Ахборот хуружларига қарши қандай курашиш даркор?

Мамлакат раҳбари ўз юртидаги тинчлик, барқарорликнинг кафили ҳисобланади.

Унинг мустаҳкам позицияси халқига ишонч бағишлайди. Юртбошимиз Ислом Каримовнинг оламдан ўтиши республикамиз аҳолиси, ёшу қарини чуқур  қайғуга солди. Ўз навбатида, бу биз учун катта синов бўлди ва ушбу синов ҳамон давом этмоқда.

Шундай қайғули кунларда ҳам ғаламислар, мамлакатимизга ўз таъсирини ўтказишни истаётган кучларнинг ғаразли ҳаракатлари нафақат давом эттирилди, балки кучайтирилди ҳам. Давлатимизга нисбатан таъсир ўтказишни режа қилган кучларнинг малайлари бўлмиш айрим ахборот воситалари, “журналистлар”, “ҳуқуқ ҳимоячилари” парламентимиз 8 сентябрда қабул қилган Президент вазифасини юклаш ҳақидаги қарорга нисбатан ахборот хуружи ташкил қилишди.

Ахборот хуружига берилган турлича таърифлар мавжуд. Россиялик айрим мутахассисларнинг фикрича, ахборот хуружи бу – рақиб устидан ахборот ҳукмронлигига  эришиш ва шунинг эвазига унга моддий, мафкуравий ёки бошқача зарар етказиш учун давлатнинг ҳарбий кучлари, ҳукумати ҳамда хусусий ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган тадбирлар ва операциялар мажмуасидир.

Мамлакатимизга нисбатан амалга оширилган ва оширилаётган ахборот хуружларининг асосий мақсади давлат ва халқ ўртасида ишончсизлик уйғотиб, аҳолида шубҳа, иккиланиш,  парокандалик, тартибсизликни келтириб чиқаришдир.

Шуни таъкидлаш керак-ки,  мустақиллик йилларида мамлакатимиз давлат аппаратига нисбатан турли кучлар томонидан таъсир қилиш, муайян талабларини бажартириш мақсадида ахборот хуружлари уюштириб келинаётгани маълум. Бу айни пайтда юртимиздаги тинчлик, барқарорлик, миллий тараққиёт йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қарши қаратилган ҳаракатлардир.

XXI асрда ахборот урушининг ўзига хос жиҳати уруш воситалари, услубларининг кўпайгани, такомиллашганида кўринади. Бугунги кунда бундай уруш интернетда, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар орқали ҳам олиб борилмоқда. Мутахассислар психотерапия усуллари якка шахсга қандай таъсир этса, ахборот урушининг услублари оммавий онгга шундай таъсир қилишини таъкидлашади.

Ахборот урушига мисол сифатида “совуқ уруш” даврида иккита блок ўртасида кечган курашни келтириш мумкин.

Ўша даврда фаол ахборот ва психологик уруш олиб бориш учун бир қатор ОАВ (“Озодлик”, “Америка овози”, “Немис тўлқини”, BBC радиостанциялари ва ҳоказо) ташкил қилинади ёки бу жараёнга жалб этилади.

Мисол учун “Озодлик” радиоси ҳақида интернетнинг википедия сайтида келтирилган маълумотларга кўра, ушбу ахборот воситасини дастлаб АҚШ давлат департаменти ва Марказий разведка бошқармаси “Озод Европа/ Озодлик” номи билан социалистик давлатларга қарши кураш учун ташкил этган. 1951 йилда ташкилот сиёсий маслаҳатчиси О. Жексон радиостанция ходимларига қарата“Бу (радио) психологик уруш хизмати. Бизнинг ташкилот биз эшиттиришолиб бораётган мамлакатларда ички тартибсизликларни келтириб чиқариш учун ташкилқилинган”, деган эди.

Радиостанцияни дастлабки йилларда Марказий разведка бошқармаси, 1972 йилдан эса АҚШ Конгресси молиялаштиради. 1953 йилдан бошлаб радио ўзбек тилида, 1960 йилдан қорақалпоқ тилида ҳам эшиттириш бериб келмоқда. Юқоридагилар радионинг  ахборот уруши олиб бориш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга эканини кўрсатади.

Маълумотларга қараганда, АҚШнинг Смит-Мунд қонунига мувофиқ, “Озодлик” радиосига Америка фуқаролари учун эшиттиришлар олиб бориш тақиқланган. Мутахассислар буни АҚШ ҳукуматининг мамлакат фуқароларини ўзининг ташвиқотларидан асраш учун қилинган, деб баҳолашади.

Фаолиятининг салбий жиҳатларини ҳисобга олиб бир қатор давлатларда, жумладан, Беларусь, Эрон, Тожикистон, Туркманистонда ушбу радиостанциянинг эшиттиришлари тақиқланган. Шунга қарамасдан, радио ўз дастурлари, эшиттиришларини турли йўллар, хусусан, интернет орқали ушбу минтақаларга етказишга ҳаракат қилмоқда.

Совуқ уруш тугаган бўлса-да, ушбу ОАВ фаолияти тугатилмади, балки уларнинг ташкилотчилари, уларни молиялаштириб турган давлатлар, хизматларнинг бошқа геосиёсий мақсадларига йўналтирилди. Улар бугун маълум бир давлатларга таъсир қилиш учун бир тарафлама, нохолис ахборот тарқатишда, ўз усулларини такомиллаштиришда давом этмоқда.

Ҳозирги кунда Россия федерацияси ва айрим Ғарб давлатлари ўртасида “совуқ уруш” давридагидан қолишмайдиган даражада, гибрид урушнинг таркибий қисми сифатида ахборот уруши олиб борилаётир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, яқин ва узоқ давлатларда содир этилган давлат тўнтаришлари (“рангли инқилоблар”, “араб баҳори”) бу, энг аввало, манфаатдор кучлар томонидан ғаразли мақсадга йўналтирилган тарзда аҳолига нисбатан амалга оширилган ахборот таъсиринингоқибатидир.

Республикамизнинг геосиёсий мавқеи яқин ва узоқ келажакда мамлакатимизга нисбатан ахборот уруши сусайтирилмайди, аксинча, фаоллашади, деган хулоса чиқаришга олиб келмоқда.

Мамлакатимиз муҳим сиёсий тадбир – президентликка сайлов арафасида турибди. Бу жараёнда айрим кучлар томонидан ахборот хуружи кучайтирилади, чунки сайлов жараёни вазиятни беқарорлаштириш учун, аҳолини турли гуруҳларга бўлиб ташлаб, ўзига хос “бошқариладиган тартибсизлик” ташкил қилиш учун қулай фурсат ҳисобланади. Бу башоратчиликка даъво қилиш эмас, бироқ шуни айтиш мумкинки, сайлов натижалари бўйича турли шубҳа, “миш-миш”ларни тарқатиш, сайлов жараёнининг қонуний, демократик тарзда ўтганини шубҳа остига олиш кўпаяди. Башарти шундай бўлса, бу ҳақиқий халқ танлови амалга ошганидан, ахборот хуружи ташкилотчилари хоҳлаган нарса рўй бермаганидан далолат беради. Яқин тарихда бунга кўп гувоҳ бўлганмиз.

Ахборот хуружлари таъсирига энг кўп бериладиган аҳоли қатлами бу ёшлардир. Афсуски, ахборот-коммуникация технологияларининг жадал суръатлар билан ривожланиши ахборот таҳдидларининг ҳам кучайишига олиб келмоқда. Интернет воситасида ишлайдиган дастурлар, ижтимоий тармоқлар орқали жуда катта оқимда маълумотлар алмашинади. Улар асосан қизиқарли воқеалар, гап-сўзлар, шоу-бизнес, спорт хабарлари, янгиликлардан иборат. Бироқ ҳеч ким ташқи кучлар томонидан ижтимоий тармоқлар, мессенжерлардан ўз мақсади йўлида фойдаланмайди, деб кафолат бера олмайди. Мисол учун, Telegram мессенжерида айрим гуруҳларнинг иштирокчилари сони 50 000дан ошади. Шундай гуруҳлар борки, унда асосан фаҳш фотосуратлар, видеолавҳалар жойлаштирилмоқда. Бу маънавияти, маданиятида қусур бўлган шахсларни ўзига жалб қилиш учундир. Айнан шундай тоифа кишилар ўзларига жавоб бера олишмайди. Кейинчалик бундай каналларда сиёсий мавзуга тааллуқли маълумотлар тарқатилиши ва гуруҳ аъзоларининг фикрини ўзгартиришга, маълум бир йўналишга солишга ҳаракат қилиниши мумкин.

Республикамизнинг биринчи президенти муҳтарам Ислом Каримов “…бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга” эканини таъкидлаган эди. Мафкура полигонларидаги кучлар нисбати эса ахборот, ахборот хуружи воситасида ҳал этилмоқда. Мамлакатимизга нисбатан қилинаётган ахборот хуружларига қарши курашда баъзан “Ит ҳуради, карвон ўтади” қабилида ишлаш ўринлидек кўринади. Бироқ, бизнингча, ахборот хуружлари кимлар, қайси тузилмалар томонидан, нима мақсадда ташкил қилинаётгани маълум бўлганда, уларга қарши курашда энг яхши ҳимоя ҳужум эканидан келиб чиқишимиз керак.

Ахборот хуружларига қарши курашда курашнинг тизимли бўлиши, унинг зарур ҳуқуқий базаси шакллантирилгани ўта муҳим. Шу боис ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган алоҳида қонун ҳужжати қабул қилиш масаласи кўриб чиқилиши керак. Шу билан бирга, бундай хуружларга қарши курашда қуйидагилар муҳим: биринчидан, ахборот маконини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, аҳолининг қизиқиши юқори бўлган масалалар ҳақидаги объектив ва позитив ахборот билан доимий равишда тўлдириб бориш.

Иккинчидан, юртдошларимизда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс чоралар кўрилиши керак. Хусусан, ёшларимизни тафаккур қилишга, ҳар қандай ахборотни таҳлил қилиб, сўнг хулоса чиқаришга ўргатишимиз зарур.

Учинчидан, мамлакатимиз, давлат аппарати, раҳбарлар ҳақида нотўғри маълумотлар, туҳмат, уйдирмалар, нотўғри ахборот тарқатувчи ҳар қандай ахборот воситалари фаолиятига қонун доирасида чек қўйиш.

Тўртинчидан, аҳолига чет элларда туриб мамлакатимиз тўғрисида нотўғри, бир тарафлама ахборот тарқатувчи ахборот воситалари, шахсларнинг асл қиёфасини очиб берувчи ахборотни етказиш.

Бешинчидан, миллий ғоя, мафкура, маънавият тушунчалари, шу жумладан, юртдошларимизнинг ватанпарварлиги ахборот хуружларига қарши муҳим омиллардир. Бу йўналишда амалга ошираётган ишларимизни изчиллик билан давом эттириш зарур.

Мухтасар айтганда, ахборот хуружларига қарши янгича фикрлашимиз, ишлашимиз даркор.

Худоёр Мелиев,

тадқиқотчи

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *