Ўзбекистон – тотувлик ва бағрикенглик маскани

Бугун дунёнинг мафкуравий манзараси шунчалик ўзгариб кетмоқдаки, ўз йўналиши ва ҳаракатини лаҳзада ўзгартира оладиган бўрон ҳайратдан ёқа ушлагандек.

 Дайди шамолни қўлга ўргатиш дунёдаги беқарор вазиятнинг қайси томонга ва ким томонга оғиб кетаётгани билишдан кўра осонроқдек гўё. Беҳисоб шукрки, шундай таҳликали бир вазиятда Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ўзининг неча минг йиллик тажрибаси шарофатидан  дунё халқларини тинчлик ва омонликка даъват этиб келмоқда.

  Қанақа тарихий тажриба хусусида гапиряпсан дейишга шошилманг!

Энг қадимги эътиқод Авесто таълимотини тарихнинг не-не синовлари-ю, офатларидан омон сақлаб келган Хоразмнинг тилсимли қальалари…

Жануби-Шарқий Осиё қолиб, қадим Сурхоннинг Айритом, Далварзинтепа манзилгоҳларидан топилган уд чалаётган будда ҳайкалчасидан ҳайратда қолган археологлар таажжуби…

Арабистон ярим оролида таваллуд топган ислом дини Мовороуннаҳр илм бешигида Ал-Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ”и, Аз-Замахшарийнинг “Ал-Муфассал”, Бурхониддин Марғилонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарларидан топган камоли…

“Қайси миллат боласи бўлмасин, бошига бир лаган тилла билан сарҳадимнинг у бурчагидан то бу бурчагигача юрса ҳам ҳеч ким унинг омонатига хиёнат қилмайди”-дея дунё подшоларига адолат билан давлатни бошқариш ҳадисини ўргатган Амир Темур донолиги-ю, “Темур салтанатга фақат бир маданиятни мажбуран киритмасдан, аксинча турли маданиятларни қўшиб бугунгача яшаб келаётган Евроосиё ғоясини шахсан ишлаб чиққан жаҳондаги биринчи шахс эди”. Америлик олим Р.Нельсон иқрори…

Дунё тарихида энг узоқ 332 йил ҳукмронлик қилган Ҳиндистондаги Бобурийлар сулоласининг асосчиси Заҳириддин Бобурни эсланг. Ҳиндистон мустақиллиги асосчилиридан бири Жавоҳарлал Неру томонидан юртдошимизга нисбатан босқинчи эмас, “дилбар шахс” эътирофи…

1937-1952 йилларда Ўзбекистондан 100 минг киши репрессия қилиниб, 13 минг киши отиб ташланиб миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойиллари поймол бўлган тақдирда ҳам “Сен етим эмассан” шиорини қалбига муҳрлаб охирги нонини ҳам бировнинг боласига улашган темирчи ўзбек Шоаҳмад ота жасорати…

Халқининг 92 фоизи ислом динига эътиқод қиладиган юртдаги 16 та диний конфессиянинг 15 таси бошқа дин вакилларига тегишли эканлиги, бир давлатда етти тилда таълим, 10 тилда радио-телевидение кўрсатуви, 140 та миллий маданий марказлар фаолият юритаётганлигини қайси давлатда кўргансиз. Афсуски, биз тил можароси оқибатида бўлиниб кетаётган, сунний ва шиа ўртасидаги мазҳабпарастлик касофатидан миллионлаб болаларнинг хору-зорликда, қочқинликда сарсонлигини кўряпмиз холос.

  Қримлик профессор жадвали

Ўзбек заминида камол топган Қрим-татар ўғлони Фебзи Якубов ўз китобида дунё аҳлига мурожаат қилиб шундай жадвал тузишни таклиф этиб: “Айтайлик Сингапур микротехнология, Германия саноат техникаси, Нидерландия қишлоқ хўжалигида энг илғор ўринда туради десак, унда шак-шубҳасиз Ўзбекистон бошқа миллат ва элатларнинг шаъни ва қад-қимматини қадрлашни энг олий ўринда туради”-дея фахрланишида қандай муҳошада бор экан!?

Бизнингча, Исроил элчисининг “Бу мамлакат (Ўзбекистон) яҳудийлар қувғин қилинмаган дунёдаги ягона мамлакатдир. Ҳамма ерда яҳудийлар қувғинга учраганда бу юрт уларни кўксидан итармади. Хўрламади.”-дея ташаккур билдиргани, Пак Николаевич, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати, “Корейс” миллий маданият маркази раҳбарининг шукроналик изҳорларини ёдга олиб: “Бизни 38 кун деганда Корея ярим оролидан Ўзбекистонга олиб келишди. Поезддан тушдик. Ҳамма ёқ оппоқ қор. Изғирин. Мени шундай изғириндан ўзбек аёли Муяссар холанинг қайноқ кулчалари асраб қолди. Умримнинг охиригача шу кулчалар ифори билан яшайман”-дея дахлдорлик ҳиссини туйганлигида бизнингча?

Ёки, мендан кўра ўзбек тилида равон сўзлашадиган Зоя Цойга муҳтарам юртбошимиз “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини топшириш жараёнидаги бир оғиз оталарча холис маслаҳатчилари учунми? “Қизим Зояхон! Сиз ўзбек тилида жуда чиройли куйлайсиз. Аммо, ўз она тилингизни ҳам унутманг!”қабилидаги бағрикенглиги учундир? Қани эди, миллатпарастлик ва мажбурий тил истеъмолини қўллаётган давлатлар 7 тилда таълим кафолатланган дунёдаги ягона давлат Ўзбекистондан ибрат олса?

  Ваъда ижобати билан гўзал

Аслида Ўзбекистоннинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсати 1989 йилда Қашқадарё вилоятидан бошланганди. Ўшанда вилоят ҳокими И.Абдуғаниевич томонидан Қарши тумани 8-совхоз бошлиғи Л.Кимга тўла деҳқонлик ҳуқуқи берилганди.

1989 йилнинг май ойида Фарғона вилояти Қувасой туманида месхети турк ва ўзбеклар ўртасидаги олдиндан режалаштирилган қонли воқеаларни тинч йўл билан ҳал этишдан бошланганди. Портлаш ҳолатидаги вазиятга масъул раҳбарлар “Бир тарелка қулупнай” можароси қабилида бефарқликка берилган бир пайтда ўзидан воз кечган юрт раҳбарининг фидокорлигидан бошланганди.

1992 йил 26 февралда И.Каримовнинг “Хельсинки шартномаси”нинг сўнгги якунловчи актини имзолаш жараёнидаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни ўз юртида таъминлашга ваъда берганлиги ижобатидан 2005 ҳамда 2010 йилги миллий низо ва фожеалари демократия “доҳийлари” ўйлагандек инқилобга айланмади.

1992 йилги Қомусимиз лойиҳасида бетларида айнан миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни кафолатловчи ҳисобсиз чизиқ ва ўзгартишлар натижасида мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро миллатидан қатъий назар Ўзбекистон халқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар Ўзбекистон фуқароси, ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги-ю, диний карашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги бугун тинч яшаётган ҳаётимиз пойдеворини таъминлаб берди. Бугун мамлакатимизда 15 диний конфессияга мансуб 2200 дан ортиқ диний ташкилот, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда Тошкент ислом университети мовий гумбазида нурли ёғдулар жилваланишига замин яратиб берди.

   “Бу ватан санингдур, бу ватан манимдир”

Хулоса ўрнида, жорий йилда Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари йиғилиши мобайнида бир фикр дунё жамоатчилигида кенг муҳокама қилинди. Унга кўра, БМТ 1945 йил 24 октябрда Нью-Йорк шаҳрида эмас аслида XV асрда Самарқандда Амир Темур томонидан асос солинган экан. Бу 1993 йилда Тошкент шаҳрида барпо этилган ҳайкалда Амир Темур қўлида қилич тутманг, унинг ўнг қўлини осмонга кўтаринг, бу тинчлик ва омонлик даъвати бўлсин!”-дея Ўзбекистоннинг миллий сиёсатига тамал тошини қўйган юртбошимизнинг жонкуярлиги эмасми? Ўйлаб қоласан, Айнан аждодларга хос миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни миллий сиёсати сифатида олға сураётган Ўзбекистон 2015 йилда АҚШнинг “Gellup” тадқиқот институти маълумотига кўра, Сингапурдан сўнг дунёдаги энг хавфсиз, тинч мамлакат сифатида эътироф этилди. Бу 1 миллиард 350 миллионлик Хитойда 52 миллат қаердаю, Хитой аҳолисининг бор-йўғи 2,4% ташкил этган жаннатмакон юртимизда 130дан ортиқ турли миллат ва элат вакилларининг бир-тану бир жон бўлиб, улуғ мақсадлар йўлида 100 нафар давлат мукофотлари, 11 нафар “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига сазовор турли миллатлар аҳиллигининг исботи эмасми? Дунё яна эътироф этмоқда. Гўё Амир Темурнинг дунёни ҳайратга солган тинчликпарвар сиёсати қайта жонлангандек. Худдики, маҳалланинг нариги бурчагида азон, ён томонида будда таёқчаси, сўл томонида эса черков қўнғироқи тазйиқсиз жаранглаётганига ҳайрати ошгандек. Минтақада носоғлом геосиёсий ўйинчилар ноғорасига алданмай, ўз сўзи ва аниқ мақсад сари залворли қадамлари ҳақида ўйлаётгандек. Мовий осмонида қирувчи самолёт ёки бурқсиган порох ҳиди эмас қалдирғоч рақси-ю райҳон ифорини туйиб ўйлагандек: “Агар Сингапур Афғонистон билан чегарадош бўлганда, Марказий Осиёда давом этаётган геосиёсий манфаатлар доирасига тушмасдан, 130дан ортиқ миллат вакилларининг тинчлиги ва фаровонлигини  Ўзбекистончалик кафолатлай оладими?”

Унутмайлик, ёшлар! Юртимиздаги бу қут-барака ва фаровонликка ҳасад қилгувчи чиябўрилар ҳам ён-атрофимизда изғиб юришибди. Уларга маҳалладаги динлараро бағрикенглик, турли миллатлараро қуда-андачилик,  юртимиз бўйлаб фестивал давомида янграётган қирғизнинг “Сайра қомуз”, украинлар “Джерелло”, дунганлар “Чимнё”, қозоқлар “Коктем”, арманлар “Хоравақ-шоу”, руслар “Трядушие”, белоруслар “Катюша”, яҳудийларнинг “Шалом” каби 30дан ортиқ бадиий жамоалари шодон қийқириғи ёқмаётганлиги кундек равшан. Бу каби совуқ назарлардан жаннатмакон юртимизни ҳимоя қилиш, аввало бизга ким дўст ким душман эканлигини онгли инсон сифатида ажрата олишимиз шарт. Бизга ҳеч ким ҳеч қачон ташқаридан бир бурда нонни беминнат бермаслигини тушуниб етиш бугун ҳар бир ёш авлод олдидаги фуқаролик бурчи.

Шундай экан, қайси миллат вакили бўлсин қўлни қўлга бериб шу азиз ватан тинчлиги, буюк мъмор тиклаётган улкан бино ғиштлари абадийлиги учун курашайлик. Фестивалда юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни тараннум этган чақириқ шиоримизга айлансин!

   Бу ватан санингдур, бу ватан манимдур!”    

Жонибек Шуҳратов

http://sharh.uz

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>