Дардингизга дармон нажоткорлар

Янги йилни ҳаммамиз ўз оиламизда, тўкин дастурхон атрофида кутишни хуш кўрамиз.

Бироқ, шундай касб эгалари борки, улар байрамда ҳам ўзгалар дардига дармон бўладилар. Бу – оқ халатли нажоткорлардир.

Она Тошкент шаҳримиз файзига файз қўшиб байрам чироқлари ўзгача нур таратиб турган маҳалда Абу Али ибн Сино номидаги 1-сон клиник шифохонаси 1-хирургия бўлимида ўзгача манзаранинг шоҳиди бўлдик. Бу ерда беморлар дардига малҳам топишар, жонга жон шифокорлар уларга зарур муолажаларни кўрсатишар эди. Бўлим мудири Шавкат Тангриев, тажрибали жарроҳлар Илҳом Тошбоев, Нозим Жумаев, ширинсўз ҳамширалар Дилдора Турсунбоева, Нодира Ёқубова, Саодат Пўлатова, Дилноза Ғаффорова, Шоҳиста Шомуҳаммедова, моҳир тиббий ходимлар Ҳожиакбар Холиқов, Шаҳноза Зокирова, Фарида Мусобекова, Мавжуда Сарибоева, Наргиза Иброҳимовалар ҳар бир бемор ҳолидан хабардор туришарди. Бу билан наинки беморлар, шу билан бирга улар ортидан умидвор боқиб туришган оила аъзоларининг ҳам кўнгилларини тоғдек кўтаришар эди.

ш1

Мазкур шифо масканида беморлар асосан жарроҳлик операцияси орқали дардларига даво топадилар. Бундай операциялар тажрибали жарроҳ, Тошкент Тиббиёт академияси Хирургик касалликлар кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Октябрь Тешаев бошчилигида амалга оширилади.

Йиллар давомида юзлаб беморларни ҳаётга қайтарган ажойиб шифокор Октябрь Руҳиллаевич 1990 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институти даволаш иши факультетини тамомлаган. 1995 йил номзодлик, 2002 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. 2013 йилда профессор илмий унвонига эга бўлган. У қатор йиллар Тошкент Давлат тиббиёт институти 1-клиникасида варч-интерн, хирург-ординатор, госпитал хирургия кафедраси ассистенти лавозимларида фаолият кўрсатган. 1997-2003 йиллар давомида Республика йирингли хирургия марказида бўлим бошлиғи лавозимида катта тажриба орттирган.

Жарроҳлик соҳасида катта билим ва тажрибага эга шифокор илмий изланишларини ҳам изчил давом эттирмоқда. 2003 йилдан кафедра профессори, 2004 йил октябрь ойидан 2-ТошДавТИ даволаш факультети декани, 2005 йилдан Тошкент Тиббиёт академияси даволаш факультети декани, 2006-2017 йилларда мазкур академия ўқув ишлар бўйича биринчи проректори лавозимларида самарали фаолият кўрсатган Октябрь Руҳиллаевич бугун ҳам ўнлаб шогирдларга соҳа сирларини мукаммал ўргатмоқда.

– Тарқалган перитонитлар ва қандли диабетнинг хирургик асоратлари, қорин олдинги девори чурралари, механик сариқлик, ўпка ва плевра йирингли касалликлари мавзуларида илмий изланишларим амалиётда ўз самарасини кўрсатмоқда,– дейди устоз шифокор.– Ана шу илмий тадқиқотлар амалиётини шогирдларга шу масканнинг ўзида ўргатамиз.

ш2

Изланувчан шифокор-олимнинг 1 та дарслиги, 2 та монографияси, 9 та методик қўлланмаси, 31 та ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалари, 103 та илмий мақолаларини бўлғуси шифкорлар қунт билан ўрганмоқдалар. Шу билан бир қаторда унинг илмий раҳбарлигида 4 та фалсафа доктори (PhD) диссертацияси бўйича илмий изланишлар давом этмоқда.

Айни пайтда унинг 16 та патент ва ихтиролари, 9 та рационализаторлик таклифлари тегишли илмий муассасаларда эътироф этилган.

Мазкур шифо масканида беморлар учун яратилган шароитлар ва ажойиб шифокорлар фаолияти билан танишиб қайтарканмиз, профессор Октябрь Тешаевнинг бир самимий гапидан дилимиз ёришиб кетди:

– Ҳар бир беморимиз шифо топиб чиққан кун биз учун катта байрамдир!

Аслида кунда-кунора ўнлаб оилаларга ана шундай бахт улашаётган жонга жон шифокорларга эзгу тилагимиз: уларнинг ҳар бир куни янги зафарлар билан тўлиқ бўлсин!

Тўлқин ЭШБЕК,

журналист

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>