Икки устоз хотираси

Эркин Воҳидов (1936-2016), Абдулла Орипов (1941-2016)

Фото Jo'rabek Jahon.

ИККИ УСТОЗ ХОТИРАСИ

Бугун соғинчларим тоғу сойдадир,

Энг яқин, қўл етмас олис жойдадир,
Демангиз ё Ҳирот, ё Хитойдадир,
Ўртамизда энди икки дунё бор –
Икки устозим ҳам Чиғатойдадир.

Тириклик чоғлари жавраб ўртадик,
Гоҳ алдаб, гоҳида авраб ўртадик.
Бир-бировга чоҳлар ковлаб ўртадик,
Зўр карвон йўлида етим бўтадек1 –
Энди дилларимиз оҳу войдадир.

Энди асқотмагай бизнинг саломлар,
Ширин каломлару таскин каломлар.
Ойбек ётар бунда, Ғафур Ғуломлар –
Соҳибқаламлару соҳибкаломлар,
Барча буюкларим бир саройдадир.

Улуғлар миллатга ифтихор доим,
Қалби улуғларга дунё тор доим.
Бундайин қалбларга миллат зор доим,
Кечир, барчамизни кечир, Худойим,
Бир қисмат гар шоҳу гар гадойдадир.

Ёшлик замонимда ҳолим танг эди,
Бири достонимни чиқарган эди,
Бири маломатдан қутқарган эди,
На ердан, на кўкдан топгайман энди,
Билдим бор ҳаётим не авзойдадир.

Бизнинг вужудимиз, умримиз нима –
Бир қалқиб, чайқалиб кетгувчи кема.
Хоҳла ғамларин е, хоҳласанг ема,
Дўстим, зўрлар кетиб мен зўрман дема –
Бор-йўғинг бир камон ё бир ёйдадир.

Кечикдим йўқлову шитобларимда,
Дастхатлари қолмиш китобларимда.
Ором йўқ на ҳушим, на хобларимда,
Бўзлаб чорласам-да хитобларимда,
Келмаслар на йилу ва на ойдадир.

Қани дейман, қани икки янгроқ соз,
Икки хайрихоҳ зот, бағрикенг устоз?
Овозлари келмас, етмагай овоз,
Борсам икки дўнглик олгайдир пешвоз –
Хоклари кўзёшдан сомон-лойдадир.

Устоз Эркин Воҳид, Абдулла Ориф,
Энг олий даргоҳда турибсиз бориб –
Ўзнимас, унда ҳам бизни қутқориб,
Айбу гуноҳимиз Ҳақдан ёлбориб.
Энди бори ҳукм бир Худойдадир…

Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири

25.12.2016 й.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>