«Муншаот» муаллифининг журналистларга ибрати

Даҳо шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий публицист сифатида ҳам

журналистларнинг энг буюк Устозидир, дейди Дониш домла. Баъзилар журналистикани касб қилиб, тузикроқ мақола ёзишга вақт топа олмайди. Ўз замонасининг саройида масъул лавозимларда фаолият кўрсатган буюк аждодимиз шунча бадиий ва публицистик асарлар ёзишга қандоқ улгурган экан-а? Қуйидаги мақолани қунт билан ўқиганлар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар ажабмас, дейди яна умид билан Дониш домла.

Тулкинжон

МИР АЛИШЕР НАВОИЙ САБОҚЛАРИ

Алишер Навоий (тахаллуси; асл исми Низомиддин Мир Алишер) (1441.9.2. — Ҳирот — 1501.3.1) — буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби.

Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан; мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси (исми номаълум) Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи.

Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. 1447 йил 12 мартда мамлакат подшоҳи Шоҳрух вафот этгач, тахтга даъвогарлар орасида ўзаро кураш бошланади. Уруш-жанжаллар кўп кишиларни Хуросондан турли томонга кўчиб кетишга мажбур этди. Алишер Навоийлар оиласи ўз тинчлигини кўзлаб, Ироққа кўчишди (1449). Таф шаҳрида Алишер машҳур «Зафарнома» тарихий асари муаллифи, шоир Шарафиддин Али Яздий билан учрашади. Бу учрашув болада ёрқин таассурот қолдиради. Ғиёсиддин Баҳодир оиласи Ҳиротга, қарийб икки йил муддат ўтгач, қайтади. Абулқосим Бобур Ғиёсиддин Баҳодирни Сабзавор шаҳрига ҳоким қилиб тайинлади. Алишер Навоий Ҳиротда қолиб ўқишни давом эттирди.

Алишер Навоий шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид — Кобулий, Муҳаммад Али — Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.

Алишер Навоий 10—12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишер Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим…» деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркий (Навоий тахаллуси билан) ва форсий (Фоний тахаллуси билан) тилларида ёзган.

Алишер Навоий 13—14 ёшларида отаси ҳаётдан кўз юмади. Уни Абулқосим Бобур ўз тарбиясига олади, катта бадиий истеъдоди учун ғоят эъзозлайди. 1456 йил октябрда мамлакат пойтахти Ҳиротдан Машҳадга кўчирилади, Абулқосим ёш Алишерни ҳам, ўз хизматида бўлган Ҳусайн Бойқарони ҳам Машҳадга олиб кетади. 1457 йилнинг баҳорида тўсатдан Абулқосим Бобур ҳам вафот этди. Алишер Навоий учун бу, отаси вафотидан кейинги, иккинчи оғир жудолик бўлди. У Машҳад мадрасаларидан бирида ўқишини давом эттиради. Дўсти Ҳусайн Бойқаро эса Марв ва Чоржўй томонларга омад қидириб кетади. Хуросонни темурийларнинг яна бир вакили, Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Абу Саид эгаллади ва пойтахтини Самарқанддан Ҳиротга кўчиради. Ҳусайн Бойқаронинг тахтни эгаллаш йўлидаги биринчи рақиби — Абу Саид эди.

Алишер Навоий оиласининг хоҳиш-рағбати Ҳусайн томонда бўлиб, бу аввало уларнинг оилавий яқинликлари билан изоҳланарди; бундан янги ҳукмдор ҳам яхши хабардор эди. Ўртадаги бу вазият Алишер Навоий ҳаётини мураккаблаштирган. Алишер Навоий Машҳадда оддий бир муллавачча сифатида яшади. Шоирнинг бу даврдаги ижодида ўз юртини соғиниб ёзган ғазаллари талайгина. Орада, хусусан, ёз фаслларида Ҳиротга бориб-келиб ҳам турган. 1463 йилда эса у узил-кесил Ҳиротга қайтди. Бироқ бу ерда аҳвол ўзгарган, шаҳар харобага айланган эди. Хуросон пойтахтида Султон Абу Саид ўз тартибини ўрнатган, муҳим вазифаларга у билан Мовароуннаҳрдан келган кишилар тайинланган, Алишер Навоий га яқин кишилар қувғин қилинган, Ҳусайн Бойқаро билан бирга кетган тоғалари — Мирсаид ва Муҳаммад Али урушда ҳалок бўлган, яшаш учун бирон жой топиш муаммо эди. Алишер Навоийнинг ўша кунлардаги аҳволи унинг кейинчалик устози Саййид Ҳасан Ардашерга Самарқанддан ёзган мактубидаги шеърий сатрларда ниҳоятда таъсирли ва ҳаққоний ифодалаб берилган.

Бу вақтда мамлакатда таниқли шоир бўлиб қолган Алишер Навоийни Абу Саид таъқиб қилиб, Ҳиротдан чиқариб юборади. Шоир Самарқандга кетишга мажбур бўлади. Алишер Навоий Самарқандда 1465 йилдан 1469 йилнинг баҳоригача яшади, Фазлуллоҳ Абу Лайс мадрасасида ўқиб, турли фанларга оид билимларини янада чуқурлаштирди. Самарқанднинг кўзга кўринган шоирлари — Шайхим Суҳайлий, Мирзобек, Мавлоно Ховарий, Мир Қарший, Ҳарими Қаландар, муаммогўй Улойи Шоший, олим Мавлоно Муҳаммад Олим ва бошқалар билан ҳамсуҳбат бўлди ва дўстлашди. Самарқанд шаҳри ҳокими Аҳмад Ҳожибек асли ҳиротлик бўлиб, Вафоий тахаллуси билан шеърлар ёзарди, у Алишер Навоийга алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қаради. Унинг ёрдамида Алишер Навоий давлат ишлари билан ҳам шуғуллана бошлади. У давлат ишларини бошқаришда дастлабки тажрибани шу ерда орттирди ва бу унга кейинчалик асқотди. Алишер Навоийнинг Самарқанддаги сиёсий ва давлат фаолияти юқори баҳоланиб, унга «Чиғатой амири» унвони берилган.

1469 йил бошларида Султон Абу Саид Қорабоғда ўз аскарлари томонидан ўлдирилади. Кўпдан буён шундай вазиятни кутиб юрган Ҳусайн Бойқаро зудлик билан келиб, Ҳирот тахтини эгаллайди. Алишер Навоий ҳам Ҳиротга етиб келади. 1469 йил 14 апрель куни, рамазон ҳайити муносабати билан уюштирилган қабул маросимида Алишер Навоий ўзининг Ҳусайн Бойқарога янги ёзган «Ҳилолия» қасидасини тақдим этади. Подшоҳ Алишер Навоийни муҳрдорлик мансабига тайинлайди.

Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг энг хавфли сиёсий рақиби — Ёдгор Муҳаммад Мирзони тунда қўлга олишда шахсий жасорат кўрсатади. Янги ҳукуматнинг ортиқча солиқларидан норози бўлиб, қўзғолон кўтарган халқ оммасини тинчитишда адолат ва мардонаворлик билан иш тутади. Шу воқеалардан сўнг маълум вақт ўтгач, Ҳусайн Бойқаро ҳукуматидаги муҳрдорлик вазифасига Алишер Навоийнинг розилиги билан унинг самарқандлик дўсти, шоир Шайхим Суҳайлий тайинланади. Алишер Навоийнинг мақсади саройда маслаҳатчи бўлиб қолиш, кўпроқ ижодий иш билан шуғулланиш эди. Бироқ Ҳусайн Бойқаро 1472 йилнинг февраль ойида уни ўз саройининг бош вазири қилиб тайинлайди ва унга «Амири кабир» унвонини беради.

Алишер Навоий янги лавозимда аввало бутун кучини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди. Вақф ишларини тартибга солишга киришди. Шаҳарларда савдо-сотиқни, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Алишер Навоий саъйи ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ўсиб боради. Шаҳарлар, хусусан Ҳирот кун сайин обод бўла бошлайди.

Буюк инсонпарвар Алишер Навоий ўрта асрдаги Уйғониш даврининг бошқа улуғ зотлари сингари бутун ҳаёти билан ҳақиқий инсон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. У ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди, амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва таъмагирликларини фош этди, ожиз, муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди. Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган, Алишер Навоий ҳукуматда бош вазир вазифасини эгаллаган пайтларда ҳеч бир мамлакатга қарши босқинчилик уруши олиб борилмади. Бош вазир Алишер Навоий маданият ва санъатнинг чинакам ҳомийси сифатида танилади. Унинг фаолиятида ижтимоий-сиёсий масалаларни тўғри ҳал этишга интилиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатламларга, барча қавмларга бир хил муносабатда бўлиш, ҳеч қайси бирини камситмаслик, ҳамманинг манфаатига баробар хизмат қиладиган жамоат биноларини қуришга алоҳида эътибор бериш олдинги ўринга чиқа бошлади.

Хондамирнинг қайд қилишича, 80-йиллар давомида Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Бу даврда Ҳиротда адабий ҳаёт жўш урган. Алишер Навоий атрофида Шайхим Суҳайлий, Хожа Осафий, Биноий каби ўнлаб шоирлар, Ҳасан Ноий, Хожа Абдулло Марворий, Қулмуҳуммад Удий, Шоҳқули Ғижжакий каби ўнлаб созандалар, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Султонали Машҳадий, Абдужамил Котиб, Хожа Ҳофиз Муҳаммад, Султонали Коиний, Муҳаммад Хандон, Мавлоно Ҳижроний каби машҳур котиблар, Беҳзод каби мусаввирлар қизғин ижодий меҳнат билан банд эдилар. Ҳиротда, умуман Хуросон мулкида маънавий ҳаётнинг бақувват устунларидан Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоий ўртасидаги ижодий ҳамкорлик — устоз-шогирдлик кўп масалаларда ҳамфикрлиликка олиб келди. Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги дастлабки йирик асарларидан «Ҳилолия» қасидаси Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган бўлса, форсий тилдаги биринчи йирик асари «Туҳфат ул-афкор» (1476) қасидаси Жомийга бағишланган эди.

1470-йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони — «Бадоеъ ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Мазкур девонда 777 ғазал, 85 рубоий, 52 муаммо, 46 қитъа, 53 фард, 10 туюқ, 10 луғз, 3 мустазод, 5 мухаммас, 3 таржеъбанд, 2 мусаддас бўлиб, бундай мукаммал девонни тузиш Навоийгача камдан-кам ўзбек шоирига насиб бўлган. Алишер Навоий «Бадоеъ ул-бидоя» тузилгандан кейинги даврда ёзилган ўзбекча шеърлари асосида 1480 йилларнинг охирида «Наводир ун-ниҳоя» («Беҳад нодирликлар») девонини тузди. 1841 — 82 йилларда Алишер Навоий «Чихл ҳадис» («Қирқ ҳадис» ёки «Арбаин») асарини ёзади. Бунда Муҳаммад пайғамбар(сав) нинг қирқ ҳадиси тўртлик билан шеърий ифодалаб берилган.

Алишер Навоий мансуб адабий ҳаётда шеърий жанрлардан ғазал, қасида, айниқса муаммо ёзишга қизиқиш кучли эди. Алишер Навоий форсий девонига 373 муаммо киритган. Шундай адабий майллар туфайли 1485 йил муаммо ёзиш қоидалари ҳақида махсус «Муфрадот» асарини яратди.

Алишер Навоийда ўзбек тилида «Хамса» — беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Бу мақсадини 1483—85 йилларда амалга оширди. Асар ўзбек адабиёти шуҳратини оламга ёйиб, жаҳон адабиётининг дурдоналаридан бирига айланди.

«Хамса»дан кейин Навоий яна бир қанча асарлар яратди. 1485 йил ўзининг машҳур «Назм ул-жавоҳир» асарини ёзди, бунда биринчи халифалардан бўлмиш Ҳазрат Алининг 266 та ҳикматли гапи рубойи тарона (тўрт мисраси ҳам қофияланган) шаклида баён этилган. Ўша давр китобхонлари, шу жумладан, тарихчи Хондамир бу асарни ғоят юксак баҳолаган.

Алишер Навоийнинг инсонпарварлик фаолияти, илғор қарашлари, унинг обрў-эътибори халқ орасида тобора ортиб бориши ўз манфаатларини кўзлаган сарой аъёнлари орасида норозилик туғдирди. Улар шоир билан подшо орасига нифоқ солишга уриндилар. Натижада 1487 йилда Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни вазифасидан бўшатади, бош вазир вазифасини Муҳаммад Маждиддин эгаллайди. Навоий эса Астрободга ҳоким қилиб тайинланади. Навоий ҳокимлик қилган 2 йил давомида Астробод шаҳри ва вилояти ободонлашиб, қўшни давлатлар билан яхши муносабатлар ўрнатилади, савдо ишлари йўлга қўйилади. Алишер Навоий Астрободда ҳам кўп янги шеърлар ёзган, Ҳиротдаги ёр-дўстларига мактублар йўллаб турган. Унинг Астрободдан Ҳусайн Бойқаронинг катта ўғли Бадиуззамонта ёзган мактубини давлатни бошқариш ҳақидаги рисола, дейиш мумкин.

Алишер Навоий доим Ҳусайн Бойқарони адолатли ва маърифатли ҳукмдор қиёфасида кўриш орзуси билан яшади. Астрободдан Ҳусайн Бойқарога ва бошқа амалдорларга ёзган мактубларида уларни инсоф ва адолатга чақирар, давлат идора усулида мустаҳкам тартиб ўрнатиш ва айрим ислоҳотлар ўтказишга ундар эди. Лекин Алишер Навоийнинг истаклари тўла амалга ошиши қийин эди. Астрабодда Навоий билан Ҳусайн Бойқаро муносабатларига путур етказувчи гаплар юзага келгач, подшоҳ Алишер Навоийнинг Ҳиротга қайтишига рухсат беради. Ҳусайн Бойқаро Навоийга бир нечта юксак лавозимларни таклиф қилади. Алишер Навоий рози бўлмагач, унга «Муқарраби ҳазрати султоний» («Султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган расмий унвон берилади. Бу билан у давлатнинг ҳамма ишларига аралаша олар ва подшоҳ билан кўришиш имконига ҳам эга бўлар эди. Бинобарин, сарой амалдорлари, шу жумладан, Муҳаммад Маждиддин ҳам ҳар бир муҳим масалани кўп вақт у билан келишишга мажбур эди. Лекин Алишер Навоий билан Маждиддин ўртасидаги нодўстона муносабатдан кўпчилик хабардор эди. Навоийнинг Балхда ҳоким бўлиб турган укаси Дарвешали Маждиддиндан ранжиб, бош ҳукуматга қарши исён кўтаргани ҳам маълум. Бу исён Навоийнинг аралашуви билан тинчитилган. Айнан шу воқеа 1490 йилдан Маждиддиннинг сиёсат майдонидан кетишига асосий сабаб бўлган.

Алишер Навоий ҳамиша кўпроқ ижодий ва илмий ишлар билан шуғулланиш, бу борадаги режаларини амалга ошириш хаёли билан яшарди. Ҳаёт эса унинг режаларига ўз тузатишларини киритар эди. 1488 йил Саййид Ҳасан Ардашер, 1492 йил Жомий, 1493 йил олим ва шоир Паҳлавон Муҳаммад бирин-кетин ҳаётдан кўз юмдилар. Навоий ўзи учун қадрдон бўлган бу инсонлар хотирасини абадийлаштириш, уларга ўз ҳурматини изҳор этиш учун «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Хамсат ул-мутаҳаййирин» («Беш ҳайрат»), «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» номли рисолаларини ёзди. Астрободда ёза бошлаган «Тарихи мулуки Ажам» («Ажам подшоҳлари тарихи») асарини туғаллади (1489).

1490 йил у ўзига замондош шоирлар ҳақида Жомийнинг «Баҳористон», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» асарлари шаклида «Мажолис ун-нафоис» («Нафислар мажмуаси») тазкирасини тузишга киришиб, 1492 йилда тугаллади. Шу вақтнинг ўзида Алишер Навоий ўзбек тилида шеърият назарияси, аниқроғи, аруз вазни қоидалари ҳақида «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») илмий қўлланмасини яратди. 1494 йилда туркий тилдаги мактубларини тўплаб «Муншаот» («Мактублар») мажмуасини тузди. 1495 йил Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарини «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») номи билан таржима қилиб, уни қайта ишлаб, туркий машойихлар ҳақидаги янги маълумотлар билан бойитди. Шу боисдан «Насойим ул-муҳаббат»га Алишер Навоийнинг мустақил асари сифатида қараш мумкин.

Алишер Навоий 1491—92 йиллардан бошлаб туркий тилда ёзилган ҳамма шеърларидан янги, йиғма девон тузишга киришди ва бу иш 1498—99 йилда ниҳоясига етди. Девоннинг умумий номи «Хазойин ул-маоний» («Маънолар хазинаси») бўлиб, 4 қисмдан иборат бўлганлиги учун «Чор девон» деб ҳам аталган. Девон шоирнинг бутун ҳаёти давомида ёзилган шеърларини қамраб олган, уларда Алишер Навоий нинг барча даврларидаги кайфияти, дунёқараши, орзу-умидлари ифодалаб берилган. Тахминан шу йилларда Алишер Навоий форсий шеърларидан ташкил топган «Девони Фоний» («Фоний девони»)ни, форсий тилдаги 2 қасидалар мажмуаларини тузиб, форсий шеърият тараққиётига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Хуросонда форсийзабон халқлар кўпчилликни ташкил этганлиги инобатга олинса, Алишер Навоийнинг бу тилда ҳам самарали ижод қилгани мамлакат маънавий эҳтиёжини яхши ҳис этганлигини билдиради.

1490 йилларнинг ўрталарига келиб мамлакатда ижтимоий-сиёсий танглик кучая бошлайди. Темурийлар хонадонида ҳукмдор ўғиллари ўртасида юзага келган зиддиятлар эса бу тангликни янада кучайтиради. Ҳар бир шаҳзоданинг ўз тарафдорлари бўлиб, уларни муросага келтириш кўп вақт Алишер Навоий зиммасига тушар эди. Бош вазир Низомулмулк эса 1496—97 йилларда бу оилавий можароларда бир томонлама ҳаракат қилиб, Музаффар Мирзонинг онаси — Хадича бегимга ён босади. Шу асосда Ҳусайн Бойқаро билан Астрободда ҳокимлик қилаётган Бадиуззамон ўртасида ҳарбий тўқнашув юз берди. Саройдаги фитна, жумладан, Низомулмулкнинг қабиҳлиги натижасида Бадиуззамоннинг ўғли, Ҳусайн Бойқаронинг энг севимли набираси, Навоийнинг эса ихлос қўйган шогирди Мўмин Мирзо фожиали ўлдирилади. Булар ҳаммаси Алишер Навоий ҳаёти ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатади.

Алишер Навоийнинг шеърий даҳоси 15-аср охирларига келиб яна жўш урди. У 2 йил мобайнида 2 та йирик асар — «Лисон ут-тайр» («Қушлар тили») достонини ва «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») номли илмий асарини яратди. Алишер Навоийнинг сўнгги буюк асарларидан яна бири насрий панднома йусинида ёзилган «Маҳбубул-қулуб» («Қалблар севгани»)дир. У Шарқ адабиёти тарихида Шайх Саъдийнинг «Гулистон», Кайковуснинг «Қобуснома», Низомий Арузи Самарқандийнинг «Чор мақола» каби асарлари қаторида туради. Бу асарида Алишер Навоий ўзининг ҳаёт йўлини, бошидан кечирган турмуш машаққатларини ёрқин тасвирлаб берган.

1500 йилнинг декабрда Ҳусайн Бойқаро исён кўтарган ўғли — Муҳаммад Ҳусайн билан сулҳ тузиб, Ҳиротга қайтар экан, Алишер Навоийни ҳам уни кутиб олиши лозимлигига ишорат қилади. Орада 2—3 кунлик йўл бор эди. Алишер Навоий ўзининг сўнгги шеърини Поёб работида ёзган ва ундан нусха кўчиртириб, келаётган Ҳусайн Бойқарога юборган. Учинчи куни Алишер Навоий ҳукмдор истиқболига яқинлашаётганида ўзини ёмон ҳис этган, у билан кўришаётганда ҳушидан кетиб, қайтиб ўзига келмаган ва ҳаётдан кўз юмган.

Алишер Навоийнинг адабий ва илмий меросини 4 фаслга бўлиш мумкин: 1. Девонлари. 2. Достонлари. 3. Форсий тилдаги шеърий мероси. 4. Илмий-филологик, насрий ва тарихий асарлари.

Алишер Навоийнинг ўзбек тилида яратган шеърий мероси асосан «Хазойин ул-маоний» девонига жамланган. Асар 4 қисмдан иборат. Девоннинг биринчи қисмига «Ғаройиб ус-сиғар» («Болалик ғаройиботлари»), иккинчи қисмига «Наводир уш-шабоб» («Йигитлик нодиротлари»), учинчи қисмига «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари») ва ниҳоят, тўртинчи қисмига «Фавойид ул-кибар» («Кексалик фойдалари») деган номлар берилди. «Хазойин ул-маоний» инсон боласининг мураккаб ва юксак тафаккури ҳамда беҳисоб ҳис-туйғулари билан боғлиқ мингларча шеър ва ўнларча шеър турларини ўз ичига олган мажмуа бўлиб, Шарқ адабиёти тарихида ноёб ҳодисадир. Бу хил мажмуа Алишер Навоийга қадар Амир Хисрав Деҳлавий томонидангина тузилган. Ушбу девонга кирган мингларча шеърларни Алишер Навоий бутун умри давомида турли шароитларда, ҳар хил сабаблар билан ёзган бўлиб, улар шоир ҳаёти ва у яшаган давр билан сонсиз-саноқсиз иплар орқали боғланган. Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний» га қадар «Илк девон», «Бадоеъ ул-бидоя», «Наводир ун-ниҳоя» девонларини тузган. «Хазойин ул-маоний» ана шу 3 девонга кирган ҳамда «Наводир ул-ниҳоя» тузилгандан кейин ёзилган шеърлар асосида юзага келган.

Алишер Навоийда кексалик чоғларида барча шеърларини йиғиб, хронологик тартибда 4 девон тузиш ғояси бўлган. Бироқ «Хазойин ул-маоний»ни тузишда муҳаррирлик вазифасини бажарган Ҳусайн Бойқаро бу ғояни қўллаб-қувватламаган кўринади. Унинг «Ғаройиб ус-сиғар» девони болалик машқларидан, «Наводир уш-шабоб» йигитлик шеърларидангина иборат бўлмай, бу бошланғич девонларда шоирнинг кейинги давр шеърий мўъжизаларидан ҳам намуналар борки, Ҳусайн Бойқаро шуни маъқул кўрган. Шу сабабдан «Хазойин ул-маоний» таркибидаги 4 девон номининг мазмунини шартли маънода тушуниш, бунда шеърлар кўп ҳолда аралаш ҳолда жойлаштирилганини назардан қочирмаслик зарур.

«Хазойин ул-маоний»даги 4 девоннинг ҳар бирида 650 тадан 2600 ғазал, умуман 4 девонда 210 қитъа, 133 рубоий, 86 фард, 52 муаммо, 13 туюқ, 10 мухаммас, 10 чистон, 5 мусаддас, 4 таржеъбанд, 4 мустазод, 1 мусамман, 1 таркиббанд, 1 қасида, 1 маснавий, 1 соқийнома мавжуд бўлиб, Шарқ шеъриятининг 16 тури намоёндир.

Алишер Навоийнинг муҳаббат ва бу билан боғлиқ туғёнлари, хусусан ғазаллари унинг йигитлик даврида ёзилган. Бунга унинг «Илк девони»га киритилган, халқ орасида «Қаро кўзум», «Келмади» («Муножот») номлари билан машҳур бўлган ва куйланадиган ғазаллари яхши мисол бўла олади. Бу каби шеърларида шоир пок ва юксак ишқий кечинмаларни баланд эҳтирос ва фалсафийлик билан ифодалаб бера олган.

Унинг «Топмадим» радифли ғазали ҳам шу даврда, аниқроғи, Машҳаддан Ҳиротга қайтиб, шахсий турмушини изга солиш тараддудида юрганда, лекин унинг моддий жиҳатдан ночор аҳволдалиги туфайли оила қуриши қийинлашган, Султон Абу Саид эса уни таъқиб қилган пайтда ёзилган бўлиб, унинг ҳар байти юракни тирнайди. Алишер Навоийнинг ишқий шеърларини фақат бир субъектга қаратилган, дейиш қийин. У ҳаётга кенг нигоҳ билан қараб, барча гўзалликларни назокатли туйғуларни қадрлаган, ноёб сўз ва иборалар билан қалбдан ифодалай билган. Лекин ҳаёт қийинчиликлари ва зиддиятлари орқасида ўз орзу-умидларига етиша олмаган шоир ўзининг инсоний норозилик туйғуларини оловли шеърий сатрларда баён этади.

Алишер Навоийнинг ишқ билан боғлиқ тасвирлари ранг-баранг ва бой бўлиб, биз унда инсон ҳаёти ва ҳолатининг чексиз кўп қирраларини — шодликни ҳам, хафачиликни ҳам, такрорланмайдиган лаҳзаларни ҳам, ҳар кун, ҳар соатда юз берувчи кўнгилсизликларни ҳам кўрамиз. Зотан ўзбек шеъриятида инсон дарди ва ҳасратларини, ўз севгилисига талпинишларини Навоийдан ўтказиб ифодалаган шоирни топиш қийин. Алишер Навоийнинг ишқий мавзуда ёзган шеърларининг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, улардаги кўп ғоя ва тимсоллар, тасвирий деталлар анъанавий характерга эга. Шу билан бирга ишқ ва ишқий образлар талқинида ҳам бошқа мумтоз ижодкорлар каби Алишер Навоий рамзийликка кўп ўрин беради. «Ёр» — бу дунё гўзалигина эмас, унингча, бу — бутун борлиқни яратган ва ҳамма нарсани ҳаракатга келтириб турган Аллоҳ ҳамдир. Шоир ўзининг тасаввуфий шеърларида ёрнинг қоши, кўзи, зулфи, сочи (ва ҳ.к.) деганда Аллоҳнинг куч-қудрати, меҳри, олий даражадаги гўзалликларини кўзда тутади. Алишер Навоийнинг барча лирик жанрларга оид шеърлари юксак маҳорат билан ёзилган бўлиб, инсон манфаатларига, унинг эътиқодини мустаҳкамлашга, руҳини соғломлаштиришга хизмат қилади. Унинг фалсафий, ахлоқий мазмундаги ҳаёт нафаси уфуриб турган ҳар бир шеъри бу жанрнинг ўлмас намуналаридир.

Улуғ шоир ижодининг шоҳ асари «Хамса» 5 достондан иборат. Булар «Ҳайрат ул-аброр» («Яхшилар ҳайрати»), «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъайи сайёр» («Етти сайёра»), «Садди Искандарий» («Искандар девори») достонларидир. Форс адабиётидаги хамсачиликка жавоб сифатида ўзбек тилида биринчи маротаба яратилган Алишер Навоий «Хамса»си бу тилнинг чексиз имкониятларини амалда исбот этди. 52 минг мисрадан иборат бу бешлик 15-аср ислом тафаккурининг борлиқ ва табиат, инсон ва жамият, ахлоқ ва камолот ҳақидаги ўзига хос қомуси эди. Шоир воқеаларни қадим Шарқ тарихининг Хусрав, Баҳром, Искандар каби номлари афсоналар билан чулғанган шахслар, Лайли ва Мажнун каби ошиқлар ҳаётидан олди. Уларга янги мазмун берди, туркона руҳ киритди. Даврнинг дардли масалаларини, авлодларнинг орзу ва армонларини кўтариб чиқди. «Хамса» замондошларига ниҳоятда зўр таъсир кўрсатди. Абдураҳмон Жомий уни ҳаяжон билан олқишлади. Султон Ҳусайн эса шоирни ўзининг оқ отига миндириб, жиловдорлик қилди.

«Лисон ут-тайр» — Алишер Навоийнинг сўнгги достони «Хамса»дан 14 йил кейин — 1498—99 йилда яратилган. Бу асарини шоир «Фоний» тахаллуси билан ёзган. Чунки бу даврда унинг ҳаёти кексаликка юз ўгирган, аниқроғи, бу дунёсидан кўпроқ у дунёсини ўйлай бошлаган эди. Мазкур асар болалигида севиб ўқигани — Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» («Қушлар тили») достонига жавоб тарзида, шоирнинг ўз таъбири билан айтганда, «таржима расми била» юзага келтирган шеърий мўъжизаси эди. «Лисон ут-тайр» арузнинг рамали мусаддаси мақсур (фоилотун — фоилотун — фоилон) вазнида ёзилган бўлиб, 3598 байтдан иборат. Достондаги бош ғоя, бош муаммо тасаввуфдаги имон, эътиқод ва маънавият масалаларидир. Алишер Навоийнинг нияти оддий инсонларга инсонийликнинг илоҳий моҳиятини тушунтириб бериш, уларни оғир синовлардан ўтказиб, комил инсон даражасида кўриш. Шоир асарда қушлар тимсолида тасаввуф йўлига кирган ва Аллоҳни кўришга, унга етишишга астойдил киришган художўй инсонларни тасвирлашга интилган. Ҳудҳуд деган қуш номидан сўйланган юзларча ҳикоялар тасаввуфий мазмунда бўлиб, улар ҳаммаси ҳаётий, бири биридан қизиқарли. Қушларнинг ранг-баранг тимсоллари орқали Алишер Навоий ўзининг тасаввуф таълимоти билан боғлиқ ғояларини, Аллоҳнинг ҳамма нарсанинг ташқарисида эмас, балки ичида, ўзида эканини кўрсатиш ва исботлашга ҳаракат қилади. Инсоннинг улуғворлигини мажозий услуб билан, таъсирли қилиб, реал ижтимоий, ахлоқий ҳодисалар ила боғлаб тасвирлаган. Тасаввуфнинг вахдат ул-вужуд назарияси ҳам шу тарзда ўзининг бадиий инъикосини топган. Бу билан Навоий тасаввуф ғояларини кенг китобхонлар оммасига бадиий куркам ва жонли етказишда олий даражада санъаткорлик кўрсатган.

Алишер Навоий бутун ҳаёти давомида ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилда ҳам ижод қилиб, баракали мерос яратди. Унинг бу тилдаги шеърлари 1490-йилларнинг ўрталарида, Эрон олими Юсуф Шерозий тахминича, 1495—1500 йиллар орасида муаллиф томонидан девон ҳолига келтирилган ва «Девони Фоний» номи билан машҳур. Мазкур девони 1963 йилда Теҳронда, 1965 йилда Тошкентда, 1993 йилда Душанбада нашр этилган. Ўзбек олими Сулаймонов тавсифи бўйича, «Девони Фоний»да, «Дебоча»дан ташқари, 7 қасида, 554 ғазал, 1 мусаддас, 1 марсия, 72 қитьа, 73 рубоий, 16 тарих, 373 муаммо, 9 луғз бор. «Девони Фоний»даги ғазалларнинг аксарияти машҳур форс шоирлари шеърларига татаббулардан иборат. Жумладан Жомийнинг 52, Ҳофиз Шерозийнинг 237, Хисрав Деҳлавийнинг 33, Саъдий Шерозийнинг 25, Мавлоно Котибийнинг 5, Шоҳий Сабзаворийнинг 5, Камол Хўжандийнинг 4 ва бошқа ғазалига татаббу боғланган. Алишер Навоий форс тилида ёзган оригинал ғазалларига «Мухтара», «Ихтиро» деб сарлавҳа қўйган бўлиб, уларнинг сони 50 дан ортиқ.

Алишер Навоий ўзининг форсий касидаларидан алоҳида тўпламлар ҳам тузган бўлиб, уларнинг бири «Ситтаи зарурия» («Олти зарурат»), иккинчиси «Фусули арбаа» («Тўрт фасл») деб аталади. «Ситтаи зарурия» тўпламига 6 қасида киритилган бўлиб, уларни Хисрав Деҳлавий, Жомий, Анварий, Ҳақоний, Солмон Соважий ва бошқа қасиданавислар таъсирида яратган. У даврларда шоирнинг шеърий маҳорати кўп вақт қасида ёзиш билан белгиланганини ҳисобга олсак, Алишер Навоийнинг ҳам қасиданавислик салоҳияти юқори бўлган. Алишер Навоийнинг «Фасули арбаа» тўпламига 4 қасидаси киритилган бўлиб, улардан «Баҳор» 57 байтдан, «Саратон» 71 байтдан, «Хазон» 33 байтдан, «Дай» 70 байтдан иборат. Уларда йилнинг 4 фасли — баҳор, ёз, куз ва қиш, бу фасллардан ҳар бирининг ўзига хос гўзаллиги завқ билан тасвирланган ва тўртталови ҳам замон подшоҳи — Султон Ҳусайн Бойқарони подшоҳ ва шахс, яхши дуст ва яхши инсон сифатида васф этишга бағишланган. Умуман, Алишер Навоий ўзининг форсий тилдаги асарлари билан замондошларининг, биринчи навбатда, Жомийнинг юқори таҳсинига сазовор бўлган ва форс-тожик адабиёти, хусусан шеърияти ривожига муносиб ҳиссасини қўша олган.

Алишер Навоий шоир бўлиш билан бирга ўз даврининг улуғ олими, мутафаккири ҳам эди. Навоийсиз бу давр фани ва маданияти тараққиётини тасаввур этиш қийин. Алишер Навоий илмий тадқиқотлари ва изланишларининг катта қисми, табиийки, тил ва адабиёт масалалари билан боғланган. Шу маънода «Мажолис ун-нафоис» тазкирасини яратиш билан Алишер Навоий ўз даври адабиётига, унинг ижодкорларига ўзига хос ҳайкал ўрнатди. Унда ўзбек ва форсий тилларда ижод қилган 359 шоирнинг ҳаёти ва ёзган асарлари ҳақида ноёб маълумотлар берилган, бу ижодкорларнинг ютуклари ва камчиликлари, ўзига хос хусусиятлари кўрсатилган.

Алишер Навоийнинг «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарлари «Мажолис ун-нафоис»нинг давомидай бўлиб, бу давр адабиёти, фани ва маданиятининг йирик намояндалари ҳаётини ўрганишда энг қимматли манбалардир. Бу асарлар бадиий-тасаввуф адабиётининг маноқиб (ёки манқаба) жанрига тегишли бўлиб, услубининг самимийлиги билан ажралиб туради.

Алишер Навоийнинг катта адабий ва тарихий аҳамиятга эга «Муншаот» асари унинг туркий тилда ўз замондошлари — подшоҳлар ва шаҳзодалар, илм ва адабиёт ахдлари билан олиб борган ёзишмалари мажмуидан иборат, мактуб жанрининг мукаммал намуналари саналади. Мактубларнинг миқдори турли қўлёзмаларда турлича, бир-бирини тўлдиради. Алишер Навоий ўзининг форсий мактубларини ҳам йиғиб, «Муншаот» тузган. Бироқ у бизгача етиб келмаган.

Алишер Навоийнинг энг муҳим асарларидан бири «Вақфия» бўлиб, бир қарашда, шоир ва буюк давлат арбобининг ўзи қурган иморатларига вақфи, яъни расмий ҳужжатидек кўринса ҳам, аслида унда Султон Ҳусайн Бойқаро даври давлат тизими, Алишер Навоийнинг бу давлатни бошқаришдаги ўрни, унинг таржимаи ҳоли, ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий қарашлари катта билимдонлик ва аниқлик билан ёритилган. Шунинг учун ҳам навоийшуносликда бу асарга Алишер Навоий насрининг ажойиб намунаси сифатида қаралади. Муаллиф фикрларининг баъзиларини шеър билан, хусусан рубоий шаклида баён қилиши унинг қайси масалага қўл урмасин, ўзини шеъриятдан ҳеч узоқ турмаганини, доим шеърият билан нафас олганини намоён этади.

Алишер Навоийнинг адабиёт назариясига оид «Муфрадот» («Рисолаи муаммо») асари форсий тилда ёзилган, муаммо ёзиш ва ечиш қоидаларини илмий изоҳлашга бағишланган. Навоий даврида бу шеър тури ниҳоятда кенг истеъмолда бўлган. Афтидан, бу жанр назарияси ва амалиёти шу давр китобхонларининг адабий диди, тарбияси билан ҳам боғланган эди. Алишер Навоий баъзан махсус муаммо ечиш мажлислари ташкил этган.

Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») ва «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси» ёки «Икки тил тадқиқи») асарлари бошқа илмий тадқиқотларидан фарқли ўлароқ умумтуркий аҳамиятга эга ва бошқа туркий халқларнинг шеърияти ва тилларини ўрганишга ҳам хизмат қилиб келмоқда. Алишер Навоий «Мезон ул-авзон»ни арузнинг биринчи тадқиқотчиси Халил ибн Аҳмад, кейинги давр олимларидан Шамс Қайс, Хожа Насриддин Тусий, замонавий тадқиқотчилардан Жомий тажрибаларидан ижодий истифода этиб яратган. Аруз вазни бўйича ўзбек тилидаги бу биринчи илмий қўлланмада унинг асосий рукнлари ва бошқа унсурлари, 19 баҳрининг тузилиши, рубоий вазнларини аниқ таърифлаб, туркий шеърий мисоллар opқали асослаб, изоҳлаб берилган. Асарда аруз вазнига тушмайдиган шеърий вазнлар — туюқ, чинга, мустазод, арузворий, буди-будойи ва бошқа туркий шеърий вазнларга ҳам изоҳ ва талқинлар берилган. Бу асар аруз бўйича бугунги кунда ҳам ўз илмий қиммати ва амалий аҳамиятини йўқотмаган.

«Муҳокамат ул-луғатайн»да туркий тилнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётдаги ўрни, унинг грамматик мукаммаллиги, сўзларга бойлиги форсий тил қоидалари ва ҳодисаларига қиёсланган ҳолда чуқур ва аниқ мисоллар орқали таҳлил этилган. Алишер Навоий ўзининг бу тилни, унинг жамият тараққиётидаги ўрнини, сўз ва ибораларга бойлигини шоир сифатида чуқур эгаллагани учун, унинг бошқа тиллардан камлик жойи йўқлигини, аксинча, уларга нисбатан ўзига хос хусусиятларга эга эканлигини ватанпарвар олим сифатида эҳтирос билан кўрсатиб, исботлаб берган. Унинг муқояса учун келтирган 100 та туркий феълининг аксари ўзбек тилида ҳозиргача истеъмолда. Шу билан бирга «Муҳокамат ул-луғатайн»да ўзбек адабиёти тарихи, унинг бошқа адабиётлар, хусусан форсий адабиёт билан яқиндан боғланганлиги, Навоий ижодининг ривожланиш йуллари, айрим асарларининг юзага келиши сабаблари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар бор.

Алишер Навоий ҳаётининг охирларида «Маҳбуб ул-қулуб» насрий асарини езди. Асар 3 қисмдан иборат. Унинг биринчи қисми 40 фасл. Ҳар бир фаслида муаллиф ўзи яшаган даврдаги бир табақа ҳаёти, ахлоқи ва вазифалари ҳақида суҳбат юритади. У ушбу табақа вакилларининг яхши ишлари ҳақида ҳам, айб ва нуқсонлари ҳақида ҳам гоҳ ҳалимлик билан, гоҳ ғазаб-нафрат билан мулоҳаза юритиб, уларни инсофга чақирмоқчи, тарбияламоқчи бўлади. Асарда Алишер Навоийнинг инсон ахлоқига ва тарбиясига доир энг ноёб панд ва насиҳатлари халқ мақоллари ва ҳикматли сўзлари шаклида баён қилинган. Кўп ўринда шоир ўз фикрларини байт, қитьа, маснавий, рубоий шаклида ифодалаши асарга ранг-баранглилик бағишлаган. «Тарихи мулуки Ажам» ва «Тарихи анбиё ва ҳукамо» Алишер Навоий Султон Ҳусайн Бойқаро даври ижтимоий-сиёсий тарихига бағишлаб ёзмоқчи бўлган асарининг бошланғич бўлакларидир.

Алишер Навоий «Тарихи мулуки Ажам»да қадимги Эрон подшоҳлари, уларнинг тарихда муҳрланиб қолган ишлари ва шахсиятлари тўғрисида ҳикоя қилади. Бундаги маълумотларни Навоий кўпроқ Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достонидан ҳамда «Тарихи Табарий» китобидан олган.

Алишер Навоийнинг «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асари эса ислом дини тарихи билан боғлиқ ривоятлар ва адабий асарларни, хусусан бир қатор пайғамбарлар ҳаётини Буқрот (Гиппократ), Афлотун (Платон), Батлимус (Птолемей) каби донишмандларни билиб олиш учун муҳим манбадир. Айни вақтда Алишер Навоийнинг бу асарлари ўзбек бадиий насрининг қадимий ва гўзал намуналаридир.

Алишер Навоий ўзидан бой шеърий, насрий ва илмий мерос қолдирган бўлиб, бу мероснинг ҳажми, «Лисон ут-тайр» достонида шоирнинг ўзи таъкидлашича, 100 минг байтдан иборатдир. Бу бой мерос билан Алишер Навоий ўзбек адабиётини жаҳон юксаклигига кўтарди ва ўзбек адабий тилига асос солди. Ўзбек адабиётида лирик жанрлар ва достончиликнинг энг юқори тараққиёти Алишер Навоий номи билан боғлангандир.

Алишер Навоий асарлари ўнлаб халқларнинг тилларига таржима бўлган. Macалан, «Мажолис ун-нафоис» 16-асрдаёқ форс тилига Фахрий бин Султон Муҳаммад Амирий, Муҳаммад Қазвиний ва Шоҳали Абдуали Нишопурий томонидан 3 марта таржима қилинган. Алишер Навоийнинг бошқа тилларга таржима қилинган дастлабки бадиий асари «Сабъаи сайёр» бўлди. Христофор Арманийнинг 1557 йилда итальян тилида нашр этилган «Сарандиб шоҳи уч ўғлонининг зиёрати» асарида Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достонидаги қолипловчи ҳикояси — «Баҳром ва Дилором» ҳикоя қилинади. Бу асар немис, француз ва голланд тилларига таржима қилиниб, 11 марта нашр этилган. Шунингдек, 17-аср Грузин шоири Цицишвили Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достонини эркин таржима қилиб, «Етти гўзал» достонини яратди. 19-асрнинг охири ва 20-асрнинг бошларида Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари турк ва татар тилларига таржима қилинди.

Алишер Навоий вафот этганидан кейин ўтган давр мобайнида унинг асарлари форсий ва туркий халқлар орасида кенг ёйилди. Атоқли тожик шоирларининг кўпчилиги, Фузулий, Кишварий, Мирзо Фатали Охундов, Собир каби озарбайжон ёзувчилари, Озодий, Маҳтумқули ва Зелили каби туркман шоирлари, қозоқ ёзувчиси Абай Қўнонбоев, қоралпоқ соҳибқаламлари Бердақ, Ажиниёз, татар шоирлари Абдулла Тўқай, Ҳаюм Носирий ва бошқа Алишер Навоийга юксак баҳо бериб, асарларидан таълим олдилар, айрим асарларига назира битдилар.

Алишер Навоий ижодиётига қизиқиш, уни ўрганиш Европа ва Россияда ҳам ҳийла катта тарихга эга. Француз шарқшуноси Катрмер 1841 йилда босилган хрестоматиясида Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» ва «Тарихи мулуки Ажам»ини эълон қилган, И.Н. Березин «Турк хрестоматияси»да унинг бир неча асарларидан парчалар берган. М. Никитский 1856 йилда биринчи манбалар асосида «Амир Низомиддин Алишер. Унинг давлат ва адабиёт соҳасидаги аҳамияти» мавзуида магистрлик диссертациясини ёзади. Шу билан бирга, Н.И. Илъминский, В.В. Вельяминов-Зернов, В.В. Бартольд, Е.Э. Бертельс, С.Н. Иванов, Н.И. Конрад, М. Белен, Паве де Куртейль, Э. Браун ва бошқа шарқшунослар Алишер Навоийнинг фаолияти ва мероси билан шуғулландилар.

Туркистонда 20-аср бошидан бошланган, ташаббускори жадидлар бўлган маърифий уйғониш Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда ҳам ўз ифодасини топди. 1919 йилда Тошкентда Фитрат нашрга тайёрлаган «Инсоният ҳақинда Навоийнинг фикри» номли рисола босилиб чиқди. Бу китобча Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонининг «Салотин бобида» («Султонлар ҳақида») деган қисмидан парча эди. Шундан сўнг Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва оммалаштириш кенг тус олди. Адабиётшунослик фанининг навоийшунослик соҳаси юзага келди. Бу соҳада олимлар ва адиблардан Ойбек, О. Шарафиддинов, С. Айний, В. Зоҳидов, Иззат Султон, А. Қаюмов, П. Шамсиев, Ҳ. Сулаймонов, Н. Мамаев, С. Ғаниева, А. Ҳайитметов, А. Абдуғафуров, А. Рустамов ва бошқа салмоқли ишлар қилдилар, Алишер Навоий ижоди бўйича ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертациялари ёзилди. Ёзувчи Ойбек «Навоий» романини, Иззат Султон «Навоийнинг қалб дафтари» ҳужжатли қиссасини, Л. Бать «Ҳаёт бўстони» қиссасини, Миркарим Осим ҳикоялар туркумини яратди. Айниқса, кейинги 50 йил навоийшуносликда сермаҳсул йиллар бўлди. Алишер Навоий асарларининг мамлакатимиз китоб фондлари ва чет эллардаги кутубхоналарда сақланаётган деярли барча нодир нусхалари ўрганилди.

Алишер Навоийнинг кўпгина асарларининг илмий танқидий матни ишлаб чиқилди. «Девони Фоний» ва бошқа асарларининг нодир нусхалари топилиб, нашр этилди. 20-асрда Алишер Навоийнинг чинакам саҳнавий ҳаёти бошланди. Иззат Султон ва Уйғун «Алишер Навоий» драмасини (1945, 1948), И. Маҳсумов бастакорлар Ю. Ражабий ва С. Жалил билан ҳамкорликда «Навоий Астрободда» мусиқали драмасини (1967) ёздилар. Алишер Навоий образи киноэкранда ҳам мужассамлашди. Алишер Навоий достонлари асосида яратилган «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмаси (1937), «Лайли ва Мажнун» операси (1942), «Суҳайл ва Меҳри» балети (1967), «Дилором» операси (1958), «Искандар» драмаси (1991) театр санъатининг энг яхши асарларидан бўлиб қолди.

Бироқ қарийб бир ярим аср давом этган мустамлакачилик даврида, айниқса шўро тузуми даврида маданий меросимизни халқимизга ёт мафкура қолипига солиб талқин қилишга уринишлар бўлди. Бу ҳодиса Алишер Навоий ижодига муносабатда ҳам ўз ифодасини топди. Уни йўқсилларнинг дўсти, мулкдорларнинг мухолифи қилиб таърифлашга интилишди. Жаҳон адабиётининг дурдонаси бўлган асарларидаги (масалан, «Ҳайрат ул-аброр» достонидаги) ажойиб боблар қисқартириб нашр этилди. Алишер Навоий нинг ҳаёти ва ижоди Аллоҳга имон келтирган, Қуръони каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган адиб ва мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодидир. Унинг ижоди моҳиятини англаб етмоқ учун дин тарихини яхши билган, Қуръони каримни ўқиб, маъносини англаб етган киши бўлиш керак. Шўро тузумида эса диний илмларни тарғиб қилиш таъқиқланди. Шу боис, гарчи навоийшунос олимлар шоир ижодини тарғиб қилиш бўйича анча ишлар қилган бўлсалар ҳам, Алишер Навоий ижоди кўпчилик китобхонлар учун тушунарсиз бўлиб қолди. Мустақиллик бизга барча қадриятларимиз қатори Алишер Навоий меросини ўрганишнинг кенг уфқларини очди. Эндиликда унинг ижодини аслича, моҳиятини тушуниб ўрганиш имконияти юзага келди.

1991 йилда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги тантанали нишонланди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди. Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи барпо этилди ва бу боғ ўртасида шоирнинг салобатли ҳайкали қад кўтарди. Шоирнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўплами нашр этилди. Мамлакатимизда Алишер Навоий хотираси юксак даражада эъзозланади. Бир вилоят, шаҳар, олий ўқув юрти (Самарқанд давлат университети), Тошкентдаги Давлат кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти, Адабиёт музейи, Тошкентдаги Катта академик опера ва балет театри, Санъат саройи, Тошкентдаги метро бекати, ўнлаб кўчалар ва жамоа хўжаликлари унинг номи билан аталган. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ҳайкалтарошлар, рассомлар ва бастакорлар асарлар яратишган. Ҳар йили Алишер Навоий туғилган кун — 9 февралда илмий-анънавий конференция ўтказилиб, Алишер Навоий меросини ўрганиш соҳасида қилинган йиллик ишларга якун ясалади.

Абдуқодир Ҳайитметов

ҚАРО КЎЗУМ

Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Юзунг гулига кўнгул равзасин яса гулшан,
Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил.

Таковарингға бағир қонидин ҳино боғла,
Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил.

Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх,
Хамир этиб яна ул тоғда кўҳкан қилғил.

Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни,
Сочингни бошдин-аёғ чин ила шикан қилғил.

Хазон сипоҳига, эй боғбон, эмас монеъ
Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил.

Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мени
Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил.

Навоий, анжумани шавқ жон аро тузсанг,
Анинг бошоғлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил.

ОРАЗИН ЁПҚАЧ КЎЗИМДИН…

Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

Қут бир бодому ерим гўшан меҳроб эди,
Ғорати дин этти ногаҳ бир балолиқ кўзу қош.

Бу дамодам оҳим ифшо айлар ул ой ишқини,
Субҳнунг бот-бот дами андоғки айлар меҳр фош.

Бўсаэ қилмас мурувват, асру қаттиқдур лабинг,
Десам оғзи ичра айтур лаъл ҳам бор навъ тош.

Новакинг кўнглимга киргач жон талашмоқ бу экин,
Ким қилур пайконини кўнглум била жоним талош.

Умри жовид истасанг фард ўлки, бўстон Хизридур,
Сарвким даъб айлади озодалиқ бирла маош.

Қоши оллинда Навоий берса жон, айб этмангиз,
Гар будур меҳроб, бир-бир қўйгусидир барча бош.

ЎН САККИЗ ЁШ ҲАЙРАТЛАРИ

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшина мунча фитнаким бошинадур.

Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи, ул балоларким, кўзу қошинадур.

Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки, бор,
Барчаси эзид таоло сун`и наққошинадур.

Тан анга сийму ичина тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат, ул ойнинг ичу тошинадур.

Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул ажабларким, бу эски дайр хуффошиндадур.

То Навоий тўкти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг, қуёш акси анинг ёшиндадур.

МУБТАЛО БЎЛДИМ САНГА

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,
Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Ҳар неча дедимки кун-кундин узай сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим: «Вафо қилғил манга» зулм айладинг,
Сен қачон дединг: «Фидо бўлғил манга» бўлдим санга.

Қай пари пайкарга дерсен телба бўлдунг бу сифат,
Эй пари пайкар, не қилсанг қил манга, бўлдум санга.

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладинг овора бўл,
Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,
Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

Ғусса чангидин навоэ топмадим ушшоқ аро,
То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.

ЛАБЛАРИНГКИМ ҲАЙФ ЭРУР…

Лабларингким ҳайф эрур тенг тутмоқ они қанд ила,
Синдирур юз қанд бозорини шаккар ханд ила.

Токи ҳайронмен сенга номус ила итмиш кўнгул,
Телба янглиғким, қочар эл ғофил ўлғач банд ила.

Одам ул соатки жаннат ичра авлодин кўрар,
Не қувонғай дам-бадам сен нозанин фарзанд ила.

Қўй насиҳат, зоҳидо, ўтлуғ дамимдин ваҳм қил,
Телба ит имкони йўқтурким, соғалғай панд ила.

Ҳожатингни элга арз этмакка ҳожат бўлмасун,
Хуш чиқишсанг лаҳзани бу зори ҳожатманд ила.

Лабларинг ҳажринда юр паркандким бўлмиш кўнгул,
Лаъл эрур маҳлул қон ўрниға ҳар парканд ила.

Чун Навоий кўнгли синди, эмди лутфинг не асиғ?
Ким ушатса шишани битмас яна пайванд ила.

ОШИҚ ЎЛДУМ

Ошиқ ўлдум, билмадим ёр ўзгаларга ёр эмиш,
Оллоҳ-оллоҳ, ишқ аро мундоқ балолар бор эмиш.

Қаддиға эл майли бўлғондин кўнгул озурдадур,
Ул алифдин зорларнинг ҳосили озор эмиш.

Элга новак урди, мен ўлдим эрур бу турфаким,
Жоним этган реш эл бағриға кирган хор эмиш.

Риштаким, муҳлик ярам оғзиға тиктим англадим,
Ким кафан жинси қироғидин сувурган тор эмиш.

Кўйи деворидин оғриқ танға тушган соядек,
Сел ғамидин эмди соя ўрниға дилдор эмиш.

Жонға тахвиф айладим тиғи ҳалокидин анинг,
Билмадим бу ишдин ул ўлгунча миннатдор эмиш.

Эй Навоий, хўбларни кўрма осонлиғ билан,
Ким биравким солди кўз, узмак кўнгул душвор эмиш.

ИСТАДИМ

Қон ютуб умри жаҳон аҳлида бир ёр истадим,
Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.

Кимга ким жоним фидо айлаб соғиндим дам-бадам,
Эрмас эрди ёрлиқда чун вафодор истадим.

Билмадим олам элида йўқтурур мутлақ вафо,
Ваҳки, умри улча йўқтур соғиниб ёр истадим.

Улки, топилмас башар жинсида ваҳ ғафлат кўрунг,
Ким пари хайлида мен девонаи зор истадим.

Сирри ишқимни кўнгул кўз бирла фош этмак не тонг,
Қалбу тардоманни мен чун соҳиб асрор истадим.

Шайх бирла хонақаҳдин чун ёруғлуқ топмадим,
Дайр пири хизматиға кўйи хаммор истадим.

Эй Навоий, чун рафиқи топмадим, бу ғуссадин,
Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.

МEНИ МEН ИСТАГАН КИШИ…

Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас.

Не баҳра топқамен андинки, мендин истагай баҳра,
Чу улким баҳраи андин тилармен баҳраманд этмас.

Нетай ҳуру пари базминки, қатлим ё ҳаётимға,
Аён ул заҳр чашм айлаб ниҳон, бу нўшханд этмас.

Керакмас ой ила кун шакликим, ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас, таним ул банд-банд этмас.

Керак ўз чобуки мажнунваши қотил шиоримким,
Бузуғ кўнглумдин ўзга ерга жавлони саманд этмас.

Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир
Ажал сарриштасидин ўзга бўйнунгға каманд этмас.

Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий тегмасун деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.

КEЧА КEЛГУМДИР ДEБОН…

Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади.

Лаҳза-лаҳза чиқтиму чектим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаву ул шўхи бадхў келмади.

Оразидек ойдин эрканда гар этти эҳтиёт,
Рўзгоримдек ҳам ўлғонда қоронғу келмади.

Ул париваш ҳажридинким йиғладим девонавор,
Кимса бормуким анга кўрганда кулгу келмади.

Кўзлариндин неча сув келгай деб ўлтурманг мени,
Ким бори қон эрди келган бу кеча сув келмади.

Толиби содиқ топилмас, йўқсаким қўйди қадам,
Йўлғаким аввал қадам маъшуқа ўтрў келмади.

Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнглунг уйин,
Не учунким бода келган уйга қайғу келмади.

ЖОНҒА ЧУН ДEРМEН

Жонға чун дермен: «Не эрди ўлмаким кайфияти?»
Дерки: «Боис бўлди жисм ичра маразнинг шиддати».

Жисмдин сўрсамки: «Бу заъфингға не эрди сабаб?»
Дер: «Анга бўлди сабаб ўтлуқ бағирнинг ҳирқати».

Чун бағирдин сўрдум, айтур: «Андин ўт тушти манга
Ким, кўнгулга шуъла солди ишқ барқи офати».

Кўнглума қилсам ғазаб, айтурки: «Кўздиндур гунаҳ,
Кўрмайин ул тушмади бизга бу ишнинг туҳмати».

Кўзга чун дерменки: «Эй, тардомани юзи қаро,
Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балою ваҳшати».

Йиғлаб айтур кўзки: «Йўқ эрди манга ҳам ихтиёр
Ки, кўрунди ногаҳон ул шўхи маҳваш талъати».

Эй Навоий, барча ўз узрин деди, ўлгунча куй
Ким, санга ишқ ўти-ўқ эрмиш азалнинг қисмати.

ХИЛЪАТИН ТО АЙЛАМИШ…

Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Гулшан эттим ишқ саҳросин самуми оҳдин
Ким, эсар ул дашт аро ҳар ён қизил, сориғ, яшил.

Шишадек кўнглумдадур гулзори ҳуснунг ёдидин,
Тобдоннинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил.

Оразу холинг била хаттинг хаёлидин эрур
Кўзларимнинг оллида даврон қизил, сориғ, яшил.

Лаългун май тутқил олтун жом бирла сабзада
Ким, булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил.

Фақр аро беранглиқ душвор эрур беҳад, валек
Хирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.

Эй Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди наминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил.

ИСТАНГИЗ

Истаганлар, бизни саҳрои балода истангиз,
Водийи ҳижрон ила дашти фанода истангиз.

Вомиқу, Фарҳоду Мажнундеклар ул водий аро
Бўлсалар пайдо, мени ҳам ул арода истангиз.

Юз аларнинг ишқича дарду, балоу ғуссаға
Толиб эл бошиға келган можарода истангиз.

Эйки, истарсиз саводул важҳ фиддорайидин,
Бохабар бўлмоқ мени юзи қарода истангиз.

Кўнглим ул зулф ичрадур, зинҳор ишқим шарҳини
Истаманг мен телбада, ул мубталода истангиз.

Нуқта янглиғким, вафо узра қилур котиб рақам,
Ишқ ўтининг доғини аҳли вафода истангиз.

Оғзи шавқидин Навоий итти, они истар эл,
Ё адам даштида, ё мулки фанода истангиз.

КEЛГАЙ

Не кун ўлғайки, нигорим келгай,
Боғи умрумда баҳорим келгай.

Умр боғида баҳор улдурким,
Сарвқад лолаузорим келгай.

Ил гадо жониға ўт тушкайким,
Олғали шамъи мазорим келгай.

Кўйида итти кўнгул, ваҳ, қачон ул
Масти девонашиорим келгай.

Қани майким, чу ичиб маст ўлсам,
Кўкка туз боққали орим келгай.

Эй Навоий, тиламон ҳуру пари,
Шояд ул базмда ёрим келгай.

Рубоийлар

КЎЗ БИРЛА ҚОШИНГ ЯХШИ

Кўз бирла қошинг яхши, қабоғинг яхши,
Юз бирла сўзинг яхши, дудоғинг яхши.
Энг бирла менгинг яхши, сақоқинг яхши,
Бир-бир не дейин боштин-аёғинг яхши.

ГАР ОШИҚ ЭСАНГ

Гар ошиқ эсанг меҳру вафо қилма ҳавас,
Дард истаю дафъиға даво қилма ҳавас.
Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,
Дилдорингдан ғайри ризо қилма ҳавас.

ЗОҲИД СEНГА…

Зоҳид, сенга – ҳур, манга – жонона керак,
Жаннат – санга бўлсун, манга – майхона керак.
Майхона аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.

УМРИ АЗИЗ

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севмак ондин ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.

ХУШЛУҚ

Ким кўрди экин жаҳонда оё хушлуқ,
То бир киши айлагай таманно хушлуқ.
Юз йилда агар бир ўлса пайдо хушлуқ,
Омодадур ёнида юз нохушлуқ.

ЖОНИМДАГИ «ЖИМ»

Жонимдаги «жим» икки долингға фидо,
Андин сўнг «алиф» тоза ниҳолингға фидо,
«Нун»и доғи анбарин ҳилолингға фидо,
Қолғон ики нуқта икки холингға фидо.

ЎПАЙ

Дедим: Зақанинг тутуб сақоғингни ўпай,
Кўз-қошингга суртубон қабоғингни ўпай,
Гулдек юзинг ислабон дудоғингни ўпай,
Йўқ, йўқ, йўқ, агар десанг, аёғингни ўпай.

Туюқлар

Ё ЛАБМУДУР

Ё раб,ул шаҳду шакар ё лабдурур,
Ё магар шаҳду шакар ё лабдурур.
Жонима пайваста новак отқали,
Ғамза ўқин қошига ёлабдурур.

БОРМОҒИН

Неча дедим ул санамға: Бормоғин!
Қилмади ул тарк охир бормоғин;
Мунчаким худройлиқ кўргузди ул,
Ақл ҳайрат қилди тишлаб бармоғин.

ОЛМАНГИЗ

Пардани рухсорасидан олмангиз,
Ҳоҳақ ўлтурди мени шул олмангиз;
Гар анористонға сунса илгини,
Айтур: — Ул турсун,амонат,олмангиз!

ЁҚИЛУР

Лаълидин жонимға ўтлар ёқилур,
Қоши қаддимни жафодин ё қилур;
Мен вафоси,ваъдасидин шодмен,
Ул вафо, билманки, қилмас, ё қилур.

ОЛМАНИ ОТТИ НИГОРИМ

Олмани отти нигорим, «ол»,-деди
«Олма бирла бу кўнгилни ол»,-деди
Сўрсам эрса оламсини рангини
«Олма рангин не сўрурсан, ол»,-деди

ФАРҲОД ВА ХИСРАВ АЙТИШУВИ

Деди: қайдинсен эй мажнуни гумраҳ?
Деди: мажнун ватандин қайда огаҳ.

Деди: недур сенга оламда пеша?
Деди: ишқ ичра мажнунлиқ ҳамиша.

Деди: бу ишдан ўлмас касб рўзи,
Деди: касб ўлса басдур иш сўзи.

Дедиким: ишқ ўтидин де фасона!
Деди: куймай киши топмас нишона.

Дедиким: куймакингни айла маълум!
Деди: андин эрур жоҳ аҳли маҳрум!

Деди: қай чоғдин ўлдунг ишқ аро маст?
Деди: руҳ эрмас эрди танға пайваст.

Деди: бу ишқдин инкор қилғил!
Деди: бу сўздин истиғфор қилғил!

Деди: ошиққа не иш кўп қилар зўр?
Деди: фурқат туни ишқи балошўр.

Деди: ишқ аҳлининг недур ҳаёти?
Деди: васл ичра жонон илтифоти.

Дедиким: Дилбарингнинг де сифотин!
Деди: тил ғайратидин тутмон отин!

Дедиким: ишқиға кўнглунг ўрундур?
Деди: кўнглумда жондек ёширундур.

Деди: васлиға борсен орзуманд?
Деди: бормен хаёли бирла ҳурсанд.

Деди: нўши лабидин топқай эл баҳр?
Деди: ул нўшдин эл қисмидур заҳр.

Деди: жонингни олса лаъли ёди?
Дедиким: ушбудур жоним муроди.

Деди: кўксунгни гар чок этса бебок?!
Деди: кўнглум тутай ҳам айла деб чок.

Деди: кўнглунг фидо қилса жафоси?
Деди: жонимни ҳам айлай фидоси.

Дедиким: ишқдин йўқ жуз зиён буд.
Деди: бу келса савдо аҳлиға суд.

Деди: бу ишқ тарки яхшироқдур!
Деди: бу шева ошиқдин йироқдур!

Деди: ол ганжу қўй меҳрин ниҳоний,
Деди: туфроққа бермон кимёни!

Деди: жонингға ҳижрон кинакашдур,
Деди: чун бор васл уммиди хушдур.

Дедиким: шаҳға бўлса ширкат андеш!
Деди: ишқ ичра тенгдур шоҳу дарвеш!

Деди: жонингға бу ишдин алам бор,
Деди: ишқ ичра жондин кимга ғам бор?!

Деди: кишвар берай, кеч бу хавасдин!
Деди: бечора, кеч бу мултамасдин!

Деди: ишқ ичра қатлинг ҳукми этккум!
Деди: ишқида мақсудимға еткум.

Деди: бу ишда йўқ сендин йироқ қатл,
Деди: бу сўзларингдин яхшироқ қатл.

https://ziyouz.uz/ozbek-sheriyati/ozbek-mumtoz-sheriyati/alisher-navoiy/

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>