“Ахборот хизматлари” сабоқлари (5)

5-мавзу: Ахборот хизмати фаолиятида ахлоқий меъёрлар

Режа:

  1. Ахборот хизмати ходимининг ахлоқий фазилатлари жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил.
  2. Ахлоқий қоидаларнинг халқаро ва миллий асослари.
  3. Ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар.

 у2

Ахборот хизмати ходимлари маънан етук, хушмуомала, суҳбатдошининг сўзларини эътибор билан тинглайдиган, ўзгалар фикрини ҳурмат қиладиган, одобли, бамаъни бўлишлари зарур. У билан бир ҳамсуҳбат бўлган киши яна мулоқот қилгиси келсин. Шунда иш фаолиятига оид фикрларни эмин-эркин сўзлашадиган бўлади. Шу тариқа мустаҳкам алоқа, ҳамкорлик ўрнатилади. PR талабига кўра – икки томонлама фикр тинглаш шу тариқа йўлга қўйилади.

Баъзи ташкилот ходимларидаги кибру-ҳаво, манманлик билан ҳеч ким муроса қилишни истамайди. Журналистга, айниқса, нуфузли ташкилотнинг ахборот хизматида фаолият кўрсатаётган масъул ходимига бундай салбий хатти-ҳаракатлар мутлақо тўғри келмайди. Ўзини бошқалардан юқори ҳис этадиган, кеккайган, қўпол ва қўрс ходимдан ҳамма йироқ юришга ҳаракат қилади. Ундан юрак ютиб бирор маълумот сўрамайди. Оқибатда ўша ахборот хизмати билан ОАВ ходимлари ўртасида жарлик пайдо бўлади. Бу эса ўз навбатида ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини чиппакка чиқариб қўйиши турган гап.

Журналистлар ва ахборот хизмати ходимларининг ижобий фазилатларга эга бўлиши масаласи – одоб-ахлоқ тушунчалари билан боғлиқ. Маълумки, фанда ахлоқни – этика, одобни – маънавиятга оид фанлар воситасида ҳам ўрганамиз.

Ахборот хизмати фаолиятида, айниқса, жамоатчилик билан алоқалар амалиётида ахлоқий меъёрлар ғоят муҳим ўрин тутади. Турли ташкилот вакиллари билан уларнинг жамоатчилиги ўртасида фикр алмашишлари маълум бир ахлоқий меъёрларга асосланади.

Ахборот хизмати назарий асосларини – жамоатчилик билан алоқалар (PR) фани ҳам ташкил этар экан, демак, PRнинг ахлоқий асосларини пухта ўрганиш мақсадга мувофиқдир.

PRда ахлоқ (этика) масаласи халқаро ва миллий касбий кодекслар билан белгиланган. Маълумки, этика – ахлоқ ҳақидаги фандир. У ижтимоий гуруҳлар, ташкилотлар, шунингдек, шахс ва жамият ўртасидаги маънавий-ахлоқий ҳамда ўзаро муносабатларни маърифий шакллантиришга хизмат қилади. Бу фан одамзотни инсоний ҳолатида сақлаб турадиган соҳалардан бири. Аристотель ва Кант замонларидан бери у икки йўналишда намоён бўлаётир. Яъни, ҳақиқий ахлоқ, хулқ ҳақидаги фан ҳамда иккинчиси, инсон қандай қилиб ўзини тута билиши кераклигини ўргатадиган фан.

Ахборот хизмати ходимлари ўзларининг ҳар кунги фаолиятида этика талабларига риоя қилишлари шарт. Акс ҳолда улар фаолияти муваффақиятли бўлмаслигини эса ҳаёт исботлаб турибди. Ахборот хизмати соҳасида ҳуқуқий ва ахлоқий қоидалар бир-бири билан чамбарчасдир. Ҳуқуқий қоидалар ахлоқий қоидаларни белгилайди. Этиканинг асосини ташкил этувчи маънавият, ахлоқий қарашлар жамоатчилик фикри орқали ривожлантирилади ва натижада, этикани юзага келтиради.

Жамоатчилик фикри, касб маҳорати ва жамоатчилик билан алоқалар этикасининг асоси қандай, деган саволга ахборот хизмати фаолиятида аниқ жавоб топиш мумкин. Яъни, жамоатчилик билан алоқалар – жамоатчилик фикрини ҳурмат қилган ҳолда кўп жиҳатдан унга боғлиқ бўлиб, уни шакллантиради. У ўз фаолиятини узвий равишда давом эттириши учун замин яратади. Шу ўринда касб маҳорати билимдан ташқари самимият, очиқлик, ростгўйликни тақозо этади. Ахборот хизмати ходими мураккаб шароитда фаолият кўрсатади, мудом ташкилот обрўсини ҳимоя қилиши тақозо этилади.

Соҳа ходимининг ахлоқий қоидалари нималардан иборат, деган саволга Сэм Блэк шундай жавоб беради: “PR соҳасидаги ахлоқий муаммолар инсон фаолиятининг бошқа турларига қараганда анча мураккаб бўлиши мумкин, бироқ уларга мурожаат этиш, кўриб чиқиш ва виждонан ҳал этиш керак, зеро бу борада тайёр кўрсатмалар йўқ”1.

Бу юқорида қайд этилган фикрлар моҳиятини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради. Бинобарин, жамоатчилик билан алоқалар ахлоқий меъёрлари деганда ахлоқ ва унинг моҳияти, тафаккурдаги ва энг муҳими, инсоннинг кундалик хатти-ҳаракати, унинг ўрни ва роли билан боғлиқ бўлган барча масалалар ва муносабатлар мажмуини тушуниш мумкин.

Ахборот хизмати фаолиятидаги ахлоқ – жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходимининг фаолиятини баҳолаш ва тартибга солиш воситасидир. Ахлоқ – инсоннинг кундалик ижтимоий фаолиятини, хатти-ҳаракатларини белгилайди ва назорат қилади. Ахлоқий тамойиллар турли-туман шаклларда ифодаланган бўлиб, ҳар бир тарихий босқичда авлодларнинг ахлоқий қарашлари билан бойигани ҳолда давом этади.

Ахборот хизмати ходимининг этикаси аниқ амалий йўналиш ва хусусиятларга эга бўлиб, жамоатчилик томонидан у шу жиҳатлари билан қабул қилинади. Ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларни касбий тамойиллар даражасига кўтариш зарурати PR “хизмати фаолиятининг предмети – ахборот айирбошлашнинг уйғунлашуви – бевосита ўз ичига инсонга хос ахлоқий ва ҳуқуқий муносабатларни қамраб олишини билдиради”2. Демак, PRдаги этика бошқа соҳадаги этикадан маълум даражада фарқланади. Яъни, жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходими жамоатчилик фикрини шакллантириш пайтида муайян турдаги ахборотни бошқариш жараёнида намоён бўладиган ахлоқий фазилат ва муносабатлар PR этикасида кузатилади. Бу ўринда маълумотлар тўплаш, уларни саралаш ва ишлов бериш, жамоатчиликка етказиш усулларини танлаш жараёнлари таҳлил этилганда одамларнинг ҳаққоний ижтимоий тенглиги, бир-бирига эътиборли муносабатлари – жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходими фаолиятининг асосий принципларидан ҳисобланади.

Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти ва жамоатчиликни ташвишга солаётган, ўйлантираётган ҳар қандай муаммоларни ҳис эта билиши керак. Ана шунда ахборот хизмати жамоатчилик фикрини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин. Зеро, ахборот хизмати ходими тўғри фикр билдириши ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилиши кераклигини назариётчилар эътироф этадилар. Мутахассислар фикрича, ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларни касбий тамойиллар даражасига кўтариш зарурати PR «хизмати фаолиятининг предмети – ахборот айирбошлашнинг уйғунлашуви – бевосита ўз ичига инсонга хос ахлоқий ва ҳуқуқий муносабатларни қамраб олишини билдиради»3. Демак, PRдаги этика бошқа соҳадаги этикадан маълум даражада фарқланади. Жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходими жамоатчилик фикрини шакллантириш пайтида муайян турдаги ахборотни бошқариш жараёнида намоён бўладиган ахлоқий фазилат ва муносабатлар PR этикасида кузатилади. Бу ўринда маълумотлар тўплаш, уларни саралаш ва ишлов бериш, жамоатчиликка етказиш усулларини танлаш жараёнлари таҳлил этилганда одамларнинг ҳаққоний ижтимоий тенглиги, уларнинг бир-бирига эътиборли муносабатлари – жамоатчилик билан алоқалар соҳаси ходими фаолиятининг асосий принципларидан ҳисобланади. PR ходими ўз ташкилоти, жамоатчилиги ва кенг аудиторияни ташвишлантираётган муаммоларни ҳис эта билиши керак. Аслини олганда, нафақат инсон PR фаолиятини ташкил этади, балки, пиар фаолияти ҳам инсонни шакллантиради. Зеро, PR ходими тўғри фикр билдириш ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилиши кераклигини назариётчилар эътироф этадилар.

Жамоатчилик билан алоқалар борасида ахлоқ қанчалик муҳим ўрин тутишини қатор кодекслар мисолида ҳам кўриш мумкин. Халқаро паблик рилейшнз ассоциацияси (ХПРА), Халқаро бизнес коммуникациялар ассоциацияси (ХБКА), Паблик рилейшнз Европа конфедерацияси (ПРЕК), Халқаро паблик рилейшнз ташкилоти (ХПРТ) ва бошқа ташкилотлар ҳужжатларида айнан PR этикасига оид фикрлар ўрин олган.

1974 йилда Европа Паблик рилейшнз ассоциацияси БМТ ҳузуридаги иқтисодий ва ижтимоий кенгаш маслаҳатчи органи сифатида қайд қилинган. 1955 йилда ташкил этилган Паблик рилейшнз халқаро ассоциацияси (IPRA)нинг 1961 йилда қабул қилинган «Касбий фаолият кодекси», 1978 йилда PR Конфедерацияси Бош Ассамблеяси тасдиқлаган ҳамда 1989 йил 13 майда ўзгартиришлар киритилган «PRда одоб-ахлоқ қоидалари Европа Кодекси (Лиссабон Кодекси)», 1965 йилда қабул қилинган ва 1968 йилда баъзи ўзгартишлар киритилган «Афина Кодекси»да, шунингдек, Америка газеталари муҳаррирлари жамияти (АГМЖ) «Тўғрисўзлик ва аниқлик Кодекси», АҚШдаги давлат матбуот хизматлари ходимлари миллий ассоциацияси (ДМХМА) «Ахлоқ Кодекси»да PR ахлоқий мезон ва меъёрлари ўз аксини топган.

Бундай Кодекслар орасида 1978 йилда қабул қилиниб, 1989 йил 13 майда ўзгартиришлар киритилган «PRда одоб-ахлоқ қоидалари Европа Кодекси (Лиссабон Кодекси)» алоҳида ўрин тутади. Public Relations Конфедерацияси Бош Ассамблеяси тасдиқлаган бу ҳужжат PR ахлоқий меъёрларини белгилашда кенг қамровли эканлиги билан ажралиб туради. Унинг 1-пункти шундай бошланган: «Ушбу Кодекс талабларига жавоб берувчи ва миллий ассоциациялар қоидаларига бўйсунувчи ҳар бир профессионал аъзо PR амалиётчи мутахассиси ҳисобланади (қуйида «амалиётчи» деб ўқинг) ва Кодекс доирасида фаолият олиб боради»4. Бунда PR амалиётчисининг фаолияти муайян ахлоқ доирасида амалга ошиши ойдинлашади.

Кодекснинг 2-пунктида «PR амалиётчиси ўз профессионал фаолияти давомида «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси»да кўрсатилган ахборот олиш ҳуқуқини берувчи эркин сўз ва эркин матбуот тамойилларини ҳурмат қилиши керак»лиги таъкидланади. Эътиборли жиҳати, PR амалиётчисининг меҳнати ОАВ фаолияти билан узвий боғлиқ эканлигини кўрсатади. PR ходимидан матбуот тамойилларини эътиборга олиш талаб этилмоқда.

Кодекснинг 3-пунктида «PR амалиётчиси профессионал фаолиятида адолатли эканлиги, интеллектуал салоҳияти ва бетараф эканлигини кўрсатиши даркор. У айниқса янглиштирувчи, ёлғон шарҳ ё ахборотдан фойдаланмаслиги шарт. Амалда ушбу Кодексга зид бўлган усулларни қўллашдан эҳтиёт бўлиши лозим»5 деб кўрсатилган. Шу ўринда PR субъекти ўзи ахборот олиш ва тарқатиш билан шуғулланувчи шахс эканлиги ҳам намоён бўлмоқда.

Ушбу ҳужжатнинг 4-пунктида «PR ҳаракатлари очиқ-ойдин олиб борилиши керак; улар осон уқиб олиниши, манбаси аниқ бўлиши ва учинчи шахсларни чалғитмаслиги керак»лиги6 уқдирилади.

Кодекснинг 5-пунктида белгиланган қоидалар ҳам эътиборга молик. «PR амалиётчиси ўзга касб ва ижтимоий алоқаларнинг бошқа соҳаларга тегишли бўлган қоидалар ва усулларни унинг касб этикасига қанчалик мослигини англаган ҳолда ҳурмат қилиши шарт. PR амалиётчиси давлатда амал қилаётган қонунларни ҳурмат қилиши, миллий одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши ҳамда шахсий рекламага интилишда вазмин бўлиши талаб этилади»7.

Шу ўринда Кодекснинг айрим пунктларига эътибор қаратиш зарур. Яъни, 15-пунктда «Жамоатчилик вакилларини алдашга қаратилган ҳар қандай ҳаракат таъқиқланади» деб кўрсатган ҳолда ҳужжат хотимасида «Кодекс бузилишига йўл қўйган амалиётчининг ўзи уни бузган»8 деб ҳисобланиши қайд этилган. Ахлоқ меъёрлари PRнинг равнақ топишига хизмат қилар экан, ҳар хил жамият гуруҳлари билан ОАВ мулоқоти – пиар ташкилотининг вазифаси»9 бўлиб қолади.

Бундай ахлоқий қарашлар азалдан ўзбек журналистикаси тарихида ҳам кўплаб учраши эътиборга молик. Ўзбек шоирлари орасида биринчи публицист сифатида машҳур бўлган Фурқатнинг қатор мақолаларида ҳам ана шундай илғор ғоялар илгари сурилган: «Газет муаллифиға керакким, инсофпеша ва ростандиша бўлғай. Нолойиқ ва номуносиб сўзларни газетга солмағай ва ёзғон каломидин газет ўқуғучиларға нафъ ва фойда ҳосил бўлғай…»10

Ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларнинг асл пойдевори одоб-ахлоқ меъёрлари билан ўлчанар экан, уни ўзаро муносабатлардан тортиб, ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам кузатиш мумкин. PR амалиётида муҳим ўрин тутадиган ахлоқ меъёрлари алоҳида Кодекс ва бошқа ҳужжатлар билан белгиланганини эътироф этган ҳолда амалда ундан самарали фойдаланиш бу соҳани дунё миқёсида ривожлантиришга хизмат қилади.

Ошкоралик, ҳақиқат, самимийлик бўлган жойдагина PR мулоқотга ва ўзаро ишончга эришиши мумкин. PR – давлат ташкилотлари, қонун чиқарувчи ҳамда ижро ҳокимияти ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Инглиз олими Сэм Блэк таъбири билан айтганда: «Паблик Рилейшнз – аниқ, ҳаққоний ахборотларга асосланган, ўзаро бир-бирини тушуниш тўғрисидаги фан ва санъатдир»11.

Бу борада назариётчи В.Корольконинг шундай сўзлари бор: «PRни хўжакўрсинга ташкил қилмаслик керак»12. Ҳар қандай йўл билан ўзларига яхши шароит яратиш учун халқни алдаш ва омма ишончини суиистеъмол қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Муаллиф фикрича, “жамиятни қандайдир маълум бир муддат давомида алдаш мумкин. Бирон-бир қисминигина узоқроқ алдаб юриш мумкин. Бутун жамиятни ҳар доим алдаб юриш эса ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган»13. Амалий жиҳатдан олиб қаралганда, қайсики соҳада бўлмасин омма ишончини суиистеъмол қилиш қандай салбий оқибатларга олиб келгани сир эмас.

Е.Пашенцевнинг таъкидлашича: «Паблик рилейшнз – ташкилот ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган муносабат, бир-бирини англашга хизмат қиладиган муттасил ҳаракатдир»14. Бу фикрлар хилма-хиллиги PRнинг қамрови нақадар кенглигидан далолат беради.

Ҳар бир соҳанинг аввало мақсад ва вазифаларини ўрганиш талаб этилади. PRнинг биринчи ва асосий мақсади – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлса, бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини тўғри шакллантириш ва бошқаришдир15. У ташкилотлар ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатади. Бундай алоқа фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади. Ҳар бир ташкилот ва муассаса фаолияти халқнинг сиёсий, иқтисодий, маърифий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шарт. Шу ўринда ҳам PR ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтирган ҳолда самарали натижаларга эришишга хизмат қилади.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим шартларидан бири – икки томонлама фикр эшитиш. Фикр бир тарафдангина айтилса, у моҳиятан – бирёқлама, қолаверса, тарғибот бўлиб қолади. PR амалиётида ташкилот вакилларининг жамоатчилик фикрини тинглаб, хулоса чиқариши муҳим ўрин тутади. Бу, кўпдан кўп фикр чиқади, деган нақлга мосдир.

Ташкилот ва журналистларнинг жамоатчилик билан муносабатлари, фикр алмашишлар жараёнида назарий асосларга ва одоб-ахлоқ меъёрлари PR талабларига мос равишда амалга ошиши ушбу амалиётнинг дунё миқёсида кенг тарқалишига, жумладан, Ўзбекистонда ҳам равнақ топишига ёрдам беради.

Ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларнинг асл пойдевори одоб-ахлоқ меъёрлари билан ўлчади. Уни ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам кузатиш мумкин. PR амалиётида муҳим ўрин тутадиган ахлоқ меъёрлари алоҳида Кодекс ва бошқа ҳужжатлар билан белгиланганини эътироф этган ҳолда амалда ундан самарали фойдаланиш бу соҳани дунё миқёсида ривожлантиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда тўпланган маълумотлар PRда хуқуқ ва этика ўртасида чегара ўтказиш жуда қийин эканлигини кўрсатади. Бу ҳолат кузатилишига сабаб шуки, этика – ҳуқуқнинг асосий таркибларидан бири ва шунингдек ҳуқуқий меъёр кундалик ҳаётда этикага ўтиб кетади. Аммо PRнинг ҳуқуқий ва ахлоқий асослари тушунчаси мавжуддир.

Аввало, ҳуқуқий меъёр деганда – давлат жорий этган ва ҳар бир фуқаро амал қилиши, бажариши керак бўлган қонун, ҳуқуқ меъёрлари акс эттирилган ҳужжатларга – Конституция, қатор қонунлар, кодекслар, фармойишлар киради. Қонунни бажармаслик эса ҳуқуқий демократик жамиятда – жиноят қилиш билан баробардир.

Айтайлик, журналистика – ижодий соҳа. Бироқ, у ҳам қонунларга, ҳуқуқий меъёрларга асосланади. Журналистика соҳасига бевосита тааллуқли бўлган қонунлар мавжуд. (Бу масалада “Ахборот хизматининг ҳуқуқий асослари” мавзусида атрофлича фикр юритилди).

Журналистикани жамоатчилик билан алоқаларсиз тасаввур этиш қийин. Жамоатчилик билан алоқалар журналистикада энг яхши, қулай ва самарали алоқалардан ҳисобланади. Шу боисдан “Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари Хартияси”, “Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари журналистларининг ахлок-одоб кодекси”да (иловага қаранг) белгиланган ахлоқий меъёрлар бевосита ташкилотларнинг ахборот хизматларига ҳам тааллуқлидир.

Ахборот хизмати ходими пухта билимга эга бўлиши лозим. Бу билимлар (у ўқиши зарур бўлган адабиётлар) орасида донишмандларнинг одоб-ахлоққа ва маънавиятга оид асарлари ҳам алоҳида ўрин тутиши зарур. Зеро, инсоний фазилатлар, ширин сўзлар ва ёқимли одобу ахлоқ билангина инсонлар қалбига йўл топиш, шу тариқа жамоатчилик билан алоқаларни тобора ривожлантириб бориш мумкин.

 ________________________________________________________________________

1 .Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. 33-35-б.

2 Реклама и связи с обшественнотью. 2-қисм. 88-б.

3 Реклама и связи с обшественностью. 2-част. –М.: Дело, 2000. –С. 88.

4 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 306-311.

5 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 306-311.

6 Ўша манба. –Б. 307.

7 Ўша манба. –Б. 308.

8 Ўша манба. –Б. 310.

9 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 311.

10 Фурқат. Газет муаллифиға. //Туркистон вилоятининг газети, 1905 йил 6 апрель.

11 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 10.

12 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2001.–С. 11-12.

13 Ўша асар. –Б. 12.

14 Пашенцев Е.Н.Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. –М.: Р.Бук. 2001. –С. 5.

15 Қаранг: Мўминов Ф.А.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.–С. 83.

You may also like...

30 Responses

  1. Ҳақиқатдан ҳам жамоатчилик билан алоқалар – жамоатчилик фикрини ҳурмат қилган ҳолда кўп жиҳатдан унга боғлиқ бўлиб, уни шакллантиради. Жамоатчилик билан алоқа дегани бу халқ билан алоқа дегани. Халқ билан давлатни ўтасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш учун Ахборот хизматлари фани бизга ўтиляпти.Шу сабабли мазкур ўтилаётган дарсларда фаол қатнашиб ўзимга керакли бўлган маълумотларни олишни лозим деб хисоблайман.

  2. Жамоатчлик билан алоқаларни халқни энг олдида турувчи касб эгалари ўрнатади. Бу албатта журналистлардир. Чунки журналистикани жамоатчилик билан алоқаларсиз тасаввур этиш қийин. Жамоатчилик билан алоқалар журналистикада энг яхши, қулай ва самарали алоқалардан ҳисобланади. Маърузани ўқиб чиқдим ва ўзимга керакли бўлган маълумотларни олдим.

  3. Axborot xizmati xodimining muomala madaniyatI va bilim salohiyatining yuqoriligi bilan boshqalarga o’rnak bo’la olishi uning jamoatchilik bilan aloqalarini yanada rivojlantiradi.

  4. Haqiqatdan ham odob axloq zamirida katta ma’no yotadi. Inson qalbiga kirib borishning birinchi yo’li shirin so’zdir. Nafaqat davlat organlarida ishlagan xodimlarga balki oddiy xalqqa ham axloq birinchi o’rinda turishi lozim deb o’ylayman.

  5. Axborot xizmatlarida faoliyat yuritish har qanday jurnalistdan kuchli bilim,malalaka va yuksak saviyani ,qolaversa, boshqa matbuot sohalaridan ancha tezkorlikni ham talab qiladi.Bundan tashqari jurnalistda huquqiy ong bilan birgalikda,o’z axloqiy meyyorlarga odobi xulq-atvori ham yetarli darajada bo’lishi lozim.Shundagina o’z xizmatini bir maromda ado etoladi.

  6. Jurnalist xalq bilan hokimiyatni o’rtasida ularni bog’lab turuvchi inson hisoblanadi…. Shunday ekan jurnalist doimo jamoatchilik fikrini o’rganib harakatda bo’lishi shart.

  7. Har kim go’zal xulqqa ega bo’lishi kerak. Ammo jurnalistlar, xususan, axborot xizmati xodimlari axloq mustahkamligiga ikki barobar mas’uliyatli bo’lishlari shart. Negaki biz o’zimiz ishlayotgan tashkilotning yuzi, obro’si, atrofdagilar uchun namunasi hisoblanamiz.

  8. Axborot xizmati xodimlari jamoatchilik bilan ishlaydi. Xalq va hukumat o’rtasidagi munosabatlarda bevosita ishtirok etadi ular eng avvalo o’zlari axloq me’yorlariga amal qilishlari shart. Chunki xalq ko’p narsani OAVdan o’rganadi namuna oladi. O’zi axloqan yaxshi bo’lmasa unday insondan kerakli va yaxshi mutaxassi chiqishi mumkin emas.

  9. Assalomu alaykum!
    Axborot xizmatlarida faoliyat yuritayotgan xodim haqiqatdan ham axloqan yetuk bo’lishi lozimdir. Chunki bunday faoliyatning asosini xalq bilan o’zaro aloqa tashkil etadi. Shunday ekan axloqiy me’yorlarga amal qilish muvaffaqiyatlar kalitidir.

  10. Har qanday buyuklik, san’at ham axloqqa asoslanmas ekan men uni tan olmayman. Chunki inson fazilatlarining asosi bu axloqdir.
    Jurnalist bu avvalo madaniyat demakdir.

  11. Buvrabayev Abdullo:

    O’zini xurmat qilgan insongina o’zgalarni ham xurmat qila oladi. Bu tushuncha o’zida bo’lmagandan keyin boshqalarni xurmat ham qilmaydi. Ommaviy aloqalarda samimiylik va xurmat ko’rsatish eng asosiy fazilatlardan deb bilaman. Ommaga oddiylik samimiylik va xurmat yoqadi, o’zi bunday o’ylab qarasak insonlarga shundan boshqa yana nima kerak? O’ylaymanki hich nima!

  12. Matbuot xizmati hodimlari enf avvalo ijobiy hislatlarga ega bo’lishi zarur. Xalq bilan muloqot qilganda ularda ijobiy taasurot uyg’otadi. Ijobiy fazilatlar mulo

  13. Matbuot xizmati hodimlari enf avvalo ijobiy hislatlarga ega bo’lishi zarur. Xalq bilan muloqot qilganda ularda ijobiy taasurot uyg’otadi. Ijobiy fazilatlar muloqot jarayonida matbuot kotibining samarali muloqotini ta’minlaydi.

  14. Imij eng avvalo ijobiy bo’lishi kerak. Matbuot kotibining imiji bu uninggina emas, balki tashkilot imijidir. Tashkilot nomidan ish olib boradigan shaxs fazilatlari ijobiy bo’lishi zarar, hattoki muloqoqt jarayonida o’zining mavqesini ham xalq darajasida bilib, xalq bilan birgalikda fikrlashi zarur. Prezidentimiz Shavkat Miromonovich Mirziyoyev xalqqa murojat etganida xalqdan olib uni amaliyotda qo’llaydi. Bu esa rahbarning xalqni tinglashi va xalq dardidan xabardorligini bildiradi.

  15. Axloqiy madaniyat barcha sohaning samarali quroli hisoblanadi. Axborot xizmati xodimlari avvalo o’zini va o’zgalarni hurmat qilishi va asosiysi muomala madaniyati yuqori bo’lishi lozim. Shu bilan birga psixolog kabi fikrlashi kerak.

  16. Axborot xizmati xodimi o’z mutaxasssisligini kuchli bilishi bilan bir qatorda etika va estikada ham barchaga namuna bo’la olishi lozim.

  17. Javodxonning psixolog kabi fikrlashi kerak degan fikriga qòshilaman. Har kim ham ichidagini ochiq-oydin ayta olmaydi. Suhbatdoshingiz nima demoqchi ekanligini bilishingiz ham òz sohangizda tuqori chòqqilarni zabt etishga yordam beradi. Yana shuni qòshimcha qilgan bòlardimki, gapiryotgan vaqtda òrtaga suqulish juda yomon odat.

  18. Axborot xizmatlarida ham jurnalistikaning har bir turida axloq qoidalqr birinchi o’rinda bo’lsagina biz xalqning oldi bo’la olamiz. Har bir sohadaxushmuomalalik kasbning yutug’idir. Jurnaliatikadan boshqa soha vakillari masalan shifokorlar,hamshiralar bank hodimlarida ham kasb etikasi,axloq qoidalarini joriy etish kerak deb o’ylayman.

  19. Muhammadali MAMADALIYEV:

    Axloq. Etika. Estetika. Bular haqida ko’plab gapirish mumkin. Lekin unga amal qilinsa, ko’plab gapirishning xojati qolmaydi.
    Arastu. Aflotun. Farobiy. Ibn Sino. Ushbu mutafakkirlarning fikrlarining avvali axloq haqida. Mayli, bu tarix, kecha bo’la qolsin.
    Bugun-chi? Axloq. Odob. Bular haqida gapirilsa “Aql o’rgatma” degan javobni olamiz. Ob-bo aqllilar-ey. Buncha aqlni qayerdan olgan ular, vaqtni-chi?
    Axborot xizmati sohasida ishlayotgan har bir mutaxassis, tashkilotchi, nainki, sohada aloqador barcha kishilar, avvalo, axloq qoidalariga amal qilsa, so’ng ushbu mavzuni o’qib Axborot xizmati faoliyatida axloqiy me’yorlarga amal qiladi, tushunib yetadi. O’shanda o’z aqlini anglab yetadi. Ana shunda aqllilarga aylanadi. Zero nazardamas, amalda bo’lmog’i lozim, nazarimda.

  20. Axlo va odob nafaqat axborot xizmati vakillariga, ba’lki barchamizga juda kerak fazilatlar hisob lanadi. Axloqi yaxshi bòlgan insonlar bu hayotda juda ham kòp yutuqlarga erishganini va juda ham kòp jarliklar qoshidan qòrqmay, qaddi bukilmay, vlboshi baland òtganini kòrdim. Bugun odobli, axloqli bòlish deganda bir nuqtada qotgancha yerga qarab òtirish kerak degan fikrdan yiroq bòlishimiz kerak. Zero, har bir tashlagan qadamimiz bizni òz maqsadlarimiz sari yaqinlashtiradi. Faqat òsha qadamlarni bilib, òylab boshis kerak deb òylayman. Jurnalist yoki axborot xizmati xodimlariga ham bu fazilatlar juda kerak.

  21. Jurnalist axloq jihatidan ham bilim jihatidan ham xalqqa o’rnak bo’lishi kerak.

  22. Jumamurodova Muyassar:

    Darhaqiqat, axborot xizmati faoliyatida axloqiy me’yorlar muhim o’rin tutadi. Bu xislat bo’lmas ekan, ijobiy natijaga erishib bo’lmaydi.

  23. Bugun teleboshlovchilarning hammasi ham jurnalis emas. Ammo, ularning efir vaqtida òzini tutishi, har turdagi liboslari xalqqa yoqmasa, malomat toshlari jurnalistlarfa yoģdiriladi. Jurnalist uchun muomila, axloq tushunchalari doimo birinchi òrinda bòlishi kerak.

  24. Bugun ba’zi bir xalq e’tiboriga tushgan insonlarga qarasangiz,kibru-xavo manmanlikka berilib ketgan.Ular vaqtida oddiyligi samimiyligi bilan insonlar qalbidan joy olishganini unitib quyishgan. Bugun faqat jurnalistlarda emas balki jamiyatimizdagi har bir kishida insoniylik fazilatlari bo’lishi kerak.

  25. Haqiqiy go’zal inson deb odobi taxsinga sazovor bo’lganlarga nisbatan ishlatiladu chunki uning odobi uning yuziga ham istara bag’sh etadi. Xuddi shunday axborot xizmati xodimining kishilarga ko’rsatayotgan xizmati uning faoliyat jarayonida ishbilarmonligi bilangina emas axloqiga qarab ham belgilanishi juda muhimdir.

  26. Гулшода Жуманиязова:

    Ошкоралик, ҳақиқат, самимийлик бўлган жойдагина PR мулоқотга ва ўзаро ишончга эришиши мумкин. PR – давлат ташкилотлари, қонун чиқарувчи ҳамда ижро ҳокимияти ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Бу борада малакали журналистларнинг хизматалири бекиёсдир.

  27. Axborot xizmati xodimidan talab qilinadigan birinchi vazifa bu uning muomala madaniyati,axloqiy fazilatlarining boshqalardan ustun bo’lishidir.

  28. Axborot xizmati xodimining axloqiy me’yorlarni bilishi va jamoatchilik bilan yaxshi aloqda bo’lishi bu o’zi xizmat qilayotgan tashkilotning nufuzi oshishiga xizmat qiladi.

  29. Har bir soha o’zining huquqiy, nazariy assoslari bilan bir qatorda etika normalariga ham ega. Shu jumladan Axborot xizmatlari sohasida ham odob -axloq normalariga amal qilish birinchi o’rindagi vazifadir. Sababi hurmat va odob-axloq bor yerda harakatda unum, ish-faoliyatda baraka bo’ladi.

  30. Axborot xizmatlarining ahloqiy me’yorlariga tayanib ish ko’rish muhim hisoblanib, bugungi kunda axborot xizmatlari ahloqiy me’yorga tayanib ish ko’rmoqda.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>