Матбуот — маънавият булоғи

Сўнгги 60 йил мобайнида Устоз журналист-олим ва адиб Мухтор Худойқулов

сабоқларини олмаган ижодкор топилмаса керак. Умрининг 60 йили ЎзМУ Журналистика факультети билан боғлиқ Устоз бир неча авлод ижодкорларига сабоқ бериш баробар ўзлари ҳам қалам тебратишда ўрнак кўрсатган. Устозга ҳамиша омонлик тилаб қоламиз, дейди Дониш домла қуйидаги мақолани ўқишни тавсия этаркан.

5

Суратда: ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов Журфак домлалари Мухтор Худойқулов ва Юсуф Ҳамдамов билан янги авлод ижодкорларини тарбиялаб камолга етказиш хусусида суҳбатлашмоқда (2018 йил 9 май).

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Суратда: (чапдан) Журфак домлалари Мухтор Худойқулов, Шавкат Миралимов ва Тўлқин Эшбек ЎзМУ Маданият саройида ўтказилаётган илмий анжуманда (2011 йил 21 ноябрь).

МАТБУОТ — МАЪНАВИЯТ БУЛОҒИ

Маълумки, жамиятда оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрни беқиёсдир. Инсоният ҳозирги даврнинг, ақл-тафаккурнинг бемисл ютуқларини газета ва журналлар, радио ва телевидение, ахборот агентликлари ва интернет тармоғи орқали англаб етмоқда. Ўтган асрда сохта ғоялар соясида қолиб, оммага етиб бормаган ҳаёт ҳақиқатлари эндиликда кенг ва ҳар томонлама ўз ифодасини топмоқда. Мустақиллик ана шундай имкон яратди.

Матбуотнинг асосини реал воқелик ташкил этади, у ижтимоий ҳаётда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларнинг туб сабабларини ўзида  акс эттиради, уни ўрганади, таҳлил қилади ҳамда воқеликка қайтадан таъсир кўрсатади. Таъбир жоиз бўлса, матбуот  ҳаётнинг ўзидан қайнаб чиқиб унга ҳаётбахш оқим сифатида қайтадан қуйилувчи маънавий чашмадир.

Оммавий ахборот воситаларининг  доимий бажарадиган ижтимоий вазифаси — тасвир, таҳлил ва таъсир қилишдир. Бунда тасвир, яъни ижтимоий ҳаётни акс эттириш, кишиларни хабардор қилиш муҳим ўрин тутади. Ушбу вазифани бажаришда газеталар асосий воситачи ҳисобланади ва унинг асосий иши жамият ҳаётидаги энг янги факт, воқеа ва ҳодисаларни тасвирлаш, шу куннинг тарихини тўлалигича акс эттиришдан иборатдир.

Матбуотнинг тасвир функцияси орқали хабардор қилиш вазифасини бажаришда журналистиканинг асосий жанрлари хизмат қилади. Булар − информация (хабар), кенгайтирилган хабар, репортаж, ҳисобот, интервью, лавҳа кабилар бўлиб, уларда публицистик руҳ ўз ифодасини топади. Матбуотнинг мақола, шарҳ, суҳбат, очерк, эссе, фельетон, памфлет каби жанрлари гарчи ҳаётнинг чуқурроқ  қатламларини акс эттиришга мўлжалланса-да, уларнинг асосида ҳам тасвир, хабар бериш ётади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан йўналиш олган оммавий ахборот воситаларимиз  ижтимой ҳаёт воқеаларини янада кенгроқ, чуқурроқ, холис, тезкорлик билан ёрита бошладилар, газеталаримиз, журналларимиз янада қизиқарли, ўқимишли бўлиб бормоқда. Бунда матбуотнинг бош функцияси — тасвир ҳар тарафлама қўл келмоқда.

Аммо матбуот ҳаётни оддийгина қайд этиш, у ҳақда хабар бериш билангина чекланиб қолмайди, балки ундаги факт, воқеа ва ҳодисаларнинг ички моҳиятини ҳам очиб беради, муштарийларга тушунтиради, таҳлил қилади, баҳолайди, хулосалар чиқаради, маъқуллайди ёки инкор этади. Бу матбуотнинг иккинчи  бош ижтимоий вазифаси — таҳлил функцияси ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, матбуотнинг тасвир функцияси ижтимоий ҳаётнинг устки, кўзга кўриниб турган қатламларини акс эттирса ва онгнинг устки қатламига таъсир қилса, таҳлил  ижтимоий ҳаётнинг чуқур қатламларини ўзида акс эттиради ва инсон онгининг чуқур қатламларига таъсир кўрсатади.

Матбуот ўз ижтимоий вазифасини бажариш орқали оммага ҳаётдаги фактлар, воқеа ва ҳодисаларнинг ички сабабларини, моҳиятини очади, тушунтиради, изоҳлайди, бизни ўраб турган дунё ҳақида чуқур билим беради, жуда кўп, зарур ҳаётий тажрибалар, тушунчалар билан қуроллантиради. Матбуотнинг хабардор қилиш вазифаси сингари таҳлил ҳам жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш ва маданий-маънавий ҳаётининг барча томонларини қамраб олади. Жамият ҳаётида матбуот аралашмайдиган бирон бир соҳа қолмайди.

Матбуотнинг таҳлил қилиш вазифаси жамият ҳаётининг муҳим муаммоларини ҳал қилишда, иқтисодий-ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштиришда, маданий-маънавий ҳаётнинг янада тараққий этишида муҳим роль ўйнайди. Оммавий ахборот воситаларининг бу амалиёти ижтимоиёт, иқтисодиёт, фан-маданият, адабиёт ва санъат ҳамда жамиятнинг барча соҳаларидаги муаммоларни акс эттириш ва ҳал этишда, инсоният тамаддунининг янада ривож топишида катта ўрин тутади, у ўқувчиларга ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, ахлоқий, илмий, адабий-эстетик билим беради, одамни тарбиялайди.

Матбуотнинг турлари ўртасидаги ўзаро меҳнат тақсимотига мувофиқ  газеталар кўпроқ тасвир функциясини,  журналлар  эса асосан таҳлил функциясини бажаради. Радио   ва телекўрсатувларда   тасвир ва таҳлил функциялари  ўзаро мутаносиб равишда жой олади. Интернет тармоқларида тасвир ва таҳлил функциялари уйғунлашиб кетади. Матбуотнинг бу ижтимоий юмуши  унинг маърифий, эстетик завқ бериш, дам олдириш хусусиятлари билан ҳам боғланиб кетади.

Таҳлил функциясини бажаришда  журналистлар, публицистлар, олимлар, жамоат арбоблари, сиёсатчилар ва мутахассислар иштирок этади. Таҳлил амалиётини  адо этишда корреспонденция (кенгайтирилган хабар), мақола, тақриз, шарҳ, кузатув ҳамда бадиий публицистиканинг очерк, фелъетон, памфлет  каби жанрлари алоҳида ўрин тутади. Маълумки, бу жанрлар ўз ҳажми ва жанр талаблари билан ахборий жанрлардан ажралиб туради ва улар ҳаётнинг чуқур  қатламларини ўзида акс эттиради.

Шу билан бирликда,  матбуотнинг таҳлил функцияси бажарилишида илм-фанга доир тадқиқот  усуллари — фактларни солиштириш, умумлаштириш, хулосалар чиқаришдан кенг фойдаланилса, бадиий публицистика   жанрларида образлилик, жонлантириш, типиклаштириш, сюжет, композиция каби адабий-бадиий усуллар кенг қўлланилади ва улар ҳаётни теран таҳлил этишда ёрдам беради. Таҳлил функцияси  журналистдан   ҳаётни чуқур билишни, ижтимоий ҳаётнинг у ёки   бу соҳасига махсус ихтисослашишни талаб этади.

Мустақиллик даврида сўз эркинлигига эришган ўзбек матбуотида  тасвир билан бир қаторда таҳлил функцияси ҳам тобора такомиллашиб  бормоқда. Оммавий ахборот воситаларининг таҳлилий вазифаси ҳам сезиларли даражада кенгайди, чуқурлашди, у замонамизнинг, энг муҳим, долзарб масалаларини ёритишда, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, ҳар тарафлама янада юксалиш ғояларини омма онгига сингдиришда фаол хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасига йўллаган табригида газета зиммасига: “Газета юртимизда демократик ислоҳотлар, ҳудудлардаги беқиёс бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг аҳамияти ҳамда натижаларини холис ва ҳаққоний ёритиш, аҳоли вакиллари ва жамоатчилик фикрини шакллантириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни таҳлилий материаллар орқали дадил кўтариб чиқиб, ахборот майдонида муносиб ўрин олиш”, каби вазифаларни ҳам юклаган эди.

Бу вазифалар юртимиздаги барча мавжуд оммавий ахборот воситаларига ҳам тегишлидир. Матбуот ҳаётдаги факт, ҳодиса ва воқеаларни бемалол,  монеликларсиз, умуминсоний нуқтаи назардан, холис, илмий-объектив таҳлил қилар экан, унинг ҳаётга таъсири ҳам шунчалик ортади. Ана шу ижтимоий вазифани яхши англаш, унга хизмат қилиш ҳар бир журналистнинг бурчи ва кундалик ишидир. Матбуот саҳифаларида танқидий материаллар қатори, жамиятдаги ижтимоий камчилик ва нуқсонларни енгил кулгу орқали бартараф этишга хизмат қилувчи  ҳажвий публицистика  жанрига етарли ўрин бериш жамият тараққиёти учун муҳим аҳамият эга.

Матбуот зиммасида турувчи ижтимоий вазифаларнинг учинчи босқичини — таъсир функцияси белгилайди. Оммавий ахборот воситалари ижтимоий онг кўриниши сифатида ижтимоий борлиқни тасвирлаб, уни билиб, тадқиқ этиш билан чекланмасдан, унга қайтадан таъсир ҳам кўрсатади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкин, газеталарда чоп этилган материаллар ўқилиб, эшитилиб, кўрилибгина қолмасдан ҳаётда ўзгариш ҳам ясаши керак. Матбуотнинг таъсир функцияси унинг тасвир ва таҳлил амалиётлари билан  чамбарчас боғлиқ, яъни у мазкур икки ижтимоий вазифанинг мантиқий давоми ҳисобланади. Қайси матбуот нашри, оммавий ахборот воситалари ҳаётни кенг, холис ва керакли даражада ёритса, худди шу тарзда чуқур таҳлил қилса унинг таъсири ҳам юқори даражада бўлади. Аксинча, ҳаёт воқеалари саёз, бир ёқлама, шунчаки, баландпарвоз тарзда тасвир этилса ва таҳлил ҳам юзаки бўлса таъсир ҳам шунга яраша кўриниш касб этади.

Матбуотнинг ҳаётга таъсири икки хил: бевосита ва билвосита бўлади. Бевосита таъсир ҳаёт воқеаларининг тасвири ва таҳлил орқали ўқувчилар онгига, ҳис-туйғуларига таъсир кўрсатишдир. Бу — материалларнинг таъсирчанлиги, муҳимлиги, қизиқарлилиги, факти, тузилиши, маҳорат билан ёзилганлигига боғлиқ. Бунга матбуотнинг тасвир ва таҳлил амалиётларини етарли даражада бажарилиши орқали эришилади. Матбуотнинг таъсир функциясини бажаришда  жамоатчилик фикрини шакллантириш асосий ўрин тутади. Жамоатчилик фикрини акс эттириш — журналистика ва  публицистиканинг бош масаласидир. Матбуотнинг ҳаётга билвосита таъсири эса материалларнинг самарадорлиги, яъни натижа бериши билан ўлчанади. Газетада кўтарилган ҳар қандай муаммо ҳал этилса, танқидий чиқишлар ўз самарасини берса ва жамият бошқарувининг  қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти аралашуви натижасида ҳаётга татбиқ этилса ана шунда вазифа бажарилган бўлади. Ҳаётга билвосита таъсир этишда матбуот нашрларининг, журналистларнинг ташкилотчиликлари ҳам асосий роль ўйнайди.

Шуни айтиш керакки,  ҳозирги кунимизда матбуотнинг таъсир функциясининг амалга оширилишида айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Газета ва журналлар саҳифаларида босилган танқидий материалларга тегишли ташкилотлар ўз муносабатларини билдиришлари шарт, агар бу муҳим иш амалга оширилмаса омавий ахборот воситалари ёритган муҳим масалалар, танқидий материаллар қоғозда, экранда ёхуд интернет саҳифасида қолиб кетаверади. Жамиятда тўртинчи ҳокимият ҳисобланган матбуот ўзидан юқоридаги суд, ижро ва давлат ҳокимиятлари билан биргаликда иш кўриш орқалигина ўз функцияларини амалга оширади. Қоғозда ёзилган, ёхуд эфирда айтилган, телевизор экранларида кўрсатилган, интернет тармоқларида келтирилган танқидий материаллар, мулоҳаза ва муҳокамалар ҳаётга табиқ этилади ва бундан жамият ҳам фойда кўради.

Республикамизда жорий этилган фуқароларнинг фикр ва шикоятларини қабул қилиб, уларни ҳал этувчи халқ қабулхоналари матбуот материалларига кўпроқ эътибор қаратишса, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган танқидий чиқишлар,  таклиф ва мулоҳаалар тегишли ташкилотлар томонидан текширилиб, керакли чоралар кўрилса матбуотнинг таъсири янада ошади.

Демак, матбуот фаолиятининг ўзагини ташкил этувчи тасвир, таҳлил ва таъсир функциялари бир-бирлари билан узвий боғлиқ ҳолда ҳаёт билан  биргаликда  янада  тараққий этиб, такомиллашиб, янгидан-янги қирраларга эга бўлиб бораверади.

 

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ,

филология фанлари доктори.

“Ҳуррият” 2020, 18-март.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>