Матбуот конференцияси

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а2

Режа:

  1. Матбуот конференциясига тайёргарлик кўриш.
  2. Матбуот анжумани ўтказиш учун яратиладиган шароитлар.
  3. Матбуот анжуманини бошқаришда матбуот котибининг ўрни.

Журналистдар учун энг катта мулоқот майдони – матбуот конференцияси ҳисобланади. Унда ОАВ вакиллари вазир, қўмита раиси ва бошқа ташкилот, муассаса ҳамда идораларнинг раҳбарлари, мутасаддилари билан юзма-юз мулоқот қилиш имконига эга бўлади.

Матбуот анжумани қанчалик юксак савияда, очиқ-ошкора ўтказилиши Ахборот хизматининг ташкилотчилик маҳратига боғлиқ. Бу ишни амалга оширишдан аввал матбуот котиби дастлаб ўз идорасида раҳбари билан бамаслаҳат қуйидаги вазифаларни амалга ошириши зарур:

– матбуот анжумани ўтказишдан мақсад ва ундаги асосий мавзуни аниқ билиши (шу асосда Пресс-релиз тайёрлаши);

– конференция ўтказиладиган вақти (йил, ой, кун, соат, дақиқасигача) аниқ бўлиши ва бу ҳақда тегишли ОАВ ходимларига камида уч кун илгари хабар берилиши шарт;

– анжуман журналистлар учун қулай манзилда ўтказилиши, ўша хона кенг ва ёруғ, шовқин-сурондан йироқ бўлиши лозим. Токи, телекўрсатув ё радиоэшиттириш тайёрлашда ноқулайлик бўлмаслиги зарур. Столлар иложи борича айлана шаклида бўлиши, анжуманга келишган мутасадди раҳбарлар ва журналистлар бемалол юзма-юз мулоқот ўтказиши учун қулай бўлиши керак. (Ўзбекистон Миллий матбуот марказида шу қулайликлар яратилган);

– матбуот конференциясига ташриф буюрган журналистларни рўйхатда қайд этиш ва шу ернинг ўзида Пресс-релизларни тарқатиш лозим;

– матбуот конференциясида иштирок этаётган ташкилот мутасаддилари олдида уларнинг исми шарифлари, лавозимлари ёзилган лавҳа туриши шарт. Токи, анжуман иштирокчилари кимлар билан мулоқот қилишаётганини билиб турсинлар;

– ташкилот раҳбарини таклиф этилган журналистлар рўйхати билан албатта таништириш даркор. Таклиф этилмаган журналистлар ҳам ташриф буюришлари ва матбуот конференциясида фаол иштирок этишлари, бу ҳақда ОАВда ёритишлари мумкин (фақат аккредитациядан ўтган журналистлар билангина ўтказиладиган матбуот конференциялари бундан мустасно);

– анжуманда ташкилот раҳбари ва яна кимлар нима ҳақида гапиришини матбуот котиби улар билан келишиб олиши муҳимдир;

– журналистлардан кутилаётган тахминий саволлар рўйхатини раҳбарга тақдим этиш (бу ишда матбуот котибидан жуда зийраклик талаб этилади, у ўша мавзу доирасида журналистлар қандай саволлар бериши мумкинлиги ҳақида сўровлар ўтказиши, ОАВ вакилларининг фикрларини ўрганиш йўли билан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхатини тузиши мумкин);

– журналистлар олдиндан матбуот конференцияси мавзусини сўраган тақдирда уларга албатта тўғри ахборот бериш шарт. Бундай пайт “Пресс-прелиз” тақдим этиш мақсадга мувофиқдир. Айрим журналистлар радиода ё телекўрсатувларда анонс беришлари мумкин.

Анжуман белгиланган дақиқада бошланиши шарт. Негаки, баъзи радио ва ҳатто, телеканаллар уни тўғридан-тўғри эфирга бериши ҳам мумкинлигини ёдда тутиш лозим.

Анжуманни матбуот котиби бошқаради. У ташкилот мутасаддиларига, сўнг, навбати билан журналистларга сўз беради. Бунинг учун матбуот котиби имкон қадар журналистларнинг исми шарифларини, қайси ОАВдан ташриф буюрганини билиши даркор.

Ахборот хизмати ходимларидан бири анжуманда берилаётган савол-жавобларни ёзиб бориши зарур. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам мақола ёзиши мумкин. Журналистлар орасида атай “шов-шувли” савол берадиганлари ҳам учраб туради. Бундай пайтда эса матбуот котиби вужудга келган ноқулай вазиятдан усталик билан чиқиб кетишга ҳаракат қилиши зарур.

Матбуот анжуманларидан асосий мақсад – ОАВ ходимларини ахборот билан таъминлашдир. Иккинчиси, уларнинг фикрларини ўрганиш. Ташкилот мутасаддилари ва журналистлар ўртасидаги бундай мулоқот майдонида ҳар қандай масаланинг ечими топилиши учун имкон яралади. ОАВ вакиллари юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита тегишли мутасаддидан жавоб оладилар. Бу ахборотнинг янада аниқ, сермазмун, фактларга бой бўлишига хизмат қилади. Матбуот анжуманининг яна бир муҳим жиҳати – ташкилот мутасаддилари ва ОАВ вакиллари томонидан фикр икки томонлама тингланади. Матбуот анжуманларида ҳам ОАВ ходимлари аввало ахборотга эга бўладилар ва уни ҳозиржавоблик билан ёритишга киришадилар.

Мутахассислар фикрича, матбуот анжуманидаги “мураккаб саволлар кўрилаётган масаланинг туб моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши”1 бу тадбирнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатади. Матбуот анжумани орқали кенг жамоатчилик билан алоқалардан ташкилот фақат ютади.

Баъзи ташкилотлар матбуот анжуманини “зарурат пайдо бўлганида” ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. “Зарурат йўқ” деб, ойлаб матбуот конференцияси ўтказмаслик жамоатчилик билан алоқалар амалиёти мантиғига зиддир. Чунки, ташкилот ва унинг жамоатчилиги тенг ҳуқуқли ва ўзаро боғлиқлигини ёддан чиқармаслик даркор.

Ахборот хизмати – уни ташкил этган ташкилот ё муассаса билан ОАВ ўртасида ижтимоий кўприк, дейиш мумкин. Бу “кўприк” матбуот конференцияларида яққол намоён бўлади. “Матбуот конференцияларини муттасил ўтказсангиз, улар ҳовурни чиқариш имконини беради. Бирон бир эълон ёки позитив ахборот бўлса, матбуот конференциясини ўтказиш яхши тадбир”2.

Матбуот конференцияларидан кутилган натижалар, яъни, анжуманда тарқатилган ахборотлар, савол-жавоблар ва уларнинг ОАВда ёритилиши ҳақида Маргерит Салливан “Масъул ахборот хизмати” китобида шундай ёзади: “ОАВ жамоатчиликни ҳукумат фаолиятидан хабардор қилади ҳамда мунозарага ундайди”3. Муаллиф бир матбуот котибининг шундай фикрларини келтиради: “ҳукуматлар ихтиёрида жуда катта ҳажмда ахборот бўлиб, улар учун бу ахборотни фуқароларга етказишнинг самарали усули зарур, шундагина ҳукумат ахборот хизмати вакили саҳнага чиқади. Бу одам, ҳукумат ичида ишловчи репортёр каби, жамоатчилик учун ахборот тўплайди”4.

Демак, матбуот котибининг касб маҳорати бутун фаолияти давомида, айниқса, матбуот анжуманларида намоён бўлади. ОАВ ходимлари билан мулоқот пайтида у нима қилиши ё қилмаслиги лозим, деган саволга умумлашма фикр сифатида қуйидагилар тавсия этилади:

– доимо ҳақиқатни гапириш, ҳушёр ва ростгўй бўлиш зарур. Сизга бўлган ишонч айнан ана шунга боғлиқ;

– саволга жавобни билмаган тақдирда, “билмайман” деб ростини айтиш жоиз. Бундай вазиятда ҳаммасини тез орада аниқлашга ваъда берганингиз маъқулроқ. Саволга ноаниқ жавоб бўлса, бунга ойдинлик киритиш истагингиз борлигини айтинг;

– тушунарли ва равон тилда гапиринг, адабий тил нормаларига риоя этишингиз ахборот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Сўзларингиз ёзиб олинаётгани доимо ёдингизда турсин;

– журналистлар билан иложи борича яхши муносабатда бўлинг, ОАВда сўзларингиз нотўғри талқин қилинган бўлса, ўз вақтида ойдинлик киритинг. Хатоларни мулойимлик билан кўрсатиб, уларга ишонарли далил-исботлар келтиринг;

– воқеа-ҳодисалар шунчалик тез содир бўладики, ўзингиз, расмий кишилар, вазирлик ё ташкилотлар нималарга эришганини ёддан чиқариб қўймаслик учун албатта улар ҳақида иш дафтарингизга ёзиб боринг;

– журналистлар қўнғироғига вақтида жавоб қайтаринг ё ҳеч бўлмаса бу ишни ёрдамчингизга юклаб қўйинг;

– журналистларга муҳим бўлган ахборотни ўз вақтида топиб беришга ҳаракат қилинг, гарчи бунга қўшимча куч талаб қилинса ҳам… Бу зарур ахборотнинг ОАВда ёритилишида ҳозиржавобликни таъминлашга хизмат қилишини унутманг;

– яхши кайфиятда юриш Ахборот хизматига хос хислат ва фазилат. Шуни унутмангки, кўнгил совуши ишимизга мудом зарар келтиради;

Матбуот котибининг нуфузи у хизмат қилаётган ташкилот имижига ҳам сўзсиз таъсир қилади. Ахборот хизмати ходими жамоатчилик орасида ўзларини қандай тутишлари зарурлиги ҳақида мутахассислар фикрига қулоқ тутишлари шарт. Бу борадаги тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Ахборот хизмати ходимларига қуйидаги тавсиялар берилади:

– ОАВ ходимлари билан мулоқотда ҳеч қачон ёлғон сўзламанг;

– тушунарсиз жумла ва ибораларга албатта шарҳ беринг, изоҳланг;

– ўзингизга ҳақиқатдек туюлган гапнинг исботи бўлмаса яхшиси айтманг;

– бирор мавзуни ўзингизча тўқиб чиқарманг, чунки, ташкилот ахборот хизмати номидан сўзлаяпсиз;

– ҳар бир сўзингизни журналистлар текшириб кўриши мумкинлигини ёддан чиқарманг;

– журналистлар, ҳатто, ташкилотингизга мурожаат қилган фуқароларнинг бирор саволини жавобсиз қолдирманг;

– ташкилот раҳбарини вақти-вақти билан ОАВда чиқишини уюштиринг. Бунинг учун раҳбарингиз билан келишган ҳолда журналистларни таклиф этинг;

– Ахборот хизмати фаолияти ҳақида ҳисоботлар ёзиб боришни унутманг.

Ҳар бир Ахборот хизмати бошқа ташкилотларнинг ахборот хизматлари билан мунтазам алоқада бўлиши, уларнинг веб-сайтларини кузатиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Матбуот котиби ўз фаолияти давомида қандай дастур зарур ёки зарур эмаслигини, у жамоатчиликка қандай таъсир этишини билиши даркор. Дастур қачон амалга ошишини, у орқали қандай самарали натижаларга эришиш мумкинлигини билиш тақозо этилади.

***

Ушбу мавзуда соҳа мутахассисларидан бири – филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов (муаллифнинг илмий раҳбари) билан ҳамкорликда тайёрланган қуйидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади.

Матбуот анжуманлари муҳим ахборотдан жамоатчиликни хабардор қилиш учун ўтказилади. Унга пухта тайёргарлик кўриш керак. Чунки етказилаётган маълумотлар ортиқча бўёқларсиз, аниқ далилларга таянган бўлиши шарт.

Матбуот конференциясини тайёрлаш ва ўтказиш тартибининг умумий ва алоҳида (конференция мавзусига, характерига боғлиқ) қоидалари бор. Табиийки, биз кўпроқ умумий қоидалар ҳақида гапирамиз, яхшиси уларни санаб чиқамиз:

1) матбуот анжуманини тайёрлаш ҳақида ташкилот буйруғи, унда барча керакли бандлар ўз аксини топиши;

2) анжуман ўтказиш жойи, кун тартиби, меҳмонлар рўйхати, масъул ходимлар, молиявий таъминлаш, транспорт, келганларни қайд этадиган одамлар, норасмий қисмнинг жойи ва характери, анжумандан ташқари тадбирлар, ташкилот раҳбари билан келишиш;

3) зарур бўлганда меҳмонхоналардан жойлар тайинланиши;

4) тадбирга қатнашаётган барча меҳмонлар ва раҳбарларнинг телефонлари рўйхати;

5) баннер, плакат ва бошқа безатилишга оид воситалар тайёр бўлиши;

6) кириш сўзи тайёр бўлиши;

7) ВИП меҳмонларни кутиб олиш (ва анжуман давомида улар билан бирга бўлиш);

8) меҳмонларни қайд этиш вақти уларга керакли материалларни тарқатиш ва улар ҳақида керак бўлган маълумотларни йиғиш (бу вазифаларнинг ҳар бири алоҳида одамлар бажариши маъқулроқ);

9) адабиётлар, босма, реклама ва ахборот материалларининг тайёрлиги;

10) бейжикларни тарқатиш;

11) анжуман кун тартибининг бир нусхасини фойега осиш;

12) анжуман масъуллари рўйхати ва вазифалари тарқатма материалларда ўз аксини топиши;

13) зарур бўлганда сувенир ва совғалар тайёрлиги;

14) байроқлар тайёрлиги;

15) залда стол ва стуллар етарли бўлиши;

16) микрофон, компьютер, проектор ва аппаратуралар тайёрлиги;

17) чиқишларни ёзиб олиш воситалари тайёр бўлиши;

18) тадбирни ўтказадиган ташкилот логотипи;

19) видеога тушириш масаласи;

20) суратга тушириш имкониятлари;

21) хорижий меҳмонлар бўлса, улар билан боғлиқ протокол тадбирлари;

22) агар шунга зарурат бўлса, тадбирда гапирмоқчи бўлганлар рўйхати ва улар нутқининг матни (тезислари) тайёрлиги;

23) меҳмон (ОАВ)лар учун ёзув (табличка, фуршетка)лар;

24) зарурат бўлганда, уларнинг илтимосларига биноан, айрим меҳмонларни алоҳида ОАВлар билан учрашувларини ташкил этиш;

25) давра стол ёки президиум (модератор, олиб борувчи) учун кун тартиби ва қатнашчилар рўйхатидан ташқари муҳим меҳмонлар ҳақида батафсил маълумотлар;

26) ОАВ учун махсус одам бириктирилиши (ОАВ учун пресс-релиз ва тарқатма материал тайёрлаб туриш, радио телевидение ва матбуотга ким интервью беришини ташкил этиш ва ҳ.к.)

27) столларда ёзиш учун қоғоз ва қаламларни ташкил этиш;

28) барча қатнашчилар учун сув ва стаканлар етарлилигини таъминлаш;

29) ҳаво иссиқ бўлса, ўз вақтида кондиционерларни ёқиб, зални совутиш;

30) маърузачилар етиб келиши (ёки келмаганлигини) раис (модератор)га ўз вақтида билдириш;

31) барча хоҳловчилар учун навбатма-навбат сўз бериш (агар бунинг иложи бўлмаса, энг муҳимларига имконият яратиш);

32) кўп гапирадиганларни ўз вақтида одоб билан тўхтатиш;

33) савол-жавоб қисмига вақт қолдириш ва улар қисқа ҳамда аниқ бўлишини таъминлаш;

34) савол-жавоб пайти қарашлар плюрализмини таъминлаш;

35) зарур бўлганда мунозара қисмига вақт ажратиш;

36) мунозаранинг одоб билан олиб борилишини таъминлаш;

37) тадбир бошлангандан кейин раис (модератор)га керакли маълумотларни етказиб туриш учун махсус бир одамни тайинлаш;

38) кечикиб келган муҳим меҳмонлар билан қатнашчиларни қисқа таништириш;

39) аёлларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш;

40) аппаратура симлари йўл устида бўлмаслигини таъминлаш;

41) кофе-брейк учун ҳамма нарса тайёр эканлигини текшириш;

42) кофе-брейк пайти меҳмонлар бемалол гаплаша олишини таъминлаш;

43) танаффусларни ўз вақтида ўтказиб ишни давом эттириш;

44) тадбирга якун ясаш;

45) меҳмонларни кузатиш ва ҳоказолар.

Бу муҳим ташкилий тадбирлар билан биргаликда ажуманнинг “асосий қаҳрамони” чиқишига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқ даркор. Яъни, унинг маърузаси бугунги аудиторияга мос тушиши керак. Шунингдек, унинг нутқида машҳур шахсларнинг мавзу доирасидаги бир-иккита қизиқарли фикрлари келтирилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу билан бирга қаҳрамоннинг ташқи кўриниши, нутқининг таъсирчан ва эсда қоларлилиги, жумлаларнинг грамматик жиҳатдан тўғри тузилганлиги, аниқ ва равонлиги, хатти-ҳаракатлардан, имо-ишоралардан тўғри фойдалана олиши матбуот анжуманининг муваффақиятли ўтишига замин яратади.

Бундан ташқари, ахборот хизмати ходими аввало ўз идорасида тайёргарликни бошлайди. Яъни, у раҳбари билан маслаҳатлашган ҳолда қуйидагиларни аниқлаб олиши зарур:

– анжуман журналистлар бемалол етиб келишлари учун қулай манзилда ўтказилиши, ўша хона кенг ва ёруғ, шовқин-сурондан йироқ бўлиши лозим. Токи, телекўрсатув ё радиоэшиттириш тайёрлашда ноқулайлик бўлмаслиги зарур. Столлар иложи борича айлана шаклида жойлашиши, анжуманга келган мутасадди раҳбарлар ва журналистлар бемалол юзма-юз мулоқот ўтказиши учун қулай бўлиши лозим. (Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида ана шу қулайликлар яратилган);

– конференция ўтказиладиган вақти (йил, ой, кун, соат, дақиқасигача) аниқ бўлиши ва бу ҳақда тегишли ОАВ ходимларига бир ҳафта камида уч кун илгари хабар берилиши шарт. Бу хабар журналистларга таклиф сифатида айтилиши ҳам мумкин;

– журналистлар олдиндан конференция мавзусини сўраган тақдирда уларга, албатта, тўғри ахборот бериш муҳимдир. Айрим журналистлар радиода ёки телекўрсатувларда анонс беришлари ҳам мумкинлигини ёдда тутиш зарур;

– ташкилот раҳбарини таклиф этилган журналистлар рўйхати билан, албатта, таништириш даркор. Таклиф этилмаган журналистлар ҳам ташриф буюришлари ва конференцияда фаол иштирок этишлари ва бу ҳақда ОАВда ёритишлари мумкин (фақат аккредитациядан ўтган журналистлар билангина ўтказиладиган матбуот конференциялари бундан мустасно);

– анжуманда ташкилот раҳбари ва яна қайси масъул шахслар нималар ҳақида гапиришлари хусусида ахборот хизмати ходими келишиб олиши муҳимдир;

– журналистлардан кутилаётган тахминий саволлар рўйхатини раҳбарга тақдим этиш (бу ишда ахборот хизмати ходимидан жуда зийраклик талаб этилади. У ўша мавзу доирасида журналистлар қандай саволлар бериши мумкинлиги ҳақида сўровлар ўтказиши, ОАВ вакилларининг фикрларини ўрганиш йўли билан берилиши мумкин бўлган саволлар рўйхатини тузиши мумкин);

– конференцияда иштирок этаётган ташкилот мутасаддилари олдида уларнинг исми шарифлари, лавозимлари ёзилган лавҳа туриши шарт. Токи, анжуман иштирокчилари кимлар билан мулоқот қилаётганини билиб турсинлар;

– конференцияга ташриф буюрган журналистларни рўйхатда қайд этиш ва шу ернинг ўзида улар учун қулай бўлган тилда ёзилган пресс-релизларни тарқатиш лозим.

Конференцияни одатда матбуот котиби бошқаради.

У аввало, тегишли мутасаддиларга, сўнг, навбати билан журналистларга сўз беради. Бунинг учун матбуот котиби имкон қадар ўша журналистларнинг исми шарифларини, қайси ОАВдан ташриф буюрганини билиши даркор.

Ахборот хизмати ходимидан бири анжуманда берилаётган савол-жавобларни ёзиб бориши мақсадга мувофиқ. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам мақола ёзиши мумкин.

Журналистлар орасида атай «шов-шувли» савол берадиганлари ҳам учраб туради. Бундай пайтда эса ахборот хизмати ходими вужудга келган ноқулай вазиятдан усталик билан чиқиб кетишга ҳаракат қилиши зарур.

Масалан, Россия ички ишлар вазирига шундай савол беришган: «Фалон жойда кеча бир милиция ходими порахўрлик қилганидан хабардормисиз? У ҳақда нима дея оласиз?»

Шунда даврани бошқараётган Россия ички ишлар вазирининг ахборот хизмати ходими журналистнинг саволига савол билан жавоб қайтарган: «Сиз ўғлингиз айни вақтда нима ишлар билан шуғулланаётганини биласизми?»

Табиийки, анжуман иштирокчилари ахборот хизмати ходимининг топқирлигига тан беришган. Бироз мулзам бўлган журналистни вазирнинг ўзи ноқулай аҳволдан қутқарган. Яъни, ўша милиция ходими ҳақида ёзиб беришини сўраган ва унга қандай чора кўрилгани ҳақида навбатдаги анжуманда маълум қилинишини айтган.

Ташкилот мутасаддилари ва журналистлар ўртасидаги мулоқот майдони – матбуот конференцияси ҳисобланади. Бу матбуот анжуманида энг муҳими – ташкилот мутасаддилари ва ОАВ вакиллари томонидан фикр икки томонлама тингланади. Матбуот анжуманларида ҳам ОАВ ходимлари аввало ахборотга эга бўладилар ва уни ҳозиржавоблик билан ёритишга киришадилар. Иккинчидан, улар юзма-юз мулоқотда ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита ўша мутасаддидан жавоб оладилар. Бу ахборотнинг янада сермазмун, фактларга бой бўлишига хизмат қилади.

Мутахассислар фикрича, матбуот анжуманидаги «мураккаб саволлар кўрилаётган масаланинг туб моҳиятини очиб беришга хизмат қилиши» бу тадбирнинг қанчалик муҳим эканлигини кўрсатади. Матбуот анжумани орқали кенг жамоатчилик билан ўрнатиладиган алоқадан ташкилот фақат ютади.

Баъзи ташкилотлар матбуот анжуманини «зарурат пайдо бўлганида» ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. «Зарурат йўқ» деб, ойлаб матбуот конференцияси ўтказмаслик ҳам жамоатчилик билан алоқаларнинг мустаҳкамлигига зид. Чунки ташкилот ва унинг жамоатчилиги тенг ҳуқуқли ва ўзаро боғлиқлигини ёддан чиқармаслик даркор.

Ахборот хизмати – уни ташкил этган ташкилот ё муассаса билан ОАВ ўртасида ижтимоий кўприк, дейиш мумкин. Бу «кўприк» матбуот конференцияларида яққол намоён бўлади.

Ахборот хизмати ходимининг касб маҳорати бутун фаолияти давомида, айниқса, матбуот анжуманларида намоён бўлади. ОАВ ходимлари билан мулоқот пайтида у нима қилиши ё қилмаслиги лозим, деган саволга мутахассисларнинг фикрларини эътиборга олган ҳолда қуйидагиларни тавсия этамиз:

– доимо ҳақиқатни гапириш, ҳушёр ва ростгўй бўлиш зарур. Сизга бўлган ишонч айнан ана шунга боғлиқ;

– саволга жавобни билмаган тақдирда, «билмайман» деб ростини айтиш жоиз. Бундай вазиятда ҳаммасини тез орада аниқлаб беришингизни ваъда қилганингиз маъқулроқ. Саволга ноаниқ жавоб берсангиз, бунга ойдинлик киритиш истагингиз борлигини айтинг;

– тушунарли ва равон тилда гапиринг, адабий тил нормаларига риоя этишингиз ахборот хизмати фаолиятида муҳим ўрин тутади. Сўзларингиз ёзиб олинаётгани доимо ёдингизда турсин;

– иложи борича ОАВ ходимлари билан яхши муносабатда бўлинг, сўзларингиз нотўғри талқин қилинган бўлса, журналистларга қўнғироқ қилиб, ойдинлик киритинг. Хатоларни мулойимлик билан кўрсатиб, уларга ишонарли далил-исботлар келтиринг;

– воқеа-ҳодисалар шунчалик тез содир бўладики, ўзингиз, расмий кишилар, вазирлик ё ташкилотлар нималарга эришганини ёддан чиқариб қўймаслик учун албатта, улар ҳақида иш дафтарингизга ёзиб боринг;

– журналистлар қўнғироғига вақтида жавоб қайтаринг ё ҳеч бўлмаса бу ишни ёрдамчингизга юклаб қўйинг;

– журналистларга муҳим бўлган ахборотни ўз вақтида топиб беришга ҳаракат қилинг, гарчи бунга қўшимча куч талаб қилинса ҳам… Бу зарур ахборотнинг ОАВда ёритилишида ҳозиржавобликни таъминлашга хизмат қилишини унутманг;

– хушчақчақ кайфиятда юриш ахборот хизмати ходимига хос хислат ва фазилатдир. Шуни унутмангки, кўнгил совуши ишимизга мудом зарар келтиради. Агар сизда хушчақчақлик туйғуси бўлмаса, ишингиз беҳуда машғулотга айланиб қолади;

Ахборот хизмати ходимининг нуфузи у хизмат қилаётган ташкилот имижига ҳам сўзсиз таъсир қилади. Ахборот хизмати ходими жамоатчилик орасида ўзларини қандай тутиши зарурлиги ҳақида мутахассислар фикрига қулоқ тутишлари фойдадан ҳоли бўлмайди.

Соҳа мутахассислари уларга шундай тавсиялар беришади:

– ҳеч қачон ёлғон сўзламанг, ҳеч қачон «шарҳларсиз» гапирманг, хаёлингиздаги гапни ҳақиқат деманг, ўзингизча тўқиманг, билмасангиз ўйлаб топманг. Қобилиятли журналистлар барча нарсани текшириб кўрадилар. Агар хатога йўл қўйган бўлсангиз, сизга бўлган ишонч сўнади;

– бирор саволни жавобсиз қолдирманг, агар янгиликлар борасида етарли маълумотга эга бўлмасангиз, уларни тавсия қилманг;

– инқирозга дуч келганда ундан чиқиш режаси бўлсин. Ҳақиқий маълумотлар орқали зудлик билан журналистларга мурожаат қилинг;

– раҳбариятни вақти-вақти билан матбуотда чиқишга жалб қилинг. Ўз ходимларингизга ахборот бериб туринг. Ахборотлар ҳаққонийлигига доимо эътибор беринг.

Ахборот хизмати ходими ўз фаолияти давомида қандай дастур зарур ёки зарур эмаслигини, у жамоатчиликка қандай таъсир этишини билиши даркор. Дастур қачон амалга ошишини, у орқали қандай самарали натижаларга эришиш мумкинлигини билиш тақозо этилади.

Ахборот хизматларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда илмий, назарий ва амалий тажрибаларга таянган ҳолда иш тутган ташкилот ҳамда матбуот котиби кўзлаган мақсадларига эришади.

PR амалиётининг ёрқин ифодаси бўлган матбуот анжуманида халқ фикри, таклифлари ўрганилиши учун қулай вазият вужудга келади. Ушбу жараёнда ташкилот ўз фаолиятининг самарасини ошириш мақсадида ўз фаолияти ҳақида ахборот тарқатади. Бу ахборот мақсадли равишда амалга оширилади. Жамоатчилик билан алоқалар журналистикада ҳам энг яхши, қулай ва самарали алоқалардан ҳисобланади. У «тўртинчи ҳокимият»нинг ҳам жамоатчилик орасида мавқеини оширади.

Ахборот хизмати фаолияти самарасини матбуот конференцияларида яққол кузатиш мумкин. Журналистлар нафақат ўзларини қизиқтирган мавзуда, балки, кенг омманинг фикрларини ифода этишга интиладилар.

Суҳбат, баҳс, мунозараларда эса жамоатчиликнинг фикрлари акс этиши шубҳасиз. Саволларга берилган жавоблар ҳақида ҳозиржавоблик билан ОАВда ёритилади. Унга ўз навбатида фуқаролар ҳам муносабатларини билдиришлари мумкин. Шу тариқа ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари мустаҳкамланиб бораверади.

ОАВда акс этаётган жамоатчилик фикрлари орқали уларнинг ташкилот фаолиятига қанчалик қизиқиш билан қарашларини илғаб олиш мумкин. Газетада ёритилган долзарб мавзудаги мақолалар биринчи галда шу соҳа мутахассисларида қизиқиш уйғотади. Ташкилот фаолиятининг муттасил ОАВда ёритилиши ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу ўринда ОАВ ва матбуот кенг маънода ижтимоий-сиёсий, информацион фаолиятнинг доимий иш кўрувчи, серкўлам, ҳозиржавоб, таъсирчан, жанговар кўриниши эканлигини намоён этган ҳолда жамиятдаги мавжуд ғоялар ва одамларнинг уларга қарашлари ва муносабатларини акс эттиради. Матбуотда расмий хабарлар матни қисқа, лўнда қилиб ёзилади. Унда кўрилган масалаларнинг моҳияти, қонун ва қарорлар, белгилаб олинган вазифалар аниқ ифода этилади. Одамлар ҳар куни танишиб борган газетаси орқали уни чоп этган ташкилотни таниши, билиши ва унинг жамоатчилигига айланиши мумкин. Барча нашрлар умуммақсад йўлда хизмат қилса бас. Кўпинча таҳририят ходимлари матбуот конференцияси ҳақида ёзишда камчиликларга йўл қўйишади. У ҳолда, шундай анжуман ўтказишдан муддао нима, деган саволга газета саҳифасидан етарли даражада жавоб топиш қийин. Бундай хабарлар матбуот анжумани ва унда кўтарилган масалалар ҳақида керакли ахборотни бера олмайди ва тадбир таъсирчанлигини туширади.

Аслида, анжумандаги энг муҳим ахборот аввало ташкилот матбуот хизмати тарқатган пресс-релизда акс этса, иккинчиси, савол-жавоблар асносида юзага чиқади. Бундай савол-жавоблар замирида жамоатчиликка етказилиши зарур бўлган ахборотлар ОАВда ўз аксини топиши зарур.

Матбуот хизмати фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши учун қуйидаги вазифаларни амалга оширишлари лозим:

– ташкилот фаолияти ҳақида ОАВ орқали тезкорлик билан, доимий равишда ҳаққоний ахборот тарқатиш;

– ташкилот фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиб туриш;

– ташкилот томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий актлар, расмий ахборотларни аҳолига ўз вақтида етказиш, уларни таҳлил қилиб бориш;

– ташкилотдан оммавий ахборот воситалари учун мунтазам равишда ҳеч монеликсиз ҳамда ишончли ахборот олишни йўлга қўйиш;

– ташкилот фаолияти ҳақида ахборотлар тарқатиш;

– ОАВ орқали ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ахборот алмашинувини таъминлаш;

– ташкилот фаолияти хусусида кенг жамоатчиликнинг фикри ҳамда муносабатларини ўрганиб бориш, уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги иштирокини кенгайтириш.

Қолаверса, ахборот хизмати фаолияти ва матбуот анжуманини қай даражада ва қай тарзда ёритиш журналистларнинг ҳам ижодий маҳоратига боғлиқдир. Бу борада ҳам ахборот хизмати ходими журналистлар билан яқин алоқада бўлиши ва улар билан ижодий ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқдир. ОАВда акс этаётган жамоатчилик фикрлари орқали уларнинг ташкилот фаолиятига қанчалик қизиқиш билан қарашларини илғаб олиш мумкин. Газетада ёритилган долзарб мавзудаги мақолалар биринчи галда шу соҳа мутахассисларида қизиқиш уйғотади. Матбуотда расмий хабарлар матни қисқа, лўнда қилиб ёзилади. Унда кўрилган масалаларнинг моҳияти, қонун ва қарорлар, белгилаб олинган вазифалар аниқ ифода этилади. Одамлар ҳар куни танишиб борган газетаси орқали уни чоп этган сиёсий ташкилотни таниши, билиши ва унинг жамоатчилигига айланиши мумкин. Барча нашрлар умуммақсад йўлида хизмат қилса бас.

3

МАТБУОТ КОТИБИ МАҲОРАТИ

(Амалий ашғулот учун)

Газета ё журнал таҳририятида фаолият кўрсатаётган журналистдан асосан долзарб ва қизиқарли мавзуларда мақолалар ёзиш талаб этилади. Телевидение ижодкорларидан шундоқ кўрсатувлар, радиожурналистдан эшиттиришлар кутилади. Ташкилот матбуот котиби эса хабар, мақолалар ёзишда ҳам, кўрсатув ёки эшиттириш тайёрлашда ҳам ижодий маҳорат бобида улардан кам бўлмаслиги лозим.

Оддий журналист кўп тил билса бош устига, мабодо, она тилидан бошқасини унчалик билмаса ҳам бемалол ишлайверади. Бироқ, матбуот котиби она тилимиз билан бир қаторда рус тилини ҳам мукаммал билиши шарт! Чунки, у фаолияти давомида русийзабон журналистлар билан ҳам бирдек мулоқотда бўлади. Матбуот котиби моҳир ташкилотчи ҳам бўлиши зарур. Марказий сайлов комиссияси матбуот гуруҳи раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаевда шу фазилатларнинг барчаси бирдек мужассам эди.

Бирор кўрсатув тайёрлаётган тележурналистлар интервью берадиган кишиларга аввало қандоқ ҳаракатланиши, телекамера қаршисида ўзини қандай тутиши, сўзлаётганида нималарга эътибор қаратиши зарурлигини ўргатаётганларини кўп кузатганман. Сайлов жараёнларига оид кўрсатув тайёрлашга келганлар эса Шерзодхон Қудратхўжаевдан маслаҳат сўрарди. Очиғи, матбуот гуруҳимиз раҳбари кўрсатув тайёрлашга келган телевидение ходимларига маҳорат бобида сабоқ ҳам берарди. Яъни, қайси объектни қандоқ тасвирга тушуриш, бошловчи нималарга эътибор қаратиши, қайси масъул шахсдан қай тарзда интервью олиш лозимлигини қойиллатиб кўрсатарди. Четдан кузатилганда Шерзодхон Қудратхўжаев режессёрлик қилаётганга ўхшарди. Амалда шундай бўларди ҳам.

2000 йил декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари миллий телерадиокомпаниямиз томонидан кенг ёритилишида Шерзодхон Қудратхўжаев қанчалик жонбозлик кўрсатганини кўпчилик яхши билади. Ўша сайлов куни юз берган бир воқеани ҳануз ҳаяжон билан эслаб юрамиз. Сайлов куни Тошкентдаги муҳташам Миллий матбуот марказида ҳар икки соатда матбуот анжумани ўтказилиши ва “Ўзбекистон” каналида тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилиши режалаштирилди. Эрталабдан матбуот анжуманига ҳамма нарса тахт қилиб қўйилди.

Соат 9.00 да биринчи матбуот анжумани бошланди. Маҳаллий ва хорижлик журналистлар, халқаро кзатувчилар ҳозир бўлган даврани Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг матбуот котиби Шерзодхон Қудратхўжаев ўзбек ва рус тилларида бирдек бийрон сўзлаб бошқарарди.

Анжумандан сўнг барча журналистлар сайлов участкаларига чиқиб кетишди.

Навбатдаги матбуот анжуманларимиз ҳам рисоладагидек ўтди. Катта сайлов бўлаётганига яраша бирор кўнгилсиз воқеа юз бермаётганига баъзи хорижлик журналистлар жиғибийрон бўлаётганга ўхшарди наздимда.

Адашмаган эканман, ниҳоят улар “бир кўнгилсиз воқеа юз берганини” кашф қилгандек тапир-тупир қилганча келиб қолдилар. Миллий матбуот марказининг залворли эшигини шахт очганча ичкарига ёпирилиб келишди. Бу пайт камина фойеда тургандим. Гуруҳимиз раҳбари ичкарироқда ким биландир суҳбатлашаётганди. Хорижлик журналистлар ўз микрафонларига қараб айтаётган гапларини аниқ эшитиб турардим:

– Ҳурматли радиотингловчилар! Мана, Тошкентдаги Миллий матбуот марказига кириб келдик. Суҳбатдошимиз Марказий сайлов комиссияси матбуот гуруҳи масъул ходими Тўлқин Эшбек бўладилар. Ҳозир уларнинг сўзларини тинглайсиз…

Шу лаҳзада беш-олтита хорижлик журналистларнинг микрофонлари ёппасига менга қаратилди. (Бунақасини шу пайтгача фақат чет эл киносида кўргандим). Ана, холос! Демак, “Америка овози”, “Озодлик”, “Би-би-си”, “Маҳшад”, “Франс-пресс”, “Немис тўлқини” каби радиоларда эшиттириш тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Ҳозир оғзимдан чиққан ҳар бир сўз шу лаҳзаларда курраи заминга таралади!

Юртимизга нур эмас, кир қидириб келганлари авзойидан кўриниб турган хорижликлар қанақа қитмир саволлар билан гангитиб қўйишмоқчи? Ўзларича “очко” ишламоқчими? Бундай пайт унча-мунча одам довдираб қолиши ҳеч гапмас… Энг ёмони, уларнинг саволига қайтарган энг тўғри жавобинг ҳам тескари айланиб кетмайди, деб ким кафолат беради?

Уларга шу керак-ку. Мана шундай антиқа ҳол юз бериши ва улар қилдан қийиқ топиб дунёга дўмбира қилиш учун қанча тайёргарлик қилиб келишмаган дейсиз.

Улар орзиқиб кутган тўфон бошланиши керак эди шу дамда.

Худди шу тўфонга мен тушиб қолсам-а…

Юз-кўзларида ғалати ҳаяжон акс этиб турган хорижликлар ўзларича “нишонга урадиган” саволини бердилар:

– Президентликка номзоди қўйилган Абдулҳафиз Жалолов ҳозиргина сайловда овоз бергач, ундан кимнинг номзодига овоз берганини сўрадик. У Ислом Каримов номзодини ёқлаб овоз берганини билдирди. Айтинг-чи, унинг бу жавобини қандоқ изоҳлаш мумкин?

Ҳурматли ўқувчим! Хўш, бунақа саволга сиз нима деб жавоб берган бўлар эдингиз? Ўша лаҳзада ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўринг-чи… Кутилмаганда бўғзингга пичоқ тирагандек авзойибузуқ кимсалар шунча микрафонни “ўқталиб” туришса…

Уларнинг саволига қайтарган жавобинг сени ё бор қилади ёки…

Бундай пайт “Узр, бу саволингизга жавоб беролмайман” деб кўр…

Кейин кўрасан томошани…

“Ана, бундай ҳолга ҳатто фалончи ҳам жавоб беролмай гангиб қолди” деб шарҳлаб (таъбир жоиз бўлса, шохлаб!) ташламайдими?

Ўзимни вазмин тутишга ҳаракат қилиб, шундай дедим:

– Сизнинг бу саволингизга батафсилроқ жавоб бериш учун сўзни эҳтиром билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг матбуот котиби Шерзодхон Қудратхўжаевга бераман.

– Ташаккур, ташаккур,– дейишганча хорижлик журналистлар уч-тўрт одим нарида турган гуруҳ раҳбаримиз томон дув этиб ошиқдилар.

Шу ўринда бир гап; бирор кишига туйқусдан савол берилганида гоҳо ўша шахс бироз довдираб қолиши мумкин. Уни кузатиб турган киши ёдига мухтасар жавоблар келаверади. Чамаси, ўша пайтда худди шундай ҳол юз берди. Ҳалиги вазиятни жуда эътибор билан кузатиб турган тажрибали журналист Шерзодхон Қудратхўжаев ўша саволга дадиллик билан шундай жавоб қайтарди:

– Биринчидан, сайловда ҳамма нарса ошкора, фақат овоз бериш яширин бўлишини ҳамма яхши билади-ку. Иккинчидан, Жалолов номзод бўлиш билан бир қаторда сайловчи сифатида хоҳлаган номзодига овоз бериши мумкин. Учинчидан, сайловда овоз берган кишидан “кимга овоз бердинг?” деб сўраш умуман журналист этикасига, мантиққа тўғри келадими? Жалолов бу саволингизга жавоб бермаслиги ҳам мумкин эди! Модомики, саволингизни жавобсиз қолдирмаган экан, уни дўмбира қилиш халқаро миқёсда қайси журналист одобига тўғри келади?

Матбуот гуруҳи раҳбарининг дунёга татигулик қуйма жавобларидан хорижлик журналистларнинг нафаси ичига тушиб кетди чоғи. Бирортаси миқ этолмай қолди… Боя бостириб келганларидаги важоҳатларидан асар ҳам қолмаганди. Ор-номуслироқлари хижолат чеккани гезарган юзларидан кўриниб турарди. Пушмон қилгандек биттасининг шундай пичирлагани қулоққа чалинди:

– Раҳмат, ий-й, узр…

Бошини хам қилиб кетаётган хорижликлар ортидан “ажаб бўпти!” деб кулиб қараб қолдик.

1 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Вильямс, 2003. Б. 372.

2 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 55.

3 Ўша манба. Б. 7-15.

4 Қаранг: Салливан М. Масъул матбуот хизмати. Regional Program Offise. Vienna. RPO. –Т.: 2002. Б. 7-15.

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Ushbu ma’ruzadan matbuot anjumanini tayyorlash va o’tkazilish tartib qoidalarining barcha ikir-chikirlari, matbuot kotibining vazifalari, matbuot anjumanining maqsadi, matbuot kotibining mahorati haqidagi ma’lumotlarga ega bo’ldim. Rahmat.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *