий равишда ёритиб бормаса, унинг фаолияти сустлашиб қолаверади.

 

ЎҚИШ ТАВСИЯ ЭТИЛАДИГАН АДАБИЁТЛАР

Ўзбекистон Республикаси қонунлари

  1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси –Т.: Ўзбекистон, 2016.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги –Т 2014 lex.uz
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  5. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуни. Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Адолат, 2008.
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни. //www.lex.uz 2016 йил 14 сентябрь

 Методологик адабиётлар

  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т.: Ўзбекистон, 2017. – 488 б.
  2. Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз. //www.uza.uz 14.12.2016
  3. Мирзиёев Ш.М. Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир. //www.lex.uz 30.06.2017
  4. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  5. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  6. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  7. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  8. 8. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  9. 9. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  10. 10. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  11. 11. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  12. 12. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  13. 13. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  14. 14. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  15. 15. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  16. 16. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  17. 17. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  19. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  20. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  21. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 440 б.
  23. Каримов И.А. Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир. –Т.: Ўзбекистон, 2015.
  24. Каримов И.А. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди. –Т.: Ўзбекистон, 2017.

 Асосий адабиётлар

  1. Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Фан, 1999.
  2. Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. –Ростов-на-Дону, 1998.
  3. Гундарин М.В. Теория и практика связей с общественностью: основы медиа-рилейшнз. Учеб. пособие. –М.: Форум: инфра-м, 2007.
  4. Мўминов Ф.А Паблик рилейшнз: история и теория –Т.: Ижод дунёси, 2004
  5. Ҳусанов М. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма –Т.: Адолат, 2006
  6. Эшбеков Т Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари. Ўқув қўлланма. –Т.: ЎзМУ, 2012.
  7. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним! Услубий қўлланма. Эшбеков Т. ва бошқ. –Т.: Маънавият, 2017.

 Қўшимча адабиётлар

  1. Луғат-маълумотнома: Журналистика. Реклама. Паблик рилейшнз. 1700 атама. /Нестеренко Ф. ва бошқ. –Т.: Зар қалам, 2003.
  2. Миралимов Ш., Эшбеков Т Журналистика, маънавият, жамият Ўқув қўлланма –Т.: Ўзбекистон, 2010

 Интернет-манбалар

  1. ziyonet.uz – Ўзбекистон таълим ахборот тармоғи
  2. uza.uz
  3. gov.uz
  4. lex.uz
  5. uchildiz.uz

 

Тўлқин Эшбековнинг “МУЛОҚОТ МАЙДОНИДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИНИНГ ЎРНИ” Илмий-оммабоп рисоласидан

________________________________________________

1 Мирзиёев Ш. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

2 Қаранг: Newsom D, Scott A, Turk J.V. This is PR. The Realities of Public Relations. – Belmont, California, 1993. Б. 37-53.

3 Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. Б. 438.

4 Ольшанский Д. Политический PR. СПб.: –М.: Питер, 2003. –С. 480.

5 Ўша асар, 479 б.

6 Ўша асар, ўша жойда.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>