“Барқарор қишлоқ-хўжалиги учун биоўғитлар ва биопестицидлар” номли халқаро семинар
Дунёда аҳоли сонининг ошиб, глобал экологик вазиятнинг ёмонлашиб бориши,
инсоният олдида ечимини тезкорлик билан топиши лозим бўлган қатор муаммоларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Мутахассисларнинг маълумотлариша кўра 2050 йилга бориб ер юзида аҳоли сонининг 9.6 млрд. га етиши кутилмоқда. Ўртаҳол аҳолининг сони 1 млрд. дан 2050 йилга келиб, 3 млрд. га кўпайиши башорат қилинмоқда. Борган сари озиқ-овқат сифатига бўлган талабнинг ошиб бориши, тупроқнинг экологик ҳолатининг ёмонлашиб бориши ва бошқа қатор муаммовий масалалар қишлоқ-хўжалик амалиётида фойдаланиладиган кимёвий воситалар миқдорини камайтириш ва уларни биологик, аниқроғи микробиологик препаратлар билан алмаштиришни талаб қилмоқда.
Экспертларнинг фикрларига кўра 2050 йилга келиб оғиқ-овқат ишлаб-чиқариш миқдори тахминан 80-100 % га ошиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда ер юзидаги инсонларнинг тахминан 50 % қишлоқ-хўжалиги билан банд бўлиб, шулардан 60% нинг кунлик даромади 2 АҚШ долларидан паст бўлган кичик фермерлар ҳисобланади. Фермер хўжаликларини ҳажми, уларнинг ишлаб-чиқариш имкониятлари ва камбағалчилик, бир-бирлари билан узвий алоқада бўлган жараёнлардир.
Бугунги кунда бутун дунёда, айниқса ривожланган мамлакатларда ўз ривожини топган янги технология бу – “ПиЖиПиР технологияси” бўлиб, у ўсимликларнинг илдизлари атрофида яшайдиган микроорганизмларнинг фойдали фаолиятидан фойдаланишга асосланган. Бу технология муайян шароитга экологик ҳолатни юмшатиш, экологик соф маҳсулот етиштириш ҳамда тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилганлиги учун ҳам унга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. АҚШда Осиё ПиЖиПиР жамияти фаолият юритади ва унинг асосий вазифаси Осиё ва Африка мамлакатлари қишлоқ-хўжалигининг барқарор ривожланишига ёрдам беришдан иборат. Кейинги йилларда бу жамиятнинг фаолияти ошиб бораётганлиги, жамиятнинг иқтисодий ёрдамида олимлар, фермерлар, агрономлар ва қишлоқ-хўжалиги амалиётида фаолият юритадиган мутахассислар вакилларини бир жойда тўплаб, анжуманлар ўтказилиб турилиши билан белгиланади.
Осиё ПиЖиПиР жамиятининг биринчи бутунжаҳон конференцияси 2009 йилда Ҳиндистоннинг Хайдаробод шахрида; иккинчиси, Хитойнинг Пекин шахрида (2011); учинчиси, Филипиннинг Манила шахрида (2013); тўртинчиси, Вьетнамнинг Ханой (2015); бешинчиси, Индонейзиянинг Богор шахрида ўтказилган ва шу мамлакатларда ушбу технологиядан фойдаланиш усулларидан кенгроқ фойдаланишга хизмат қилган. Осиё ПиЖиПиР жамиятининг райиси, профессор Минагала Редди (АҚШ) нинг ЎзМУ ректори, профессор Авазбек Марахимов билан 2018 йил 8 август куни Тошкентда ўтган учрашувида Осиё ПиЖиПиР жамиятининг навбатдаги VI халқаро конференциясини 2019 йил Тошкентда ўтказишга келишиб олинди.
Бунга Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факультетида ПиЖиПиР технологиясини яратиш ва ундан қишлоқ-хўжалиги амалиётида фойдаланиш бўйича жахонга маълум бўлган илмий тадқиқотлар олиб борилаётганлиги, бу тадқиқотларнинг натижалари жахоннинг нуфузли журналларида чоп этилаётганлиги, кўплаб патентлар, ҳатто Евроосиё патентлари олинганлиги кўплаб фан докторлари ва биология бўйича фалсафа докторлари тайёрланганлиги ҳамда шу йўналишда тадқиқотлар олиб бораётганлар орасида профессор Қахрамон Давранов, Дилфуза Эгамбердиева, Сайёра Муродова, Вячеслав Шурыгин, Дилфуза Жабборова каби олимларнинг номлари кўплаб қайта-қайта ишлатилаётганлиги асос бўлиб хизмат қилди.
8-9 август кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Осиё ПиЖиПиР жамияти ва Ecobiome R&D Ltd халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда «Қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда биоўғитлар ва биофунгицидлардан фойдаланиш истиқболари» мавзусидаги халқаро семинар бўлиб ўтди.
Семинардан кўзда тутилган мақсад ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини жадаллаштирирувчи, ўсимликларнинг биотик ва абиотик омилларга чидамлилигини, қишлоқ хўжалик экинлари, маҳсулотларнинг сифатини ошириш ва бу соҳада кўп йиллар мобайнида анъанага айланиб қолган кимёвий препаратлардан фойдаланишни чеклаш орқали қишлоқ хўжлик ишлаб чиқариши самарадорлигини кўтаришдан иборат. Семинарда мазкур соҳа бўйича хорижлик ва мамлакатимиз етакчи олимлари, профессор ўқитувчилар, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши ходимлари, фермерлар, талаба ва магистлар, ёш изланувчи тадқиқотчилар иштирок этишди.
Илмий анжуман ишида Осиё ПиЖиПиР жамияти асосчиси ва раҳбари профессор М.С. Редди (АҚШ) “XXI асрда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда ПиЖиПиР дан фойдаланиш истиқболлари” мавзусида маъруза қилиб, унда қишлоқ хўжалиги амалиётидаги маълумотларни таҳлил қилган ҳолда, микробиологик препаратлар юқори метаболитик фаолликка эга самарали микроорганизмлар асосида шакллантириши, лекин улардан фойдаланиш самараси муайян тупроқ иқлим шароитлари, биотик ва абиотик омиллар инобатга олингандагина кўриниши, уларнинг илмий ва амалий аҳамияти тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шуниндек, доктор К.Р.K. Редди (Ҳиндистон) “Ўсимликларни ўсиши ва ривожланишини стимулловчи микроорганизмлар: ишлаб чиқариш ва тижоратлаштиришнинг асосий жиҳатлари” номли илмий маърузасида микробиологик препаратлар ишлаб чиқаришдаги ва улар асосидаги маҳсулотни бозорга чиқариш: қадоқлаш, реклама, сақлаш; транспорт билан боғлиқ бўлган масалаларини ёритиб берди.
Проф. К.Давранов (Ўзбекистон) “Ўсимлик тупроқ муносабатларни ўрганиш бўйича Ўзбекистон Миллий университетида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар” мавзуларида илмий маърузасида Ўзбекистон Миллий университети Микробиология ва биотехнология кафедрасида ишлаб чиқилган ўсимликларнинг ҳосилдорлигини оширишга ҳамда тупроққа кимёвий босимни пасайтиришга мўлжалланган бир қатор экологик тоза ва соф микробиологик препаратлар ҳақида маъруза қилиб берди.
Семинар доирасида ўсимликларни ўсиши ривожланишини жадаллаштирирувчи микроорганизмлар асосидаги препаратларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва у орқали тупроқларнинг экологик ва фитосанитар ҳолатини яхшилаш масалаларини ҳал этишда илмий ҳамкорлик қилиш, хорижлик олимлар билан биргаликда халқаро илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари келишиб олинди.
Анжуманда ушбу соҳани ривожлантириш, минерал ўғитлар, пестицидлар, агрохимикатлар ва бошқалардан фойдаланишнинг чекланишига, бу эса ўз навбатида тупроқларнинг ифлосланишини, ўсимлик касалликлари ва зараркунадаларининг резистент (чидамли, дорилаш таъсир этмайдиган, мослашувчан) шакллари пайдо бўлишининг олдини олинишига сабаб бўлади, деган хулосага келинди.
Шу анжуман доирасида Осиё ПиЖиПиР жамияти билан ЎзМУ орасида узоқ муддатли ўзаро хамкорлик меморандуми имзоланди.
Сўнгги фикрлар