Улуғлар масканида камолга етган шоира

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика

факультетини том маънода улуғлар маскани, дегимиз келади. Бу маскандан Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Ҳалима Худойбердиева, Анвар Обиджон, Хуршид Даврон, Тоғай Мурод, Хайриддин Султон, Шарифа Салимова, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид каби ўнлаб таниқли ёзувчи-шоирлар етишиб чиққанларига 1980 йилларда биз талабалар ҳавас билан қарардик.

Сўнгги ўн йилликлар мобайнида шу даргоҳда таҳсил олган Азиз Саид, Абдували Қутбиддин, Аъзам Ўктам, Салим Ашур, Собир Ўнар, Назар Эшонқул, Минҳожиддин Мирзо, Муҳаммад Исмоил, Икром Бўрибоев, Ғайрат Мажид, Фароғат Худойқулова каби яна бир гуруҳ истеъдод соҳиблари ижод бўстонига ўз овозлари ила кириб келдилар.

Оташнафас шоира Фароғат Худойқулованинг “Куй дилим, суйгулим”, “Айтолмаган сўзларим”, “Ойдинлик” номли китоблари ўз мухлисларини топган. Унинг шеърлари бугунги талабаларимиз учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб, ундан баҳра олган қаламкаш ёшлар келгусида ижоднинг нозик сирларини теран илғаб оладилар, деган умиддамиз, дейди Дониш домла.

фаро2

 

КЎЗ ЁШИНГНИ АРТАЙ ЎЗИМ…

 Оғаларим маст уйқудан уйғонгани рост бўлсин,

Халқ ғамидан кўкси куйиб, тўлғонгани рост бўлсин,

Ўйларида ойдин ўйлар чўлғонгани рост бўлсин,

Тун кўксида ой тўлажак кунлар яқиндир, Онажон,

Ҳақ Яссавий туғилажак кунлар яқиндир Онажон!

 

Тўс-тўполон дунёсида оҳим чайқалиб борадир,

Фитначиларнинг фитнаси қилни қирққами, ёрадир,

Лек, бизга панд беролмаслар, Художоним қайтарадир,

Бир илоҳий Сўз келажак кунлар яқиндир Онажон,

Мир Алишер туғилажак кунлар яқиндир Онажон!

 

Тузоқлар кўп, парчалай деб, тун-кун огоҳ қарар кўзман,

Оғаларим оқ сутингни оқлашларин сўрар сўзман,

Эл суюнмас бўлса, дарддан буғзи тўлиб бўзлар қизман,

Бошимизда тож бўлажак кунлар яқиндир Онажон,

Моҳларойим туғилажак кунлар яқиндир Онажон!

 

Кўз ёшингни артай ўзим, кимлар даврон сурган дунё,

Тўзиб кетган болаларинг бирлашиб юрт қурган дунё,

Шаҳид кетган алпларингнинг руҳи уйғок турган дунё,

Номард боши узилажак кунлар яқиндир Онажон,

Жалолиддин туғилажак кунлар яқиндир Онажон!

 

Жанг-жадалдан шер юрак-ла мардона чиққан онасан,

Туғсанг, фақат Ватан учун ўғиллар туққан онасан,

Ёв бошини қонли хумга тўйгунча тиққан онасан,

Толеъингда тонг кулажак кунлар яқиндир Онажон,

Амир Темур туғилажак кунлар яқиндир Онажон!

 

Оғаларим маст уйқудан уйғонгани рост бўлсин…

 

2016

 

БАҲОРГИНАМ

 

Ниҳол эдим,

минг бор сўлиб, минг бор тирилдим,

Ўт ичидан сенинг ёнмай ўтишларингдан.

Шамол эсмай титрар эди гул япроқларим,

Юзинг буриб, осон кечиб кетишларингдан.

Кўзёшимни кўрмаганга олганда қуёш,

Туюларди, жароҳатим битаётгандай.

Туюларди, ва ле менга ҳар лаҳза, ҳар он

Сен кўчамдан мени излаб ўтаётгандай.

Изсиз кетдинг, юрагимда тинмай ёмғирлар?

Тополмадим, сени минг йил кечиб ғамларни.

Баҳоргинам,

мени минг йил йиғлатдингми зор,

Унутганча бирга ўтган сархуш дамларни?

Баҳоргинам….

Нечун кетдинг,

Нечун йиғлатдинг,

Мен боғингда гулламоққа арзимасмидим?

Пайти келса, сен-ла бирга юксалмоқ учун,

Бевақт тўзган бўронларга бас келмасмидим?

Баҳоргинам….

Нечун кетдинг,

Нечун йиғлатдинг?…

Ниҳол эдим,

минг бор сўлиб, минг бор тирилдим…

 

1995

 

BAHORGINAM

 

Nihol edim,

ming bor so‘lib, ming bor tirildim,

O‘t ichidan sening yonmay o‘tishlaringdan.

Shamol esmay titrar edi gul yaproqlarim,

Yuzing burib, oson kechib ketishlaringdan.

Ko‘zyoshimni ko‘rmaganga olganda quyosh,

Tuyulardi, jarohatim bitayotganday.

Tuyulardi, va le menga har lahza, har on

Sen ko‘chamdan meni izlab o‘tayotganday.

Izsiz ketding, yuragimda tinmay yomg‘irlar?

Topolmadim, seni ming yil kechib g‘amlarni.

Bahorginam,

meni ming yil yig‘latdingmi zor,

Unutgancha birga o‘tgan sarxush damlarni?

Bahorginam….

Nechun ketding,

Nechun yig‘latding,

Men bog‘ingda gullamoqqa arzimasmidim?

Payti kelsa, sen-la birga yuksalmoq uchun,

Bevaqt to‘zgan bo‘ronlarga bas kelmasmidim?

Bahorginam….

Nechun ketding,

Nechun yig‘latding?…

Nihol edim,

ming bor so‘lib, ming bor tirildim…

 

 1995

 

ОЛДИНДА БОРАРЛАР…

 

Байроқ тутқичига бир оят ёздим…

Ҳалима Худойбердиева

 

Байроқдорларингиз то шу байроқни,

Қуёшдан юксакда кўтариб борар.

Дўл ёғса, қор ёғса, ўқир оятни,

Нафаслари ғофил тошларни ёрар.

 

Олдинда борарлар, орқада қолмас,

Сафлари узаяр, ёнса ҳам йўллар.

Ўлгунча кўтариб қўллари толмас,

Қадамларига кўк ёғдирар гуллар.

 

Саловатлар айтиб, учар қушлар ҳам,

Эркнинг шамолига эргашар бонглар.

Хотирангиз ўлмас, қасдингиз ўлмас,

Байроққа бўйлашиб, ёришар тонглар.

 

Байроқдорларингиз то шу байроқни,

Қуёшдан юксакда кўтариб борар..

Дўл ёғса, қор ёғса, ўқир оятни,

Ўткир нафаслари тошларни ёрар.

 

 2017

 

OLDINDA BORARLAR…

 

Bayroq tutqichiga bir oyat yozdim…

Halima Xudoyberdieva

 

Bayroqdorlaringiz to shu bayroqni,

Quyoshdan yuksakda ko‘tarib borar.

Do‘l yog‘sa, qor yog‘sa, o‘qir oyatni,

Nafaslari g‘ofil toshlarni yorar.

 

Oldinda borarlar, orqada qolmas,

Saflari uzayar, yonsa ham yo‘llar.

O‘lguncha ko‘tarib qo‘llari tolmas,

Qadamlariga ko‘k yog‘dirar gullar.

 

Salovatlar aytib, uchar qushlar ham,

Erkning shamoliga ergashar bonglar.

Xotirangiz o‘lmas, qasdingiz o‘lmas,

Bayroqqa bo’ylashib, yorishar tonglar.

 

Bayroqdorlaringiz to shu bayroqni,

Quyoshdan yuksakda ko‘tarib borar…

Do‘l yog‘sa, qor yog‘sa, o‘qir oyatni,

O’tkir nafaslari toshlarni yorar.

 

 2017

 

КУЧ ТОПДИМ…

 

Мен шундай куч топдим ўзимда

Сизни шарт унутмоқ истайман.

Унутиб, соғинмай, аслида

Ўлгунча ғам ютмоқ истайман.

 

Фароғатсиз ўтган умр меники,

Сизнинг-чи боғингиз сўлмасин.

Менга келмас йўлни танланг Сиз,

Ҳолингиздан дўстлар кулмасин.

 

Мен шундай куч топдим ўзимда,

Бахтимдан бахт излаб куймасман.

Юрагимдан ўлмайдиган шеър,

Туғилмагунича қўймасман.

 

Мен шундай куч топдим ўзимда…

 

1999

 

KUCH TOPDIM…

 

Yoz Farog’at bilayn, [08.08.19 13:17]

Men shunday kuch topdim o‘zimda

Sizni shart unutmoq istayman.

Unutib, sog‘inmay, aslida

O‘lguncha g‘am yutmoq istayman.

 

Farog‘atsiz o’tgan umr meniki,

Sizning-chi bog‘ingiz so‘lmasin.

Menga kelmas yo‘lni tanlang Siz,

Holingizdan do‘stlar kulmasin.

 

Men shunday kuch topdim o‘zimda,

Baxtimdan baxt izlab kuymasman.

Yuragimdan o‘lmaydigan she’r,

Tug‘ilmagunicha qo‘ymasman.

 

Men shunday kuch topdim o‘zimda…

 

1999

 

ИШҚ ҚАСРИНИ ЁҚИНГЛАР

 

Отасининг кўзига,

Акасининг кўзига

Тик боқмаган қизларнинг

бахти йўқми, Энажон?

Номардга сир айтмаган,

Ваъдасидан қайтмаган,

Қизлар ўзи давлату

Тахти йўқми, Энажон?

Севилиб йўл топмаган,

Севиб тонги отмаган,

Оққуш бўлиб учгану

Ойнинг юзин ёпмаган.

Сўқмоқ йўлдан юрганлар,

Тушида туш кўрганлар,

Кўз ёшига соч ювиб

Дардин қўшиб ўрганлар.

Қошу киприкларига,

Тегиб юлдузлар куйган.

Тилаклари пок қизлар,

Бағри тошларни суйган.

Қиз ҳолидан кулганлар,

Лола баргин юлганлар.

Чин ёридан воз кечиб

Ўлмай туриб ўлганлар.

Отасининг кўзига,

Акасининг кўзига

Тик боқмаган қизларнинг

Кўзларига боқинглар…

Кўзларига боққанлар,

Ҳасратида оққанлар,

Қиз кўксидан ўт олиб

Ишқ қасрини ёқинглар,

Дунёларни ёқинглар!…

 

 1994

 

ISHQ QASRINI YOQINGLAR

 

Otasining ko‘ziga,

Akasining ko‘ziga

Tik boqmagan qizlarning

baxti yo‘qmi, Enajon?

Nomardga sir aytmagan,

Va’dasidan qaytmagan,

Qizlar o‘zi davlatu

Taxti yoqmi, Enajon?

Sevilib yo‘l topmagan,

Sevib tongi otmagan,

Oqqush bo‘lib uchganu

Oyning yuzin yopmagan.

So‘qmoq yo‘ldan yurganlar,

Tushida tush ko‘rganlar,

Ko‘z yoshiga soch yuvib

Dardin qo‘shib o‘rganlar.

Qoshu kipriklariga,

Tegib yulduzlar kuygan.

Tilaklari pok qizlar,

Bag‘ri toshlarni suygan.

Qiz holidan kulganlar,

Lola bargin yulganlar.

Chin yoridan voz kechib

O‘lmay turib o‘lganlar.

Otasining ko‘ziga,

Akasining ko‘ziga

Tik boqmagan qizlarning

Ko‘zlariga boqinglar…

Ko‘zlariga boqqanlar,

Hasratida oqqanlar,

Qiz ko‘ksidan o‘t olib

Ishq qasrini yoqinglar.

 

 1994

 

БУЮК УЧРАШУВ

 

Сен келмадинг,

Мен ҳам бормадим,

Шундай кечди юраклар жангги.

Дудоғлари титраб қорайди,

Боғ қўйнида севгимиз тонгги.

 

Ой кўксига бош қўйиб, ғамнок

Дейсан, севги ҳаётмас ўлим.

Мен-чи, ойдан олисга кетдим,

Тушмасин деб сен томон йўлим.

 

Лекин, асл ҳақиқат тунлар —

Юракларга соларкан ғулу.

Бизни кутар олдинда интиқ

Биз кутмаган буюк учрашув.

 

 2015

 

BUYUK UChRAShUV

 

Sen kelmading,

Men ham bormadim,

Shunday kechdi yuraklar janggi.

Dudog‘lari titrab qoraydi,

Bog‘ qo‘ynida sevgimiz tonggi.

 

Oy ko‘ksiga bosh qo‘yib, g‘amnok

Deysan, sevgi hayotmas o‘lim.

Men – oydan-da olisga ketdim,

Tushmasin deb sen tomon yo‘lim.

 

Lekin, asl haqiqat tunlar —

Yuraklarga solarkan g‘ulu.

Bizni kutar oldinda intiq

Biz kutmagan buyuk uchrashuv.

 

 2015

 

МУҲАББАТИМ ЙЎЛИДА…

 

Гоҳ аламли, гоҳ қувончли кунлар ўтар бошимдан,

Берган ҳар бир азобингни кўз устига қўйганман.

Икки дунё бир бўлса ҳам тузалмас хатоларим,

Билсам ҳамки нафратингни муҳаббатга йўйганман.

 

Ютарман, дер асов дарё, ўтмоққа шаҳд топган мен,

Гоҳ сарин ел, гоҳо бўрон бўлиб шаҳдам чопган мен,

Ҳар лаҳза исмингни такрор гул баргига кашталаб,

Дийдорингни кўрмоқ учун кўзларини ёпган мен.

 

Тўрт томоним гулбоғ эди, бир сенга қараб юрдим,

Сени деб тол зулфларни гул билан тараб юрдим,

Тангрим аёл бошимга бериб қўйган шер юрак,

Гоҳ яқин, гоҳ олисларда кунингга яраб юрдим.

 

Не бўлса ҳам бахтимга, азизим, сен омон бўл,

Ўзимдан ҳам яхшимсан, ўзгалар-чун ёмон бўл.

Гоҳо севгим саройида cултону гадодирсан,

Не бўлса ҳам тонма мендан, муҳаббатим томон бўл!..

 

Муҳаббатим йўлида қай гумроҳ тўсиқ, ғов бўлар,

Мўлжалга шай ёйдирман, сен – тортилажак камон бўл…!

 

2011

 

MUHABBATIM YO‘LIDA…

 

Goh alamli, goh quvonchli kunlar o‘tar boshimdan,

Bergan har bir azobingni ko‘z ustiga qo‘ygayman.

Ikki dunyo bir bo‘lsa ham tuzalmas xatolarim,

Bilsam hamki nafratingni muxabbatga yo‘ygayman.

 

O‘rtamizda asov daryo, o‘tmoqqa shahd topgan men,

Goh sarrin yel, goho bo‘ron bo‘lib shahdam chopgan men,

Har lahza ismingni takror gul bargiga kashtalab,

Diydoringni ko‘rmoq uchun ko‘zlarini yopgan men.

 

To‘rt tomonim gulbog‘ edi, bir senga qarab yurdim,

Seni deb tol zulflarni gul bilan tarab yurdim,

Tangrim ayol boshimga berib qo‘ydi sher yurak,

Goh yaqin, goh olislarda kuningga yarab yurdim.

 

Ne bo‘lsa ham baxtimga, azizim, sen omon bo‘l,

O‘zimdan ham yaxshimsan, o‘zgalar-chun yomon bo‘l.

Goho sevgim saroyida cultonu gadodirsan,

Ne bo‘lsa ham tonma mendan, muxabbatim tomon bo‘l!..

 

Muxabbatim yo‘lida qay gumroh to‘siq, g‘ov bo‘lar,

Mo‘ljalga shay yoydirman, sen – tortilajak kamon bo‘l…!

 

 2011

 

ШОДА-ШОДА БАХТДАН…

 

Мезон шамолида тоблаб ҳисларни,

Сахий куз йўл солди чанқоқ боғларга.

Юртма-юрт учириб мовий қушларни,

Чинорлар қўл чўзди азимтоғларга.

 

Орзулар қизарди анорюз бўлиб,

Умидлар жой олди ҳилол ёнидан.

Ариқлар оқдилар ўпкаси тўлиб,

Олмалар ранг олди кўнгил қонидан.

 

Шода-шода бахтдан эгилди шохлар,

Булутлар ташрифи энди ғам бўлмас.

Илҳом булоқлари қайнаган маҳал,

Ноклардек тўкилиш — шоирга ҳавас.

 

Лек, дилни ўртайди япроқлар ҳиди,

Юлдузлар кўзида сирли ийманиш.

Бу оқшом, ғарқ пишган сатрлар аро

Баҳорга виқор-ла мамнун боқар қиш…

 

 2010

 

ҚАСД

 

Толим-толим сочларимга ошиқ бўлган кунларинг

Қўлларимнинг хинолари қуюқ эди, ёрижон.

Ой бахтимдан тонглар кулиб, юлдузчалар шодумон,

Кимларнингдир юрак-бағри куйик эди, ёрижон.

Юрагимга ўзинг эккан садарайҳон гулларин

Шафқат билмай сўлдирмоққа чоғландинг сен, ёрижон.

Муҳаббатинг боғларида сайр эттириб бахтиёр,

Сўнгра кимлар хаёлига боғландинг сен, ёрижон?

Олисларга кўз ташласам, ўйларим тиниқ тортар,

Тушлариму ўнгимда ҳам баланд эрур парвозим.

Орзуларинг тоғларида оҳу эдим беозор,

Ошиқ кўнглинг торларига тушган эди овозим.

Ёлғиз ўзинг дўстим эдинг,

Ўзинг бўлдинг жаллодим,

Билсам, ишқинг заҳарланган шамшир экан қиндаги.

Баски, сени маҳв этмоққа шайландим мен, сайёдим,

Ҳар лаҳзада тик бошимни қўйсам ҳамки кундага…

Ўз ҳолингга қўймасман, лек, ўт қаларман кўксингга,

Ўсмаларга кулин сепиб, қошларимга қўярман.

Толим-толим сочларимни шартта кесиб мастона,

Қўлларимни адолатнинг қони билан бўярман.

 

Толим-толим сочларимга ошиқ бўлган кунларинг…

 

 2000

 

QASD

 

Tolim-tolim sochlarimga oshiq bo‘lgan kunlaring

Qo‘llarimning xinolari quyuq edi, yorijon.

Oy baxtimdan tonglar kulib, yulduzchalar shodumon,

Kimlarningdir yurak-bag‘ri kuyik edi, yorijon.

Yuragimga o‘zing ekkan sadarayhon gullarin

Shafqat bilmay so‘ldirmoqqa chog‘landing sen, yorijon.

Muxabbating bog‘larida sayr ettirib baxtiyor,

So‘ngra kimlar xayoliga bog‘landing sen, yorijon?

Olislarga ko‘z tashlasam, o‘ylarim tiniq tortar,

Tushlarimu o‘ngimda ham baland erur parvozim.

Ishqning tog‘u-toshlarida ohu edim beozor,

Oshiq ko‘ngling torlariga tushgan edi ovozim.

Yolg‘iz o‘zing do‘stim eding,

O‘zing bo‘lding jallodim,

Bilsam, ishqing zaharlangan shamshir ekan qindagi.

Baski, seni mahv etmoqqa shaylandim men, sayyodim,

Har lahzada tik boshimni qo‘ysam hamki kundaga…

O‘z holingga qo‘ymasman, lek, o‘t qalarman ko‘ksingga,

O‘smalarga kulin sepib, qoshlarimga qo‘yarman.

Tolim-tolim sochlarimni shartta kesib mastona,

Qo‘llarimni adolatning qoni bilan bo‘yarman.

 

Tolim-tolim sochlarimga oshiq bo‘lgan kunlaring…

 

 2000

 

КУТАМАН

 

“Китоб—Тошкент” поезди жилар,

Ҳавода чайқалиб ингранар очун.

Кутишдан умид йўқ,

Кузатиш ўлим,

Ўзимни батамом унутганим чин.

Поезд тутқичига умрим шиддати

Осила-осила, узилган кезлар.

Юрагим ёшлари кипригимгамас,

Ўтли релисларга тизилган кезлар.

На-да севилмоққа,

На-да севмоққа,

Тўзғин хаёлларим бермаган имкон.

Қўлларимдан ушла, етакла замин,

Нафас олмоғимга ёрдам бер осмон.

Қор ёғса битарми,

Қон оққан ярам?..

Вокзал — кўзларимдай ҳуввилаб борар.

О, унинг кетиши, сўзсиз кетиши,

Ўқувсиз табибдек кўксимни ёрар.

Шунда ҳам кутаман,

Лекин у ҳақда,

Бирор кимса хабар, бир сўз айтмайди.

Тушимда поездлар қайтар ҳар саҳар,

Лекин у ҳеч қачон қайтмайди.

 

1994

 

KUTAMAN

 

“Kitob—Toshkent” poezdi jilar,

Havoda chayqalib ingranar ochun.

Kutishdan umid yo‘q,

Kuzatish o‘lim,

Yozimni batamom unutganim chin.

Poezd tutqichiga umrim shiddati

Osila-osila, uzilgan kezlar.

Yuragim yoshlari kiprigimgamas,

Yotli relislarga tizilgan kezlar.

Na-da sevilmoqqa,

Na-da sevmoqqa,

To‘g‘in xayollarim bermagan imkon.

Qo‘llarimdan ushla, yetakla zamin,

Nafas olmog‘imga yordam ber osmon.

Qor yoғsa bitarmi,

Qon oққan yaram?..

Vokzal — ko‘zlarimday huvvillab borar.

O, uning ketishi, so‘zsiz ketishi,

O‘quvsiz tabibdek ko‘ksimni yorar.

Shunda ham kutaman,

Lekin u haqda,

Biror kimsa xabar, bir so‘z aytmaydi.

Tushimda poezdlar qaytar har sahar,

Lekin u hech qachon qaytmaydi.

 

 1994

 

ҲАҚИҚАТГА ҚЎЙИЛГАН ҚАФАС…

 

Ўзбекнинг оташин шоири

РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК хотирасига

 

Ишонч бузолмасми эски дорларни,

Суянмоқ истасак виждонимизга?

Қуёш тарк этмасми машъум ғорларни,

Тўзимлар тиласак мўрт жонимизга!..

 

Мудраган мудраса бўлиб муттаҳам,

Юртнинг ботирлари отилиб кетса.

Бўғзимизда қолса олов ҳам, дуд ҳам,

Тириклар хоинга сотилиб кетса.

 

Кўзимиз ўйилса кўрганимиздан,

Эшитиб том битса қулоқларимиз.

Тоғлар тўқайларнинг пойини ўпса,

Оғуга кон бўлса булоқларимиз…

 

Оҳ, бунча азобли бедор яшамоқ!

Мудрамоқ аслида ундан ҳам азоб!

Чиқарми қисматнинг саҳифаси оқ,

Қадим манбалардан ахтарсам жавоб?

 

Қайси маъволарда чашмалар оқмай,

Кўксимдан кўзимга тошиб чиқар қон.

Ўғлинг сендан олис кетдими, боқмай?..

Дардинг ололмасдан, она Туркистон?..

 

2

Ортиқ чидаб туролмас ёмғир,

Таъқиб қилар шоирни булут.

Борлиқ ичра бир севги сағир –

Ўтган кундай бўларкан унут.

 

Ой шохида тушкун япроқлар

Алла айтар шоирга сўнг бор.

Тонгни қучиб сўнган титроқлар

Ва мангуга кузатган дилдор…

 

Баридан, тун, сен бўлдинг огоҳ,

Чидаб бердинг олмасдан нафас.

Шоирни маҳв этди-ку ногоҳ

Ҳақиқатга қўйилган қафас…

 

3

Сен томондан эсар майин ел –

Туйғуларнинг баланд парвози.

Эй сен, мудроқ, юрагимни тил,

Яшил сукунатнинг овози.

 

Руҳим – саҳро, чайқаламан гоҳ,

Пўртана – сўз ва кескир овоз.

Кўролмасман кўзларингни, оҳ,

Майин елни илғайман, холос.

 

Боғлар – шаддод ёмғир остида

Чўмилишар кўйлагин ечиб.

Бораяпман севмоқ қасдида

Сен томонга умримдан кечиб…

 

4

Оҳудайин ҳуркак юрагим билан

Қанча нигоҳларни сараладим мен.

Қайсики дўстимга суянч бўлай деб,

Қайсики ғанимни яраладим мен.

 

Кескир қилич каби қанотим дами,

Кўкка юксалтирар умид тулпори.

Тонгларим тонгларга уланиб ҳали,

Пойимда ястанар чўққининг қори.

 

Ою юлдузларга аён қисматим,

Тўлғониб дард чеккан дарёга аён.

Ҳеч нега арзимас қилган хизматим

Ва умрим саҳроси бесарҳад, шоён…

 

Исмимни мангуга олиб қайтаркан

Покланган мақбарлар кўркли шукуҳи,

Сўнг бор юрагимда зобитлар ўпган

Байроқдай ҳилпирар Туркистон руҳи..

 

 2013

 

ТАЛҚИН…

 

Мен шеърман…

Дарди пишиб-пишиб, кечроқ туғилган,

Катта давраларда ўқилмаган шеър.

Ўқилмасимданоқ ёққандинг пинҳон

Ёнганимда унсиз ёнди она ер.

 

Кулим совумасдан,

Сочгандинг, эй воҳ,

Тошларга урилиб, бўлсин деб адо.

Ва лекин рўй берди сен кутмаган ҳол,

Минглаб юракларда бердим мен садо.

 

 2013

 

ЎЛМАС ҚЎШИҚ БИТГАЙМИЗ

 

Қўл силкитсам тўхтамас, оқ елканли кемалар,

Кўзларим қирғоғига тўлқинлар уриб борар.

Ёзнинг ол ёноғида, ёмғир сархуш бўлса-да,

Фалакнинг энг четида ой хаёл суриб борар.

 

Бошда ҳарир румолим, юрак учар сен томон,

Менку майли, арзимам, пойинг кўзга сургали.

Сайёднинг қўлларидан чиққандир минг йил омон

Руҳим — эрка кийикдай тоғу тошда юргали.

 

Қушлар чаҳ-чаҳи тонгда осмонни тўлдирган пайт,

Висол арғимчоғида бахтдан баланд учгайман.

Учрашганда соҳилда гулгун ёшлигим билан,

Умидимнинг гулларин дил энтикиб қучгайман.

 

Бахтли бўлмоқ бизга ҳам бир кун қилганда насиб,

Ўлмас қўшиқ битгаймиз, ул бетакрор дамларга.

Ҳижрон тиғи кўнгилни алвон этгани ҳаққи,

Соғинч шаробларини тўлдиргайман жомларга…

 

Қўл силкисам, ортига қайтар бир-бир кемалар,

Ўлмас қўшиқ куйлаймиз, гулхан ёқиб тоғларда…

 

 2014

 

ЎПГИМ КЕЛДИ ПЕШОНАСИДАН

 

Тадбиркор аёлларга

 

Замон шиддат билан елиб бораркан,

Сиз унинг жиловин олдингиз қўлга.

Қай соҳада бўлсин, чўққини кўзлаб,

Элни етаклайсиз энг тўғри йўлга.

 

Улуғ момоларим руҳин шод этиб,

Олдинги сафдасиз, элга елкадош.

Мамлакат кўнглини файзиёб этиб,

Бирингиз ойдирсиз, бирингиз қуёш.

 

Ҳовучлаб олгаймиз ғайратингиздан,

Давраларда ўтли айтар сўзингиз.

Танбаллар танобин тортиб, меҳнатга

Бахтга отлантирган сарбон ўзингиз.

 

Сиз яратган боғлар, Сиз қурган уйлар,

Юртим чиройига қўшгайдир чирой.

Сиз тиккан палаклар, Сиз ёпган нонлар—

Жаннатда ҳам йўқдир, ҳали ҳойна-ҳой.

 

Санъат, сийратингиз таҳсинга лойиқ,

Ором бермас Сизга ўктам фикрлар.

Сиз очган цехларда, корхоналарда,

Халқим орзулари юксакка ўрлар.

 

Пахтазорлар ичра тонгни оттириб,

Ҳижолат қилурсиз, бободеҳқонни.

Шу он ўпгим келди пешонасидан

Кўзингизда кулган Ўзбекистоннинг.

 

МИРЗО УЛУҒБЕК

Тун қўйнида тутдим қуёшни,

Осмон оқиб киргач кўзимга.

Юлдузларни гул каби териб,

Ҳадя этдим халқим ўзингга.

Самарқанднинг юлдузларига

Мангу тегиб турар қўлларим.

Халқим сен бор, сен билан бирга,

Келажакка элтар йўлларим.

 

МУХАББАТГА КЎМ, ДИЛНИ…

 

Ҳазрати Алишер Навоий ҳайкали пойида

 

Эй кўнгил, сен поклан, ҳар он улуғлар пойини ўп,

Менингдан кеч, “мен” дея залолатга ботган кўп,

Томирингда томир отсин, авлиёлар отган чўп,

Сўзга жон бахшида эт, жонга сўз бахшида эт.

 

Дилим дарё десангу, ҳайқириб оқолмасанг,

Ой нуридан сўз элаб, чақмоқдек чақолмасанг,

Юрагингни ҳар лаҳза ишқ дея ёқолмасанг,

Тоғларинг йиқилмасми-яй, юлдузлар тўкилмасми?..

 

Мухаббатга кўм дилни, ёлғон дунё чекинсин,

Шуурингга куй инсин, ашкларингдан гул ўнсин,

Оловга айлан, сачра, кафтда қуёш кўринсин,

Халқ ғамин чек, ғамингни кўтаргувчи шу халқдир.

 

Халқдирки – Тўмариснинг қасосида тирилган,

Халққа бормоққа абад Ҳақ йўлидан юрилган.

Бомдод чоғи юзларга ҳур насимлар урилган,

Кўринмаган ёвлардан Ватанни қўри кўнглим.

 

Менам шоирман дейсан, бунчалар осон дейсан,

Ойбек тилга кирса-ю, “хайф” деса нима дейсан?…

Моҳларойим, Увайсий йиғласа нима дейсан?…

Сўз учун ўзингдан кеч, сўз кечмай туриб сендан…

 

Сўзга жон бахшида эт, жонга сўз бахшида эт…

 2018

 

Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>